Линклар

logo-print

Москвада 10 июл куни ўзбек эстрадаси юлдузи Юлдуз Усмонованинг навбатдаги концерти бўлиб ўтди. Ўш ва Жалолободдаги воқеалар муносабати билан айтган қўшиғи бир кундаëқ хитга айланиб¸ шов-шувга сабаб бўлган айни кунларда ўтган бу концерт аншлаг бўлди.


10 июл куни Москвада ўзбек эстрадасининг энг машҳур қўшиқчиларидан бири, «ўзбек поп мусиқаси қироличаси» Юлдуз Усмонова концерти бўлиб ўтди. Россия пойтахтида фақат бир кунгина берилган бу концерт катта шов-шув билан ёпилган “Черкизово” бозори ёнидаги Россия Давлат жисмоний тарбия университетининг концерт залида бўлиб ўтди.

Чипталар нархи 500 рублдан 3000 рублгача сотилган бу концертга¸ ташқарида турган машиналар номеридан¸ нафақат Москва ва Москва вилояти, балки Россиянинг бошқа ўлкаларидан ҳам мухлислар келганини кўриш қийин эмас эди.

Охирги кунларда Москвада ўрнатилган жазирама иссиқ ҳаво бу тадбирга ўзбекча ёз кайфиятини бағишлади. Танаффуссиз 2,5 соат давом этган концерт дастурини оқ гул қистириб чиққан примадоннанинг ўзи бошлаб берди. Қўшиқчи ҳар сафар ўзининг саҳна образига мувофиқ равишда янги либосда чиқди.

Мухлислар билан зич тўла залга қараб, эшитилаётган ўзбекча ғала-ғовурдан концертнинг гўë Ўзбекистонда ўтаëтган каби тасаввур қилиш мумкин эди.

Юлдуз Усмонованинг ашаддий мухлисларидан бирини суҳбатга тортамиз:

- Биз Мўйна шаҳрида яшаймиз. Бу ерда чеварчилик қиламиз 5 йилдан бери. Биз қирғизистонликлар номидан концертга келиб жуда хурсандмиз, Юлдуз опамиздан миннатдормиз, тан-жонлари соғ бўлсин. Умрбод мухлислари бўлиб қолишимизни хоҳлаймиз, дейди қирғизистонлик мухлис аëл.

Қорамағиз ўзбек-тожиклар орасида малласоч хонимга кўзим тушади. Екатерина исмли бу қиз Шарқ рақс санъатига қизиқиши¸ “биладиган одамлар” ўзига Юлдуз Усмонованинг раққосалари энг ажойиб эканлигини айтишганларидан сўнг концертга келганини айтади.

- Менга қўшиқчи Юлдуз Усмонованинг ўзи жуда ёқди. Ўзини тутиши, қўшиқ айтиши... Шарқ аёли учун у жуда ҳам ўзини эркин тутиши қойил қолдирди. Мухлислар билан тил топиши, рақсга тушиши..умуман юқори даражали профессионал эканлиги кўриниб турди, деди Юлдузхонимнинг янги мухлисаси москвалик Екатерина.


Концертда ерга игна тушгулик ҳам жой қолмади.
Бу аёл қўшиқчи ва раққосаларнинг ажойиб санъатидан ташқари унинг эътиборини залдагилар ҳам тортганини гапиради:

- Мен худди бошқа бир дунёга тушгандек бўлдим.. Ўзбеклар тўғрисидаги тасаввурларим тамоман ўзгача эканлигини билдим.. Бир томондан ёнимда ҳижоб кийган аёллар, бошқа томонимдан эса ярим-яланғоч кийинган аёллар ҳам битта маданият вакиллари эканидан, аёлларингиз эркакларга нисбатан анча “жанговарроқлиги” ва керак бўлса мушт билан ўз ўрнини эгаллаб олиши мумкинлиги таажублантирди. Бир оғиз эркаклар ҳақида: эркакларингиз бу даражада қўшиқ ва рақсни севишини билмаган эканман. Гап йўқ! Охирги ҳайрон қолдирган нарса: залдаги ёш болаларнинг ва концерт тугаганидан кейинги ахлатнинг кўплиги ҳам таажублантирди, дея ўз таажжублари билан ўртоқлашди Екатерина хоним..

Дарҳақиқат, концертда дилни хира қилувчи айрим ҳоллар¸ хусусан ўтирганларнинг ўрнидан турганлар билан олишишлари, томошабинларнинг саҳнага чиқиши-ю, гулни топшириб севимли қўшиқчиси билан бирга оилавий фотосуратга тушишлари бўлди.

Концертда рақсга тушиб кетган икки йигит Юлдуз Усмоновага ўз тилакларини билдиришни истади:

- Мени исмим Йўлдошев Анвар. Москва шаҳрида Медицинский институтда 2 курсда ўқийман. Ман Юлдуз опанинг ашаддий муҳлисларидан бўламан. Унинг қўшиқлари ҳаётдан олинган. Севги қўшиқлари, ҳаётда қийналганлар тўғрисидаги қўшиқлар...Мен бу инсонга бахт, омад тилаб қоламан.

- Ўзбек аёллиги учун, Нодиранинг авлодидан бўлганлиги ва адолатсизликка қарши қўшиқлари юрагидан отилиб чиқиши учун яхши кўраман бу қўшиқчини. Шунинг учун доимо ҳам хурсандчиликда, ҳам хафачиликда қўшиқларини тинглаймиз! дейди Озодлик микрофонига гапирган ўзбек Юлдузининг шинавандалари.

Сўнгги қўшиқ сифатида гимнга айланган “Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!” қўшиғи янграши билан бутун зал оёққа туриб қўл кўтарган ҳолда қўшиққа жўр бўлди. Кўзига ёш олиб айтганлар ҳам бўлди.

Айни пайтда¸ концертда Юлдуз Усмонованинг Ўш ва Жалолободдаги қирғин ҳақида айтган янги қўшиғи янграмади. Ўзбекларнинг қанчалар олқиш ва таҳсинига сазовор бўлган бўлса¸ қирғиз жамоатчилигининг шунчалик эътирозига сабаб бўлаëтган бу қўшиқ¸ бир куннинг ичидаëқ You.Tube.com сайти орқали ўн минглаб мухлисларга тарқаган ва ҳит ашулага айланган эди.

Концертдан сўнг бўлиб ўтган қисқа мулоқотда Юлдуз Усмонова бу қўшиқни концертда айтишга кўп ҳам ҳожат қолмаганини айтади.

- Айтилган гап- отилган ўқ, етади ўша. Бу ўзларининг иши. Менинг қўшиғим кимнидир бефарқ қолдирмаган бўлса, мен қўшиғим таъсир этаётганидан хурсандман. Ўладиган дунёда яхши тарих қолдириш керак. Кўряпсизми, ўзбек қаерга борса уни маданияти эски, истасак-истамасак уни қабул қилишимиз керак. Я думаю что надо дружить! дейди Юлдуз Усмонова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG