Линклар

logo-print

Эркин микрофон - Ўшда тўполон тинчиган, аммо одамлар ҳамон нобуд бўлаяпти

  • Абдулла Искандар

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Отхонадаги зачистка пайтида олиб кетилган ва сўроқ пайтида калтакланиб, ўласи қилингани айтилаëтган ўшлик йигитни бугун дафн қилинди, дейди ўшликлардан бири Озодлик билан суҳбатда.

Шерободда пишиқчилик ва қимматчилик

дейди саратонда қовун-тарвузни қимматга олганидан оғринган шерободлик 50 яшар тингловчи.

- Акажон¸ аҳволларингиз яхшими? Тинчми?

Озодлик: Ўзингиз яхшимисиз?

- Акажон¸ шароит оғир-да. Иш йўқ. Нима қилсак экан? Муаммо ҳамма нарса қиммат. Буғдойлар ошиб кетган¸ ун 35 мингга чиқиб кетди.

Озодлик: Қаердансиз?

- Шерободнинг ўзидан.

Озодлик: Нима иш қиласиз?

- Иш йўқ. Ўғлим Россияда. Мен ўзим 50 дан ошганман.

Озодлик: Қандай ëрдам истайсиз? Кимдан нима истайсиз?

- Катталар завод ва фабрика қурса, ишласак дейман. Ҳамма нарса қиммат. Осмонга чиқиб кетаяпти.

Озодлик: Нима неча пул?

- Шерободда ҳозир пишиқчилик. Буғдой 400-450 сўм¸ ун 26 минг эди, ҳозир 30 мингга чиқиб кетди.

Озодлик: Қовун-тарвузчи?

- Бозорда тарвуз 2000-2500 сўм. 1500 сўмга бермайди. Қовун ҳам 1500-2000.

Озодлик: Мана пишиқчилик ва қимматчилик, деяпсиз. Нимага шунақа экан?

- Буғдойларни бажариб қўйибди район. Лекин бозорда буғдой 450-500 сўм. Мана ҳозир унлар ҳам 30-35 мингга чиқиб кетди¸ дейди шерободлик тингловчимиз.


Отхонанинг яна бир қурбони Ўшда дафн қилинди

Отхонадаги зачистка пайтида олиб кетилган ва сўроқ пайтида калтакланиб, ўласи қилингани айтилаëтган ўшлик йигитни бугун дафн қилдик¸ дейди ўшликлардан бири Озодлик билан суҳбатда.

- Мен Калинин кўчаданман. Исмимни айтишим шартмасдир. Ўш шаҳри Калинин кўчасидан. Отхонанинг олдида. Маҳалламиздан бир болани ҳарбийлар олиб чиқиб кетган эди.

Озодлик: Қачон олиб чиқиб кетган эди?

- Тахминан 10 кун бўлди. Бугун ўн биринчи кун шекилли. Олиб чиқиб кетган куни эрталаб соат 5 да олиб чиқиб кетган. Ўша куни обедларга яқин ўзимизнинг шаҳар касалхонасига ташлаб кетибди. “Бу бола ГОВДнинг томидан ўзини ташлаб юборди” деб эшикнинг тагига ташлаб кетган экан. У миясидан икки марта операция бўлди. Кеча бу боланинг жони узилди. Бугун қўйиб келдик. Ҳозир дафн қилиб, уйга келиб ўтирган жойим эди.

Озодлик: Сизнингча, ўзи нима бўлган?

- Бу ерда калтакланган. Бизга моргдан заключениени ҳам бермабди. Касалхонадан ҳам заключение бермабди. “Анализ чиққандан кейин берамиз”, деган экан. У ерда ортиқча калтакланган.

Озодлик: Бу боланинг исми-шарифи¸ туғилган жойларини¸ ëшини айтинг.

- Ëши 20 да. 1990 ëки 1991 йил бўлиши керак. Исми Хайрулла Омонбоев. У боланинг озгина айби бўлса ҳам ачинмасдик. Ҳеч қанақа айби йўқ эди. 10 кун касалхонада ëтди. Кеча ўлигини беришди. Олиб чиқиб¸ бугун мана қўйиб келдик. Ҳамма ëғи кўкариб кетган. Елкаларига¸ қовурғаларига¸ оëқларига чўғлар босганми ëки ток билан қийнаганми - билмадим¸ дейди ўшлик суҳбатдош.


Полиз қўриқчиси

Ўш давлат университетининг талабаси Қирғизистон янги президентининг самараси полиздаги қаратқи қўғирчоқникидан кўп эмаслигини айтади.

- Ўшнинг Аравон районидан Беҳзод. Ўш давлат университетида ўқийман.

Озодлик: Неча ëшдасиз?

- 21. Мисол учун, сиз далага экин эксангиз¸ қушлар еб кетмаслиги учун қўғирчоқни қўйиб қўясиз-ку. Ўшандай гапда бу Ўтунбаева. Ўтунбаевани олиб чиқиб қўйганлар ундан қўрқмайди. Ундан бесўроқ иш қилаверади. Ўш билан Жалолободдаги воқеаларга келадиган бўлсак¸ бу тозалаш-да. Шаҳарни тозалаб¸ мана айтаяпти ҳозир Бекназаров янги уйлар қуриб кўп қаватли¸ балога қолган учинчи куч Қодиржон Ботиров экан. Қодиржон Ботиров бу ўзбекларнинг ҳуқуқини талаб қилиб чиқди. Мисол учун, АҚШнинг Техас штатида испан тили ҳам расмий тил¸ инглиз тили ҳам. Нимага энди биз ўзбек тили десак, бунақа бўлади? Буни келтириб чиқарган Бекназаров билан Ўшнинг мэри Мэлис-да. Шу иккаласи деб ўйлаймиз биз¸ дейди Ўш давлат университетининг талабаси.


Тўққиз ҳўкиз ҳикояси

Абдулла Қаҳҳорнинг "Ҳўкиз" ҳикояси қаҳрамони Қобил бобо ўғирланган ҳўкизни топаман деб, мулозимларга икки ҳўкизнинг пулини пора қилиб беради ва оқибатда яна мулозимларга қарз бўлиб қолади.

Ғаллаоролдаги Тошбулоқ қишлоғидаги фермер Ибодулла аканинг тўққиз ҳўкизи ўз еридаги буғдойзорга кириб қолгани¸ мулозим таъмагирлар иштаҳасини карнай қилди¸ деб ҳикоя қилади ғаллаороллик Набижон ака.

- Абдулла Искандар¸ бир фермер келиб қолди менинг олдимга Ғаллаорол тумани Тошбулоқ қишлоғидан. Фермернинг исм-фамилияси Норматов Ибодулла. Бу фермернинг ўз даласига ўзининг тўққизта моли тушган экан яқинда. Шу тўққизта молни ҳоким кўриб қолиб: “Сен нимага бунақа қилаяпсан?” деб селсовет раисларини¸ участка нозирларини чақириб тўққизта молни олиб, ўша ерга қамаб қўйибди. Ҳокимнинг Дилшод деган ëрдамчиси бор. Кейин шу ëрдамчисини чақириб, ҳоким бояги ерни пайҳон қилган тўққизта молни район марказига олиб келтиртиради. Булар “10 сўтик жойни пайҳон қилган” деб акт тузади. Асад Маматов деган одам телефон қилиб, фермерни чақиради. Фермер район марказига келади. “Сенинг бу тўққизта молинг жуда ориқ экан. Бизга бир миллион 450 минг сўм берасанда¸ учтасини олиб кетасан” дейди. “Менинг пулим йўқ” деса¸ “Бўлмаса, сени жавобгарликка тортамиз” дейди ҳокимнинг ëрдамчиси Асад Маматов. Кейин фермер бечора қўрққанидан опасига телефон қилади. “Опа¸ бор пулингизни олиб келинг. Аҳвол шунақа бўлиб қолди” деса¸ опаси 850 минг сўм олиб келади. Кейин ўша ерда бир миллиондан ошиқ турадиган бир молини қассобга 750 мингга сотади. Кейин ҳокимнинг муовини билан ëрдамчисига бир миллион 450 минг пулни беради. Булар: “200 кило гўштнинг пулини берасан”, дейди. Шу билан учта молини ўзи билан қайтариб кетади. Битта молни 750 мингга сотади¸ бешта молни “Кам таъминланган оилаларга берилсин” деб ҳоким қарор чиқаради ва “Кам таъминланган оилаларга берилди” деб расмийлаштириб қўяди. Бу бечора фермер молини суриштириб биттасининг уйига борса¸ турган экан. “Бу менинг молим. Олиб кетаман. Сиз кам таъминланган эмассиз-ку. Уйингизда машинангиз¸ тўртта-бешта молингиз бор экан” деса¸ у одам “Мен бир ярим миллионга сотиб олдим. Бир ярим миллионни бергинда¸ молингни олиб кетавергин” дебди. Хуллас, бу одам 10 сўтик жой учун тўққизта молидан ажраб турибди¸ дейди Набижон ака Жўрабоев.

Ана шунақа. Фермернинг уйи куйса куйсину¸ аммо асло ҳўкизи буғдойзорга яқинлашмасин.

Яқинлаштирилмасин.

Бўлмаса, Ибодулла аканинг куни уларнинг ҳам бошига тушади.

********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG