Линклар

Тошкентнинг “Эски жува” – Чорсу бозорига туташ маҳаллалардаги одамлар бозор инфраструктурасини замон талабларига мослаштириш баҳонасида кўчирилмоқда. Бироқ кўчишга маҳкум этилган аҳолига шаҳар четидаги қуруқ ердан бошқа ҳеч нарса ваъда қилингани йўқ.

“Эски жува” бозорига туташ Қизилтут кўчасидаги 50 га яқин ҳовли бузилиши керак. Бу кўча бозордаги ҳунармандлар дўконларининг ортида жойлашган.

Қизилтутда яшовчи тошкентликларнинг айтишларича, айнан уларнинг уйлари ўрнидан автомобил йўли қурилиши реконструкция лойиҳасига киритилган. Шунинг учун уларга йил охиригача уйларини бузиб чиқиб кетиш талаби қўйилган. Бироқ Озодлик билан суҳбатлашган аёлга кўра, бошида бир-икки хонадонга кўп қаватли бинолардан квартира берилди, холос, бироқ бу ҳам тўхтаб қолди:

- Аввал бир-икки хонадонни рози қилишиб, дом беришган эди. Уларнинг уйлари бузилди. Бироқ кейин дом ҳам бермай қўйди. Шунга ҳеч ким кўчмай турибди, дейди Қизилтут кўчасида яшайдиган бу аёл.

Бошқа бир суҳбатдошимиз ҳам шу кўчада яшайди. Унинг айтишича, шаҳар четидаги Сирғали тумани ҳудудидан уларга 6 сўтихдан ер ваъда қилинган. Бироқ уларнинг янги уй кўтаришлари учун маблағлари ҳам имкониятлари ҳам йўқ ва товон пули ҳақида эса ҳеч ким гапирмайди :

Озодлик: Ало¸ ассалому алайкум. Ака, яхшимисиз? Мен журналистман. Исмим Садриддин. Сизларга нима ваъда қилинаяпти? Ерми¸ домми ëки ҳовлими?

- Бизга ер кўрсатаяпти. “Ер олгин, дом йўқ” дейишаяпти.

Озодлик: Уйларнинг товон пулини беришадими? Қанча беришмоқчи¸ умуман сизларни рози қилишаяптими?

- Мен ер олардим агар давлат ëрдам берганда.

Озодлик: Шунга ëрдам бермаяптими? Товон пули дегандай.

- Унақа нарсани гапиргани йўқ бизга.

Озодлик: Фақат ер кўрсатиб “уйингни бузиб кўчасан” деяптими?

- Шундай қуруқ ер берамиз, деяпти - бўлди. “Турган иморатингларни бузишга ëрдам берамиз. Машина берамиз. Олиб бориб берамиз ўша жойга”, деяпти.

Озодлик: Нечта хонадон шундай бузилишга тушган?

- 49 та дейишган эди.

Озодлик: Шундан бирортаси кўчдими ëки ҳаммаси турибдими?

- Кўчган бўлса¸ мана ҳозир гувоҳлар турибди¸ уч-тўртта хонадон бузилди - бўлди.

Озодлик: Сизларнинг талабларингиз қандай? Қанақа шароит бўлса¸ кўчишинглар мумкин?

- Ҳар кимнинг ўзини¸ энди асосан пул масаласи. Тайëр домни кўрсатишса¸ маъқул келса¸ кўчиб ўтса бўлади.

Озодлик: Сизларнинг хонадонларингизда нечта киши?

- Менинг ўзимнинг қўлимда ҳозир тўртта хўжалик бор. Тўртта хўжаликка тўртта дом бериши керак. Биз ҳозир ҳайрон бўлиб қолдик. Аросатда қолдик ҳозир. На бир иш қилишимизнинг тайини бор¸ на бир иш қилишимизнинг тайини бор. Иккиланиб қолдик¸ ҳайрон бўлиб қолдик. Ҳаëтдан четга чиқиб қолган одамдай бўлиб қолдик. Конкрет бир нарса йўқ-да. Келиб туриб, шартта қўлимизга калитни бериб: “Мана кўриб келинглар” дейдиган одам бўлмаяпти. Қиладиган ишимизни қила олмаяпмиз бизлар бу ерда. Кетамиз деб, нарсаларимизни йиғиштириб қўйганмиз. Ҳозир нима қилишга ҳам ҳайронмиз.

Озодлик: Ҳозир сизларга ер берса¸ қишгача уй солиб чиқа олмайсизлар-ку. Вақт ҳам етмайди-ку.

- Улгура олмаймиз-да бу нарсага. Бунинг учун бизга маблағ керак. Қуруқдан-қуруқ олти сўтих ер берадиган бўлса¸ чиқиб кета олмаймиз бизлар. Нимамизга қурамиз уни? Ким қуриб беради? Давлат томонидан ëрдам бўлиши керак. Уйимизни¸ тинчимизни бузгандан кейин бир нарса қилиб бериши керакда ахир¸ дейди Қизилтут кўчасида яшовчи Камолиддин ака.

Тошкент шаҳридаги Собир Раҳимов тумани ҳокимиятидан бу масалага муносабат олишнинг иложи бўлмади.

ЎзА ахборот агентлиги хабарига кўра, “Эски жува” бозорининг реконструкцияси сотувчи ва харидорлар учун қулай ва соғлом муҳит яратмоқда. Бироқ тошкентлик Жаҳонгир Шосалимовга кўра, “Эски жува” бозори реконструкцияси нафақат бозорга туташ маҳаллаларда яшовчи аҳолини саросимага солиб қўйди, балки жамоат манфаати учун хизмат қиладиган жойларнинг, катта лавозимларда ишлайдиган амалдорларга яқин бўлган пулдор одамлар томонидан эгаллаб олинишига йўл очиб берди. Оқибатда¸ Жаҳонгир Шосалимовга кўра, оддий одамлар учун янги ва янги муаммолар пайдо бўлди.

- Гулнора Каримовага тегишли Зарқайнар магазини Тошкент шаҳрига ниҳоятда катта транспорт қатновига катта зарар келтирди. Чунки машиналар айланма йўл билан ўтиб кетарди ва бозорга кириш осон бўларди. Ҳозир битта ўша сабабли катта бир Чорсуда катта автостанция ëпиқ ҳолатда. Арз-додни ҳеч кимга айтиб бўлмайди¸ дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Шунинг учун ҳам, Шосалимовнинг айтишича, бугун бозорга кириб-чиққан харидорнинг автобус бекатига етиб бориши мушкуллашди.

- Бозордан 200 метр нарида ГУМ бўларди эсингизда бўлса. ГУМ да тўхтайди автобуслар. 150 метр Хадрада тўхтайди. Циркда тўхтайди. Транспорт воситаси йўқ одамлар юкларини қўлида кўтариб боради. Енгил транспорти борлар ҳам ўз транспортига боргунча 300-400 метр юриши керак. Бу ҳам жуда ноқулай. Жуда ноқулайчилик бўлган. Хўжайинларга¸ раҳбарларга¸ ҳокимларга чиройли кўриниши мумкин бу фонтанлар билан. Бу фонтанларни фақат раҳбарлар келганда ишлатишади. Асосий оддий авом халққа турган битгани азоб-уқубат бўлди¸ дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Яна бир тошкентлик Шавкат ака ҳам бу муаммолар борлигини тасдиқлайди. Унга кўра, 2004 йилда “Эски жува” бозоридаги ёйма савдо нуқталари йўқ қилиниб, унинг ўрнига, автомобил пуллик тўхташ жойлари ташкил қилинган эди. Бироқ, Шавкат ака фикрича, бу жойлар ҳам кимларнингдир чўнтаги учун хизмат қилади.

- Масалан, биз катта кўчадан ичкарига кирадиган бўлсак¸ бозор-ўчар қилиб, халтада анча-мунча юкни ўзимиз кўтара олсак, хўп-хўп. Салкам бир километрлик масофани босиб, кўтариб олиб чиқишимиз керак қора терга ботиб. Эски Жува томонда нимани янгилаган бўлиши мумкин? Автостоянка қуриб у-бу қилган бўлиши мумкин. У ерга ҳам оддий халқ машинада борадиган бўлса¸ тўлов пулини қаранг. Камида¸ йўқ деганда 1000 сўм. 1500-2000-2500 сўнмлик стоянкалар бор бозорнинг ичида¸ дейди Шавкат ака.

“Эски жува” – Чорсу бозори Тошкентнинг энг қадимий ва катта бозорларидан бири. Унинг умумий майдони яқин 20 гектарни ташкил этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG