Линклар

Ўш мэриясида кимлар ишлайди?

  • Сарвар Усмон

Ўш мэрияси ходимларининг айтишларича, шаҳар ҳокимиятида кадрлар масаласини ҳал қилиш Ўш шаҳри мэри Мелис Мирзақматов ваколатига киради.

Ўш мэрияси ходимларининг айтишларича, шаҳар ҳокимиятида кадрлар масаласини ҳал қилиш Ўш шаҳри мэри Мелис Мирзақматов ваколатига киради.

Ўш ва Жалолободдан ҳар куни келаётган хабарларга қараганда, ўзбекларнинг бугунги энг асосий муаммоси милиция ходимлари ва ҳарбийлар зўравонлиги қурбонига айланиб қолишдан сақланиш муаммосидир.

Ўшлик ва жалолободлик ўзбекларнинг бошқа барча ташвишлари Қирғизистон раҳбарияти эътибор бермаётган ёки беришни истамаётган ўша асосий муаммо соясида қолиб кетмоқда.

Сояда қолаётган ташвишлардан бири иш жойи ташвишидир.

Ўзбеклар, кейинги кунларда ўзбек бўлгани учун ишдан ҳайдалмоқда.

Ўзини Моҳирахон деб таништирган ўшлик аёлнинг айтишича, шаҳардаги давлатга қарашли корхона, ташкилот, муассасалардан, жумладан медицина муассасаларидан миллати ўзбек ишчи-хизматчилар ишдан ҳайдалмоқда.

Моҳирахон опанинг айтишича, муассаса раҳбарларининг баҳонаси ҳам бор.

- Касалхоналарга биринчи кунлари медицина ходимлари етишмаган. Бизникилар ўз хавфсизлиги таъминлаш учун, уйлари куйиб кетганидан қаерларгадир қочишган. Ўз кадрларини ишга олиш мақсадида шуни баҳона қилишаяпти. Бу ҳамма ишхона бўлаяпти, прогул баҳонасида ишдан ҳайдалаяпти, дейди Моҳирахон опа.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ўзбек аёллари касалхона ва поликлиникаларда, асосан, фаррошлик, санитарлик қилади, тиббиёт ҳамширалари ҳам бор, баъзи жойларда ўзбек врачлари ҳам учраб туради.

Ўзини Рустамжон деб таништирган бошқа бир ўшликнинг фикрича, "ўзбеклар ўзбек бўлгани учун ишдан ҳайдалаяпти", деган гап қонли воқеалардан кейин пайдо бўлган ваҳималардан бири, холос.

- “Ўзбеклар оммавий равишда ишдан ҳайдалаяпти”, деган гап тўғри эмас, - дейди Рустамжон, - чунки ҳукумат ишхоналарида оммавий равишда ишлайдиган ўзбекнинг ўзи йўқ. Давлат идораларида ўзбеклар саноқли миқдорда ишлайди.

Ўш шаҳар мэриясида ҳам, ўзбеклар, Рустамжоннинг айтишича, саноқлидир. Бу идорадаги ўзбекларни санаш учун битта қўлнинг бармоқлари ҳам ортиб қолади.

Мэрия таркибидаги ўша саноқли ўзбеклардан бири - етакчи мутахассис Турсунбой Султоновнинг ишдан бўшатилганига бир неча кун бўлди.

Ўзининг айтишича, у шаҳар ҳокимиятида маҳалла қўмиталари раислари ва бир неча раислардан иборат Ҳудудий кенгашлар фаолиятини мувофиқлаштириш билан шуғулланар эди.

- Қонли воқеалар давом этган кунлари ишга чиқишнинг иложи бўлмади, бироз тинчигандан кейин ишга чиқдим ва мудирим: “ишдан кетинг”, деди, - дейди Турсунбой Султонов, - ундан олдин эса аппарат кенгаши бўлган. Кенгашда менинг номимни эслатишиб, “бу миллатчи экан, шовинист экан” дегандек гаплар бўлган мен ҳақимда.

Озодлик: Мэрияда неча йил ишладингиз?

- Умумий ҳисобда элликбошилар билан ишлаганимга 20 йил бўлди.

Озодлик: Қачон ишдан бўшатишди?

- 21 июл куни бўшатишди.

Озодлик: Нима деган формулировка билан бўшатишди?

- “Хизмат вазифасини бажармагани учун” деган формулировка билан. Шунча йил қилиб юрган ишимни энди бажаролмай қоламанми?

Озодлик: Ишдан бўшатишларининг асл сабаби нимада, деб ўйлайсиз?

- Асл сабаби менинг ўзбеклигимда, деб ўйлайман-да. Қирғизистон учун 20 йил ишлаб келган йигитлармиз. Энди ҳозир шунақа бўлиб қолган бўлсам, билмадим. Мен ўзимнинг миллатчи бўлганимни ҳам билмабман. Ўзим ҳеч қачон миллатчи ҳам бўлмаганман.

Озодлик: Турсунбой ака, сиздан ташқари мэрияда ўзбеклиги учун ишдан бўшатилган ўзбеклар борми?

- Ҳозирча йўқ. Ўзи ҳаммаси бўлиб у ерда 4 киши эдик, дейди ишдан бўшатилган Турсунбой Султонов.

2009 йили ўтказилган рўйхатга олиш натижалари бўйича 243 минг, шаҳар атрофидаги аҳолини қўшиб ҳисоблаганда 500 минг киши яшайдиган, 1999 йилги маълумотга қараганда, аҳолисининг 49 фоизини ўзбеклар ташкил қиладиган Ўшнинг мэриясида ҳаммаси бўлиб 4 ўзбек ишлардию уларнинг ҳам бири миллатчиликда айбланиб ишдан бўшатилди.

Ўшликларнинг айтишича, шаҳарнинг расмий чегарасидаги фақат ўзбеклар яшайдиган, тирикчилиги фақат шаҳар билан боғлиқ, лекин Ўш шаҳри таркибига киритилмай келаётган маҳалла-кўйлар аҳолиси қўшиб ҳисобланса, шаҳар аҳолиси миллий таркибида ўзбеклар нуфузи тилга олинган 49 фоиздан кескин кўпайиб кетиши аниқдир.

Ўзбеклардан ташқари шаҳарда қирғизлар, руслар, татарлар ва бошқа ўнлаб миллат вакиллари яшайди.

Турсунбой Султоновнинг ишдан бўшатилиши сабабларини сўраб, Ўш шаҳар мэрияси аппарати бошлиғи Айдар Қалиевга мурожаат қилдик.

- Кадрлар бўйича қарорларни Ўш шаҳри мэри қабул қилади, шунинг учун Мелис Мирзақматовнинг ўзига мурожаат қилинг, деди Айдар Қалиев.

Ҳокимлик аппарати бошлиғидан: “Мэрия ходимларининг неча фоизи ўзбек?”, деб ҳам сўрадик.

- Мен ҳозир неча фоизлигини айтишим қийин, лекин биз ходимларни миллатига қараб эмас, балки уларнинг касбий малакаси сифатига қараб ишга оламиз, деди Айдар Қалиев.

Инсоф юзасидан шуни ҳам айтиш керакки, Ўш шаҳри мэри Мелис Мирзақматов Турсунбой Султоновнигина эмас, икки ўринбосари – ўз миллатдошларини ҳам 11 июндан кейин ишдан бўшатган.

Ишдан бўшатилган муовинлардан бири Темир Қамчибеков 15 июн куни Озодликка берган интервюсида: “Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов Ўшда беш кундан бери тинмаëтган миллатлараро низони гиж-гижлаëтган¸ уни бошлаган шахсдир. У ўз атрофига йиғиб олган ëлланма жангарилар ва криминал тўдалар билан қирғизни ўзбекка қарши қайрамоқда", деган эди.

Мэр эса, ўз навбатида, 16 июн куни Фарғона.ру сайтига берган интервюсида собиқ ўринбосарини руҳий касалга чиқарган, қўлида бу ҳақда далолатнома ҳам борлигини айтган эди.

Хўш, кимга ишониш керак?

Агар мэрга ишонилса, унда Ўш шаҳар мэрияси руҳий касаллар ҳам ишлайверадиган, ишлагандаям ҳоким муовини даражасида ишлайверадиган жой бўлиб чиқади.

Агар мэрнинг ўринбосарига ишонилса, унда шаҳарни "ëлланма жангарилар ва криминал тўдалар билан қирғизни ўзбекка қарши қайраётган" шахс бошқараётган бўлиб чиқади.

Хуллас, Турсунбой Султонов ишга қайта тиклашларини талаб қилмай, тўғри қилаётганга ўхшайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG