Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:32

“Бакиевларни Тожикистондан қидириш хато”


Тожикистон мухолифати вакиллари Қирғизистон собиқ президентининг укаси Жаниш Бакиев Тожикистонда эканига оид иддаоларни рад этмоқда.
Тожикистон мухолифати вакиллари Қирғизистон собиқ президентининг укаси Жаниш Бакиев Тожикистонда эканига оид иддаоларни рад этмоқда.

Қирғизистонлик сиёсатшунос Александр Князев ҳокимиятдан ағдарилган президент Қурмонбек Бакиевнинг укаси Жаниш Бакиев тожикистонлик собиқ дала қўмондони Саламшо Муҳаббатов паноҳида яшириниб юрганини даъво қилмоқда.

Князев 12 июл куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Жаниш Бакиев ҳақида айтганлари аниқ манбалардан олинганини билдирди.

- Бизга шундай аниқ маълумотлар берадиган манбалар бор, лекин қоидага кўра, улар ошкор қилинмайди. Лекин шуни айтиш мумкинки, ўтган беш йил мобайнида у Тожикистондан Қирғизистонга ўтадиган наркотрафикнинг 100 фоизини назорат қилиб келди. Табиийки, алоқалар бўлган. Шу бизнес билан боғлиқ алоқалар, шахсий алоқалар ҳам бўлган. Табиийки, у бугун ўша каналларига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Албатта аниқ географик номлар ва исмларда хато қилган бўлишим мумкин. Лекин алоқалар борлигига ҳечам шубҳам йўқ, дейди Александр Князев.

Унга кўра, Жаниш Бакиевни собиқ тожик мухолифат собиқ лидерларидан бири Саламшо Муҳаббатов яширган.

Бироқ собиқ мухолифат етакчиларидан бири, ҳозирда Тожикистон Ислом уйғониш партияси масъулларидан бири Ҳикматулло Сайфуллозода бу даъволарда асос йўқлигини айтади.

- Минтақа элитаси ягона ғоя, ягона минбар ва ягона сиёсатни илгари сурган бир вақтда собиқ президент Бакиев ва унинг яқинлари билан собиқ тожик мухолифати ўртасида қандай алоқа бўлиши мумкин? Собиқ тожик мухолифати етакчиси шундай шахсларни бугун ўз паноҳига ола оладими? Йўқ албатта, чунки қарашлар турли. Шунинг учун Князевнинг айтганларида асос йўқ. Бу ерда мақсад битта - Тожикистонни Қирғизистондаги қонли воқеаларда қўли борликда айблаш ва уни халқаро ҳамжамият олдида ёмонотлиқ қилиш, вассалом, дейди Сайфуллозода.

У Тожикистон расмийлари Князевга жавоб қайтариши шарт, деб билади. Бироқ расмий Душанбе ҳозирча бу хабар юзасидан муносабат билдирганича йўқ.

Тожикистонлик сиёсатшунос, бу мамлакат миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ масъули Абдулло Ҳабибов Бакиевлар оиласи қаерда эканини билиш ҳамма учун муҳимлигини айтади.

- Жумладан, Князев учун ҳам муҳим. Лекин Бакиевларни Тожикистондан қидириш хатодир. Чунки улар Тожикистондан ҳеч қачон бошпана топа олмайди. Бундай гапларни тарқатишдан мақсад Тожикистон ва Қирғизистон муносабатларини бузишдир, дейди тожикистонлик сиёсатшунос Ҳабибов.

Мустақил таҳлилчи Парвиз Муллажонов эса Князев руспараст шахс эканини айтиб, уни Россиянинг Марказий Осиёдаги ролини кучайтириш тарафдорларидан бири, деб билади.

- Ҳозирда кўпчилик Қирғизистондаги воқеаларда Москванинг қўли борлигига шубҳа қилмайди. Шу нуқтаи назардан Князев ва унга ўхшаган кишилар одамларни чалғитиш ва Россияни сувдан қуруқ чиқариш ниятида қонли воқеаларнинг сабабчиси бошқалар деб кўрсатишга уринмоқда. Масаланинг бошқа жиҳати, бўлиб ўтган воқеаларда Қирғизистон муваққат ҳукуматининг ҳам хатоси бор. Қирғизистонда юз берган воқеалар этник можаро эмаслиги, балки ўзбеклар қатлиоми эканига оид фактлар тўпланмоқда. Шу нуқтаи назардан, Қирғизистон муваққат ҳукумати ўзидаги гуноҳларни бошқаларга юклаш ва трибуналга чақирилишдан қутулиб қолиш учун шундай уринишлар қилаётган бўлиши ҳам мумкин, дейди мустақил таҳлилчи Парвиз Муллажонов.
XS
SM
MD
LG