Линклар

logo-print

Швейцария Поланскини Америкага бермади


Полански ва 33 йил аввал унинг "ўлжаси"га айлангани айтиладиган Саманта Гаймер.

Полански ва 33 йил аввал унинг "ўлжаси"га айлангани айтиладиган Саманта Гаймер.

Швейцария ҳукумати таниқли кинорежиссëр Роман Поланскини АҚШ га экстрадиция қилмайдиган бўлди. АҚШ маҳкамаси бундан 33 йил аввал вояга етмаган қизни зўрлаганликда айбланган Поланскини жавобгарликка тортишга уриниб келаëтган эди.



Швейцария Адлия вазири Эвелин Вайдмер-Шлумпф¸ кейинги 9 ой мобайнида Гстааддаги ўз ҳовлисида уй қамоғида сақлаб келинган Роман Поланскининг эндиликда "эркин одам" эканини таъкидлади.

Вазирга кўра¸ АҚШ расмийлари Швейцария томонининг 1977 йили Полански ишини тергов қилган лос-анжелеслик прокурорнинг шу йил бошида берган махфий кўрсатмасини ўз ихтиëрига бериш сўровини рад қилганидан сўнг¸ шундай қарорга келинган.

Швейцария Адлия вазирлиги баëнотида ëзилишича¸ ишга оид факт ва далилларнинг тақдим этилиши билан боғлиқ жиддий шубҳалар боис¸ АҚШ нинг экстрадиция ҳақидаги сўрови рад этилган.

Бундай қарор¸ табиийки¸ Полански ва унинг адвокати томонидан олқишланди:

Кейинги 9 ойни Полански Швейцариянинг курорт ҳудудидаги мазкур ҳовлида "уй қамоғи"да ўтказди
- Экстрадиция ҳақидаги сўров хато ва ëлғон маълумот ва уйдирма фактлар устига қурилган. Ўтган йиллар давомида ўз сукутини фақат бир марта бузган жаноб Полански ўзини аллақачон жазоланган деб ҳис қилишини айтган эди. Шу боис¸ Роман Поланскини экстрадиция қилмаслик учун жуда кўп сабабларни келтириш мумкин¸ деди Поланскининг адвокати Ҳерве Темим.

АҚШ расмийлари Швейцария қарорини аппеляция қилиш ҳаққига эга эмас. Ҳозирча на АҚШ Адлия вазирлиги ва на Лос-Анжелес прокуратураси бу қарорга муносабат билдирмади.

Францияда поляк оиласида туғилган Роман Полански ҳам Франция¸ ҳам Полша фуқаросидир. “Пианиночи”¸”Роземарининг чақалоғи”¸ “Аччиқ ой” ва “Чайнатаун” каби филмлари билан шуҳрат қозонган Поланский Оскар мукофотига тавсия этилган ва сазовор бўлган кинокартиналар муаллифидир.

1977 йили Полански 13 яшар қизга аввалига спиртли ичимлик ва наркотик моддалар бериб¸ сўнгра уни зўрлаганликда айбланиб¸ Лос-Анжелесда жиноий ишга тортилган эди. Прокурорлар билан эришилган муросавий келишув натижасида Поланский ўзига қўйилган айблардан фақат биттаси – ноқонуний жинсий алоқа қилганликни тан олган эди.

90 кунлик қамоқ жазосининг 42 куни тутқунликда ўтказган Полански унинг руҳий аҳволини ўрганган мутахассислар режиссëрни руҳан соғлом ва бошқа жиноят қилиш эҳтимоли кам деб баҳолагач¸ катта миқдордаги гаров пули эвазига озод этилган эди.

Бу қарордан кўп ўтмай Полански ишини кўриб чиққан ҳакам уни қолган 48 кунлик қамоқ жазосини ўташга ҳукм қилиши ва жазо ижро этиб бўлингач¸ Поланскидан АҚШ дан ихтëрий равишда чиқиб кетиш ҳақида тушунтириш хати олиш режасида эканини эълон қилди.

Аммо Полански¸ ҳакамнинг ўз иши юзасидан бу қарорини эълон қилиши белгиланган 1978 йилнинг 1 февралидан бир кеча аввал АҚШдан қочиб кетади.

Орадан ўтган 30 йилдан кўпроқ вақт давомида АҚШ да қидирувга берилган жиноятчига чиқарилган Полански бу ерга¸ ҳатто Оскар мукофотини олиш учун ҳам қадам босмади. Аммо Цюрих филм фестивалининг кино санъати учун қилган улкан хизматлари учун бериладиган мукофотини олиш учун 2009 йилнинг сенябрида Швейцарияга келган Полански АҚШ Адлия вазирлигининг 2005 йили Интерполга юборган сўрови асосида аэропортда ҳибсга олинди.

Поланскининг ҳибсга олиниши дунë бўйлаб санъат ва кино дунëси намояндалари¸ шунингдек Полански яшаб келаëтган Франция сиëсий доираларининг кескин эътирозига учради. Поланскини озод қилиш кампаниясига Вуди Ален¸ Мартин Скорсес ва Жан-Лук Годард каби таниқли кинорежиссëрлар қўшилдилар.

Айни пайтда¸ Поланскининг қурбони деб қаралаëтган Саманта Гаймер ҳам ўз ўтмишидаги бу саҳифани ëпгани ва Поланскига қўйилаëтган айбларни бекор қилишни сўради.
XS
SM
MD
LG