Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:37

Германия ва Франция ташқи ишлар вазирлари Қирғизистонга боради


Ўш воқеаларини ўрганган экспертлар "халқаро ҳамжамият аниқ таклифларни ўртага қўймас экан, Қирғизистон жанубида юзага келган бўҳронга ечим топилиши эҳтимолдан йироқ", демоқдалар
Ўш воқеаларини ўрганган экспертлар "халқаро ҳамжамият аниқ таклифларни ўртага қўймас экан, Қирғизистон жанубида юзага келган бўҳронга ечим топилиши эҳтимолдан йироқ", демоқдалар

Европалик дипломатларнинг 16 июл куни бошланажак Қирғизистон сафаридан мақсад яқинда қонли тўқнашувлар рўй берган Ўш шаҳридаги вазият билан яқиндан танишишдан иборат.

Германия Федерал ташқи ишлар вазирлиги расмийси Озодликка Федерал ташқи ишлар вазири Гуидо Вестервелле шу ҳафта Қирғизистонга сафар қилиши ҳақидаги маълумот тўғри эканини айтди.

- Федерал ташқи ишлар вазири эртага, 14 июл куни соат 11 да мамлакатдан жўнаб кетади. Россия-Германия ҳукуматлараро маслаҳат учрашувида қатнашиш учун дастлаб у Екатеринбург шаҳрига боради. Марказий Осиёга сафари доирасида вазир пайшанба куни Тошкентга ташриф буюради. Жума куни кундузи Қирғизистоннинг Ўш шаҳри ва пойтахт Бишкекка сафар қилади. Шу куни кечқурун Германия Федерал ташқи ишлар вазири Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари йиғилишида қатнашиш учун Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрига жўнаб кетади, деди овози эфирга берилишини хоҳламаган немис расмийси.

Deutsche Welle медиакомпанияси Германия Федерал ташқи ишлар вазири Тошкентда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан учрашишини маълум қилди.

Германия Федерал Ташқи ишлар вазирлиги расмийси сўзлашув чоғида Қирғизистондаги сўнгги вазият, бу мамлакатда бораётган сиёсий жараёнлар, шунингдек, Ўзбекистон-Германия алоқалари ва бошқа халқаро масалалар муҳокама этилиши режаланганини айтди.

- Ўзбекистон қўшни давлат бўлгани учун бўҳронни ҳал қилишда асосий рол ўйнайди. Бу мамлакат гуманитар ёрдамлар учун коридорлар очишда ёрдам бераяпти. Музокаралар чоғида шу ва икки томонлама алоқаларга оид бошқа масалалар муҳокама қилинади, деди Германия расмийси.

Айни пайтда Франция Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Кристин Сарж Озодликка Марказий Осиёга сафари доирасида Ташқи ишлар вазири Бернард Кушнер Грузия, Кирғизистон, Қозоғистон ва Афғонистонга боришини айтди.

- Биз Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги бўҳронни ҳал қилиш йўлидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаяпмиз. Жаноб Кушнернинг ташрифидан мақсад янги ташаббус ва таклифларни ўртага қўйишдан иборат эмас. Сафардан кўзланган мақсад Қирғизистон ҳукуматининг мамлакат жанубидаги вазиятни барқарорлаштириш йўлидаги уринишларини қўллаб-қувватлаётганимизни кўрсатишдан иборат. Айни пайтда июн ойидаги қирғиндан омон қолганларга мўлжалланган гуманитар ёрдамлар уларга қандай етказилаётганини кўриш, ноҳукумат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ва Франция элчихонасининг янги биносини очишдан иборат, деди Франция Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Кристин Сарж.

Айни пайтда мутахассислар Германия ва Франция ташқи ишлар вазирларининг Қирғизистонга ташрифи у ерда юзага келган бўҳронни ҳал қилиши эҳтимолдан йироқ, деган фикрда.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Марказий Осиëдаги бўлими раҳбари Пол Квин Жаж Германия ва Франция ташқи ишлар вазирларининг Қирғизистонга ташрифини қутлаш баробарида Ғарб давлатлари Қирғизистондаги вазиятни узоқдан туриб кузатаётганидан афсусланиш билдирди.

- Мен бу ташрифни олқишлайман ва қўллаб-қувватлайман. Мен бу ташриф фақат расмий кўринишга эга бўлишидан хавотирдаман. Мен Қирғизистондаги бўҳронни ҳал қилиш учун халқаро ҳамжамият томонидан жиддий чоралар кўрилаётганини кўраётганим йўқ, дейди Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вакили.

Пол Квин Жаж халқаро ҳамжамият аниқ таклифларни ўртага қўймас экан, Қирғизистон жанубида юзага келган бўҳронга ечим топилиши эҳтимолдан йироқ, деган фикрда.

- Ўшдаги муаммо мутлақ сиёсий. Асосий муаммо шундан иборатки, бу ерда вазият марказий ҳокимият томонидан тўлиқ назорат остига олинмаган. Қўпол қилиб айтадиган бўлсак, марказий ҳокимият Қирғизистон жанубидаги вазият назоратини йўқотган. Бу жуда жиддий муаммо. Европа, Америка ва БМТ томонидан аниқ таклиф ва ташаббуслар бўлмас экан, Европанинг икки нафар ҳурматли вазирининг Қирғизистонга ташрифи вазиятни ўзгартира олмайди, деб ўйлайман, дейди Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Марказий Осиëдаги бўлими раҳбари Пол Квин Жаж.
XS
SM
MD
LG