Линклар

Францияда исломий ниқоб ва бурқа тақиқланди


Франция депутатлари маъқуллаган қонун лойиҳасига кўра, эндиликда жамоат жойларида бурқа тақиб юрганларга 185 доллар миқдорида жарима солинади.

Франция депутатлари маъқуллаган қонун лойиҳасига кўра, эндиликда жамоат жойларида бурқа тақиб юрганларга 185 доллар миқдорида жарима солинади.

Франция парламентининг қуйи палатаси жамоат жойларида юзга ниқоб тақиб ëхуд бурқада юришни тақиқлайдиган қонун лойиҳасини маъқуллади.

Қонун тарафдорларининг билдиришича, бурқа ёки юзни бутунлай ёпиб қўювчи ниқоб Франциянинг дунёвийлик тамойилларига мутлақ зид ва мамлакат хавфсизлигига таҳдиддир.

Ушбу қонунга қарши чиқаётганлар ҳам йўқ эмас ва улар фикрича¸ инсон ҳуқуқларини поймол қиладиган бу лойиҳа мамлакат конституциясига зиддир.

Парламентнинг қуйи палатаси маъқуллаган қонун лойиҳасини сентябрда Сенат кўриб чиқади ва у тасдиқдан ўтса, Франция Европадаги, танани тўла ёпиб турувчи кийимда юриш таъқиқланган иккинчи мамлакат бўлади. Биринчиси Белгиядир.

Қонун кучга кирса, уни бузганларга тақрибан 185 доллар миқдорида жарима солинади. Хотин-қизларни ниқоб тақиш ёки бурқа кийишга мажбурлаганларни эса янада қаттиқроқ жазо – бир йиллик қамоқ ёки 38 минг долларлик жарима кутади.

Агар бурқа кийишга мажбурланганлар вояга етмаган бўлса, мажбурлаган шахсга бериладиган жазо икки баробар бўлади.

Франция Европада мусулмон жамоаси энг катта бўлган мамлакатдир: 68 миллион кишилик аҳолининг 5-10 фоизи мусулмон. Уларнинг кўпчилиги асли Жазоир ва Марокашдан.

Франциянинг мусулмон жамоаси каттаю, лекин бошидан тўпиғигача ёпадиган ҳижобда юрадиганлар кўп эмас – расмий ҳисоб-китобларга кўра 2 минг нафар атрофида, холос.

Қонун тарафдори бўлган баъзи сиёсатчилар бурқани "юрадиган тобут" деб атамоқда ва улар фикрича, ҳижобда юрган аёллар ўша "тобут"дан чиқиши, эркин яшаши лозим.

Танқидчилар фикрича, аксинча, мазкур қонун кишиларнинг фуқаролик эркинликларини чеклайди, уни қабул қилишдан эса оддийгина сиёсий ниятлар кўзланган бўлиб, мақсад ашаддий ўнгчи сайловчилар овозларини қозонишдир.

Франциялик мусулмонларнинг йирик ташкилоти – Франция мусулмонлари кенгаши Исломда хотин-қизлар бошдан тўпиққача мутлақ ёпиқ кийинсин, деган талаб йўқлигини таъкидлайди. Лекин ташкилот фикрича, мазкур қонун мамлакатдаги барча мусулмонлар зарарига хизмат қилади.

Францияда ўтказилган сўровлар натижаларига қараганда, кўпчилик бурқанинг таъқиқланиши тарафдори. Президент Николя Саркози ҳам тарафдорлар орасида.

Франция адлия вазири Мишел-Алио Мари эса қонунни назарда тутган ҳолда: “Бу республика учун, унинг шахсни босим остида ушлашнинг ҳар қандай шаклидан ҳоли бўлиш имкониятларини, эркак ва аёл ўртасидаги тенгликни мужассамловчи қадриятлари учун муваффақиятдир”, деди.

Французларнинг бурқага муносабатига ўхшаш муносабатни Испанияда ҳам, Германияда ҳам, Буюк Британияда ҳам кузатиш мумкин.

Бу мамлакатларда ўтказилган сўровларда иштирок этганларнинг 60-70 фоизи танани тўла ёриб турувчи ҳижобни таъқиқлашга қарши эмасликларини билдирган.

Жамоатчилик қонун тарафдори бўлгани билан ҳужжатнинг Конституцияга мос ёки зид эканлиги масаласи ҳам бор.

Кузатувчилар фикрича, мазкур қонунни Конституциявий суд ёки Европа инсон ҳуқуқлари суди конституцияга зид, деган хулоса чиқариши мумкин.

Аҳолисининг катта қисми мусулмонлардан иборат бўлган Туркия, Тожикистон, Ўзбекистон, Косово ҳамда Қозоғистонда ҳам ўқув юртларида, давлат идораларида ҳижобда юриш таъқиқланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG