Линклар

logo-print

Теҳрон Тошкент билан Душанбе ўртасида воситачилик қилмоқчи

  • Гулнора Равшан

Тожикистонга сафар қилган эронлик мулозим Машаий мамлакат президенти Имомали Раҳмон билан учрашди.

Тожикистонга сафар қилган эронлик мулозим Машаий мамлакат президенти Имомали Раҳмон билан учрашди.

Эрон расмийлари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги мавжуд муаммоларга дипломатик йўл билан ечим топилиши лозимлигини айтаётган бир пайтда тожикистонлик таҳлилчилари Теҳроннинг бу уринишлари кутилган самарани бермаслиги мумкинлигини урғуламоқдалар.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Эрон расмийлари Тошкент билан бир неча бор музокара ҳам ўтказган. Бу борада Эрон президенти маъмурияти раҳбари Исфандиёр Раҳим Машаий кеча Душанбе шаҳрида журналистларга берган матбуот анжуманида маълум қилди.

Машаий Марказий Осиёдаги мамлакатлари ўртасида юзага келаётган келишмовчиликларда дунёдаги йирик давлатлар қўли борлигини таъкидлади.

- Марказий Осиёда ўз таъсирини кучайтиришдан манфаатдор бўлган йирик давлатлар минтақа барқарорлигига соя солиб туришдан манфаатдорлар, дер экан Эрон расмийси ўз давлати Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларининг яхшиланишига саъй-ҳаракат қилаётганини қўшимча қилди.

У Эроннинг Тошкент билан ўтказган сўнгги музокарасининг муҳим мавзуларидан бири Ўзбекистонни Тожикистон билан ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифи бўлганини маълум қилди.

Машаий ўз давлати мавжуд муаммоларга дипломатик йўл билан ечим топишга уринаётганини ва агар бундан натижа чиқмаса, баъзи чоралар кўришни лозим топишини таъкидлади.

У Эроннинг минтақа давлатларига таклифи дўстлик ва ҳамкорлик сиёсатини йўлга қўйиш эканини билдирди.

Аснода Тожикистон президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар маркази расмийси Сайфулло Сафаров Тожикистон қўшни Ўзбекистон билан дўст ва ҳамкор эканини, муаммо фақат икки мамлакат давлат ҳамда саноат корхоналаридаги носоғлом рақобатда эканини таъкидлади.

- Ўзаро муносабатларимизда мен ҳеч қандай жиддий муаммо кўрмайман. Лекин бу ерда идоралараро муаммо борки, бу ҳам бўлса улар орасидаги носоғлом иқтисодий рақобат билан боғлиқдир. Фикримча, айнан мана шу корхоналар ўртасидаги тушунмовчиликлар бизга муаммолар яратмоқда, холос, дейди Тожикистон ҳукумат расмийси Сафаров.

У Эрон ҳукумат масъулининг минтақа давлатларини йирик давлатлар уриштириб қўяётганига оид фикрларини қувватлаши айтар экан, ўзбек-тожик муносабатларининг яхши томонга ўзгаришида Эроннинг таъсири бўлишига ишонади.

Аммо мустақил таҳлилчи Искандари Фируз Эроннинг таклиф ва тавсиялари фақат Тожикистон томондан қабул қилиниши мумкинлигини, Ўзбекистон ҳукумати эса унга рози бўлмаслигини айтади.

- Менинг фикримча, Ўзбекистон бундай таклифларга рози бўлмайди. Машаий жаноблари ҳам минтақа мамлакатларидаги муаммолар йирик давлатлар томонидан яратилаётганини таъкидлаган. Тошкент Душанбе билан муносабатни яхшилаш масаласида мустақил эмас. Ўзбекистон бу йўналишда Кремл маслаҳатларига қулоқ тутади. Шуни ҳам айтиш лозимки, Эрон минтақада қандай иш юритмасин Америка унга зид. Шу нуқтаи назардан икки қўшни давлат ўртасидаги муаммолар фақат Эрон аралашуви билан ҳал бўлишига кўзим етмайди, дейди мустақил таҳлилчи Искандари Фируз.

Сўнгги икки йил ичида дунё ва минтақада рўй берган сиёсий воқеа ва ҳодисалар, таҳлилчи Искандари Фирузга кўра, минтақа давлатларининг жилови ҳали ҳам Россия ихтиёрида эканини яна бир бор исботлади.

- Шундан хулоса қилган ҳолда айтиш мумкинки, - дейди Искандари Фируз, - фақат Россия Тошкент ва Душанбени музокара столига ўтирғизиб, уларни муросага келтира олади, холос.

Бошқа бир мустақил таҳлилчи Исмоил Раҳматов эса Россия расмий Тошкент ва Душанбени муросага келтиришдан ҳечам манфаатдор эмас, дея мулоҳаза билдиради.

Унингча, руслар ўзбеклар ва тожиклар ёки қирғизлар ва ўзбекларнинг бир тану бир жон бўлишини истамаслиги Қирғизистондаги қонли июн воқеаларида яққол акс этди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG