Линклар

logo-print

Тожикистонда диний-экстремистик гуруҳларнинг фаоллашаётгани ҳамда уларнинг масжидларда тарғибот ишлари олиб бораётгани баҳонасида хусусий уйларда диний таълим беришга қарши тадбирлар ўтказилмоқда.

Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси маълумотларида айтилишича, жорий йил апрел, май ва июн ойларида Исфара, Истарафшан, Мастчоҳ ва Бобожон Ғафуров туманларида 20 дан ортиқ ноқонуний мадрасалар аниқланиб, фаолияти тўхтатилган. Бундан ташқари, хусусий мадраса домлалари, унда таҳсил олган талабалар ота-оналари маъмурий жавобгарликка тортилган.

Вилоят раиси Қоҳир Расулзода журналистлар билан бўлган учрашувда болалар ва умуман диний таълим бериш қонун асосида олиб борилиши кераклиги ҳақида гапирди.

- Мен бугун аксарият шаҳар ва туманлардаги масжидлар ва шахсий уйларда амал қилаётган ноқонуний диний мактаблар фаолияти борасида кўплаб мисоллар келтиришим мумкин. Бу мактаблар ҳеч қаердан қайддан ўтмаган. Ташвишлиси шундаки, бу мактабларда дарс бераётган ўқитувчиларнинг диний маълумоти йўқ, бирор-бир диний даргоҳини тугатмаган. Оқибатда айнан мана шундай мадрасалар талабалари номусга тажовузкорлик, ўғирлик, қаллоблик ва бошқа жиноятларга қўл урмоқдалар, деди Сўғд вилоят раиси Қоҳир Расулзода.

Вилоят раисининг сўзларига кўра, шу кунда вилоятда олти юзга яқин масжид расман қайдга олинган. Бу рўйхатга мусулмонлар масжиди билан бирга насронийлар, яҳудийлар ҳамда шиа мазҳаби вакиллари ибодатхоналари ҳам киради. Мана шу масжидларнинг ҳузурида саккизта мадрасалар мавжуд. Биргина Хўжанд масжиди ҳузуридаги мадрасада 200 га яқин талаба таҳсил олмоқда.

Эслатиб ўтамиз , “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонун 2009 йил май ойида Тожикистон президенти томонидан имзоланиб, қонуний кучга кирди. Тожикистонда янги қонун имзолангунига қадар болаларнинг диний таълим олишлари эркин эди. Эндиликда Диний ташкилотлар агентлигининг расмий ижозатномасига эга бўлмаган қишлоқ домлалари болаларга диний таълим беролмайди.

Музаффар Хўжанддаги шайх Маслаҳиддин ҳузуридаги мадрасини тугатган. Шу кунга қадар у ўзи туғилиб ўсган Конибодомда болаларга диний таълим берарди. Бироқ яқинда уни туман хукуматига чақиртириб,“Дин ва диний ташкилотлар тўғрисидаги”янги қонунга биноан болаларга ўз уйида таълим бериш таъқиқланганини айтишган.

- Бу хабар мени жуда ташвишга солди. Лицензия олишга шароитим йўқ, дарс беришни тўхтатиб, уйда ўтирамиз энди. Расмийларимизнинг бу ҳаракатларини мусулмонлар ҳуқуқларини поймол қилишдан бошқа нарса эмас, деб ҳисоблайман, дейди Музаффар.

Ғончи туманида яшовчи Ҳалимахоннинг айтишича, унинг болалари ўз қишлоғида диний таълим олиш имконидан маҳрум бўлган. Суҳбатдошимиз фарзандларини вилоят масжидларига қатнатиб ўқитиш имкони йўқлиги, чунки улар мактабда ҳам ўқиши кераклиги ҳақида айтади.

- Умр йўлдошим билан фарзандларимизни ақлини таниганидан буён уларнинг Қуръон, Ислом динидан хабардор бўлишига ҳаракат қилдик. Бу ҳар бир мусулмоннинг вазифаси. Энди нима қиламиз -ҳайронман. Марказга ҳар куни бориб келишга қурбимиз етмайди. Яқин бўлса ҳам кошкийди, пиёда обориб олиб келардим, дейди Ҳалимахон.

Айни пайтда тожикистонлик айрим таҳлилчилар вилоятда хусусий диний мактабларни ёпиш ва мусулмонларнинг Ислом дини фарзларини бажо келтиришларига тўсқинлик қилиш орқали расмийлар диндорларга қарши курашни кучайтирганидан ташвиш билдирмоқдалар.

- Бу кураш бугун ёки кеча бошлангани йўқ. Ўша шўролар давридан буён давом этмоқда. Чунки бугунги ҳукумат аъзоларининг асосий қисмини айнан илгариги КПСС аъзолари ташкил этади. Жумладан, бултурги йил ҳам вилоят шаҳар ва туманларида масжид сифатида фойдаланилган 100 дан ортиқ бинога қулф урилди. Қанчадан-қанча ёшларимиз ватанинини тарк этишга мажбур бўлди. Ҳижобга ўралган қизларни олийгоҳлардан қувиш авжига чиқди, дейди таҳлилчи Мизробиддин Қосимзода.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда республикада 2000 та масжид расман қайдга олинган. Бу рўйхатга мусулмонлар масжиди билан бирга насронийлар, яҳудийлар ҳамда шиа мазҳаби вакиллари ибодатхоналари ҳам киради.
XS
SM
MD
LG