Линклар

logo-print

Малайзия бош дипломати Тошкентга келди

  • Ҳасанжон

Иқтисоди ривожланган Малайзия Ўзбекистоннинг жануби-шарқий Осиёдаги ишончли ҳамкори бўлиб қолмоқда.

Иқтисоди ривожланган Малайзия Ўзбекистоннинг жануби-шарқий Осиёдаги ишончли ҳамкори бўлиб қолмоқда.

Малайзия Ташқи ишлар вазири Датук Сери Анифах Аман Европа ва Марказий Осиёга сафари доирасида 14 июл куни Тошкентга келиши юзасидан фикр билдираётган таҳлилчилар икки давлат ҳамкорлиги Ўзбекистоннинг иқтисодий изоляциядан чиқишига кўмаклашиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Малайзия Ташқи ишлар вазирлигининг Марказий Осиё бўлими бошлиғи Муҳаммад Муҳаймин Озодликка ташқи ишлар вазири Датук Сери Анифах Аманнинг Ўзбекистонга расмий сафаридан кўзланган мақсад икки давлат ҳамкорлигини янада ривожлантиришдан иборат эканини айтди.

Муҳайминга кўра, Ўзбекистонга тўрт кунлик илк расмий ташрифи чоғида Малайзия ташқи ишлар вазири ўзбекистонлик ҳамкасби Владимир Норов ва бош вазир Шавкат Мирзиёев билан учрашади.

Сўзлашувлар чоғида томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро мавзудаги масалалар муҳокама этилиши режалаган.

Малайзия расмийси ўз мамлакати ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжуд эканини алоҳида таъкидлади.

- Биз Малайзия ва Ўзбекистон ўртасида турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари мавжуд, деб ҳисоблаймиз. Биз Ўзбекистон Малайзия учун муҳим мамлакат, деб ўйлаймиз. Халқаро саҳнада турли масалаларда Малайзия ташаббусларини қўллаб-қувватлагани учун биз Ўзбекистондан миннатдормиз, деди Малайзия Ташқи ишлар вазирлигининг Марказий Осиё бўлими бошлиғи Муҳаммад Муҳаймин.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Малайзия муносабатлари ривожланиб бормоқда. Малайзия бош вазири Абдулла бин Ҳожи Аҳмад Бадавий 2008 йил ноябр ойида расмий сафар билан Тошкентга келган.

Икки томонлама музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида президент Ислом Каримов Ўзбекистоннинг Малайзияга ишончи катта эканини алоҳида таъкидлаган эди.

- Малайзияга ишончимиз катта. Малайзиянинг ҳам имкониятлари ўзи катта. Биз Малайзия учун очиқмиз. Орамизда ҳеч қанақа муаммо йўқ. На иқтисодий¸ на сиëсий¸ на гуманитар соҳада бирорта муаммо йўқ. Борди-келдиларимиз кўпроқ бўлиши керак, дея баёнот берган эди Ўзбекистон раҳбари.

Мустақил кузатувчилар Малайзия ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорликнинг ривожланишидан икки томон манфаатдор, деган фикрда. Ўзбекистонлик собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев бу фикрга қўшилади.

- Ўзбекистон Малайзия билан анчадан бери савдо-сотиқ¸ иқтисодий алоқаларини ривожлантириб келаяпти. Халқаро саҳнада Малайзиянинг вазни катта. Шунинг учун ҳам Малайзия ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистонга келиши маълум маънода Ўзбекистонни иқтисодий¸ сиëсий изоляциядан олиб чиқишига¸ икки давлат ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга олиб келади. Маълумки, Малайзияда технологиялар анча ривожланган. Шу орқали Ўзбекистон ўз саноатини¸ иқтисодини ривожлантиришга сал бўлса ҳам туртки бўлар, деган фикрдаман, дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Малайзия Ўзбекистоннинг жануби-шарқий Осиёдаги ишончли ҳамкори бўлиб қолмоқда. Ҳозир Ўзбекистонда Малайзия капитали иштирокида 24 та корхона фаолият юритаяпти.

Ўтган йил ноябр ойида “Ўзбекнефтегаз” ширкати Малайзиянинг “Петронас” ва Жанубий Африка республикасининг “Сасол” ширкатлари билан Қашқадарё вилоятида синтетик ёқилғи ишлаб чиқарадиган завод қуриш учун “Uzbekistan GTL” қўшма корхонаси ташкил этиш ҳақида келишув имзолади. Мазкур лойиҳа қиймати икки ярим миллиард АҚШ долларини ташкил этади.

Айни пайтда Малайзияда кўплаб ўзбекистонлик талабалар таҳсил олмоқда. Малайзия олий таълим вазирлиги ва мамлакатнинг етакчи университетлари вакиллари ўзбекистонлик ёшларни Малайзияда таълим олишга рағбатлантириш мақсадида Тошкент, Самарқанд ва бошқа шаҳарланда “Малайзияда таълим” мавзуида қатор кўргазмалар ўтказиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG