Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:12

Ўзбекистонда мулозимлар алмашинуви бензин тақчиллиги билан боғланмоқда


Ўзбекистон президенти “Ўзнефтегаз” ширкати бошқарув кенгаши раиси Улуғбек Назаровни ўз лавозимидан озод қилди. Шунингдек, Ўзбекистон бош вазирининг геология, нефткимё ва металлургия саноати масалалари бўйича бўйича ўринбосари Эргаш Шоисматов ҳам ишдан олинди.

Бир қатор нуфузли нашрлар республика ҳукуматидаги манбага таяниб, бераётган бу хабарда кадрлар алмашинувининг сабаблари кўрсатилмаган.

Айни пайтда “Ўзнефтегаз” миллий холдинг компанияси ва республика Вазирлар Маҳкамасидан ҳам бу борада бирор-бир расмий изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Бироқ ўзбекистонлик таҳлилчилар ва соҳа мутахассислари орасида мамлакат нефт-газ соҳасидаги бу тахлит кадрлар алмашинувини айни пайтда мамлакатда юзага келган бензин ва нефт маҳсулотлари тақчиллиги билан боғлаётганлар кўп бўлмоқда.

Аввал ҳам хабар қилганимиздек, 5 июл куни бензин нархи 15 фоизга қимматлади. Орадан бир-икки кун ўтибоқ аввалига катта шаҳарлар, кейин эса бутун республика бўйлаб бензин тақчиллиги кузатила бошлади.

14 июл куни суҳбатлашганимизда ҳам пойтахтлик аксар ҳайдовчилар ҳануз бензин тақчиллигича қолаётганини айтди. Мана улардан бири.

- Ҳаммасидаяммас. Шаҳар ичида айрим ўзини тутиб олган бензоколонкаларда бор¸ қолганларида йўқ.

Озодлик: UzGazOil ишлаяптими?

- UzGazOil лар давлат ҳисобига ўтиб кетган. Бензин қолганида йўқ. Қанақадир вақт қўйган шекилли уларга. Кундуз куни неча соатдир очиқ бўлади-да, кейин яна ëпиқ бўлади. Катта-катта шаҳарларнинг ичида битта-иккита UzGazOil лар очиқ бўлмаса¸ қолгани ëпиқ. Вилоятларда бензин нархи умуман кўтарилиб кетган. АИ–80 билан АИ-91 йўқ. АИ-95 бор. У ҳам қиммат¸ дейди ҳайдовчилардан бири.

Ора-сирада киракашлик қилиб вилоятларга бориб турадиган бу ҳайдовчидан эшитганингиздек, республика вилоятларида бензин тақчилгина эмас, балки ҳануз қаҳатлигича қолмоқда.

Бундан ташқари, керосин, солярка каби қишлоқ хўжалиги учун мутлақо зарур бўлган ёқилғи турлари ҳам мутлақо тақчиллашиб кетди.

Аграр соҳага ихтисослашган ва шу кунларда ёнилғи сув ва ҳаводек зарур бўлиб турган бир пайтда унинг қаҳатлашиб кетгани республика бўйлаб жуда жиддий оқибатларни келтириб чиқараётгани тайин.

- Шу боис муаммонинг ечими ўлароқ, одатдагидек, раҳбарлар алмаштирилмоқда, дейди Республика раҳбариятига алоқадор доиралардаги манбаларига таяниб раҳбарлар алмашинуви ҳақида биринчилардан бўлиб хабар қилган “Uzmetronom” сайти муҳаррири Сергей Ежков.

У бу фикрига асос қилиб, президент қарорда бу гал тилга олинган бир иборани тилга олди.

- Президент қарорида “иш жараёнида йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун” деган ибора ишлатилган. Бунақа ибора президент қарорларида анчадан бери кузатилмаётган эди. Ҳар доим бошқа ишга ўтгани ёки соғлиги каби сабаблар айтилар эди. Бундай сабабнинг кўрсатилиши эса бу одамларга нисбатан аллақачон жиноий иш қўзғатилган ёки тез орада қўзғатилиши мумкин, деган маънони англатади, дейди Uzmetronom сайти муҳаррири Сергей Ежков.

Аммо журналист тилга олган президент матни қарори ҳозирча ҳеч қайси мустақил манба ва айни пайтда расмий интернет нашрларида ҳам учрамади. Бу кадрлар алмашинуви ҳақида хабар қилаётган нашрлар ҳам раҳбарлар алмашинуви сабаблари ҳақида расмий маълумот йўқлигини айтмоқда.

Бироқ, турли норасмий доираларда илгари сурилаётган яна бир тахминга кўра, мамлакатда бензин тақчиллиги деган муаммо сунъий равишда яратилмоқда. Бу эса пойтахтда бензин савдосида асосий манба саналган “ЎзГазОйл” компаниясининг давлат тасарруфига ўтиши, шунингдек, Ўзбекистонда нефт ва газ таъминотини ўз назоратига олгани айтиладиган “Зеромакс” компаниясининг ёпилиши ҳақидаги норасмий маълумотлар билан боғланмоқда.

Шундай мулоҳазада бўлганлардан бири бўлмиш тошкентлик суҳбатдошимиз шу кунларда шаҳарда ишлаб турган йирик ёнилғи қуйиш шаҳобчаларида ўзи дуч келган бир ҳолатни тилга олди.

- Заправканинг айримларида бензин бўлди. Лекин тепадан сотилмасин деган буйруқ бўлди. Битта заправкада танишим бор эди. Кириб “Бензин борми?” десам¸ “Ҳа¸ кир, заправка қилиб чиқ” деди. “Нимага сотмаяпсизлар?” десам¸ “Бизлар кичкина одаммиз. Бизларга тепадан сотилмасин деган буйруқ бўлган” деб ўтиришибди. Катта заправка. Ҳамма нарса етарли бўлса ҳам ишламаяпти. Айрим заправкалар ëпилаяпти. Катталардан “ишламасин” деган буйруқ бўлган. Шунинг учун сунъий равишда бензин тақчиллигини оширишаяпти деган фикрдаман¸ дейди тошкентлик суҳбатдошимиз.

Бу суҳбатдошимизга кўра, бензинни сотмаслик тўғрисидаги буйруқ ҳақида айнан давлат тасарруфига ўтгани айтилаётган “ЎзГазОйл” ёнилғи қуйиш шаҳобчалари ходимлари гапирмоқда.

Бир вақтлар “Зеромакс” ширкати тармоғидаги компаниялардан бирида ишлаган бошқа бир суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистонда нефт ва газ соҳасини ўз назоратига олган ширкатдан нефт манбаларини ўзлаштириш ва қазиб олиш соҳаси бутунлай тортиб олингани боис вақтинчалик тақчиллик юзага чиққан бўлиши мумкин.

Аввалги дастурларимизда иштирок этган “Зеромакс” ширкатига яқин манба ширкат хўжайинлари Гулнора Каримова ва Миродил Жалолов билан Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев ўртасида низо чиққан ҳамда Мирзиёев Ўзбекистон газ экспорти назоратини "Зеромакс"дан тортиб олишга ҳаракат қилаётгани ҳақида сўзлаган эди.

Шу боис ҳозирги тақчилликни бу мулкнинг тақсимоти бобидаги музокаралар бир нуқтага келмаганидан далолат сифатида баҳолагувчилар ҳам бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG