Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:28

Майкл МакФол: "Қирғизистонда барча фуқаролар ҳақлари ҳурмат қилиниши керак!"


АҚШ президентининг Россия ва Евросиё бўйича бош маслаҳатчиси Майкл МакФол Вашингтон Қирғизистон жанубида 11 июн куни бошланган зўравонликлар юзасидан халқаро текширув ўтказиш тарафдори эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди.
АҚШ президентининг Россия ва Евросиё бўйича бош маслаҳатчиси Майкл МакФол Вашингтон Қирғизистон жанубида 11 июн куни бошланган зўравонликлар юзасидан халқаро текширув ўтказиш тарафдори эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди.

"Биз бу ерда, Қирғизистонда одамлар ҳуқуқлари, айниқса, ўзбеклар ҳуқуқлари бузилаётгани тўғрисидаги хабарлардан қаттиқ ташвишдамиз".

Бу - АҚШ президентининг Россия ва Евросиё бўйича бош маслаҳатчиси Майкл МакФолнинг баёноти.

Бишкекка сафар қилган Вашингтон вакили қирғиз расмийлари ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Америкалик расмийнинг Қирғизистонга қилган икки кунлик амалий сафари 14 июл куни якунига етди.

Сафари давомида Майкл МакФол Бишкекда Қирғизистон ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаева билан учрашди.

Мулоқот чоғида икки томонлама муносабатлар, Қирғизистонда жорий йил октябрига режалаштирилган парламент сайлови, республикадаги ижтимоий-иқтисодий вазият, мамлакат жанубидаги вазиятни барқарорлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Бишкекка ташрифи натижалари тўғрисида сўзлар экан, Вашингтон вакили тилга олинган масалалар юзасидан ўтказилган сўзлашувлар тўғрисида айтиб берди.

Майкл МакФол АҚШ Қирғизистон жанубида 11 июн куни бошланган зўравонликлар юзасидан халқаро текширув ўтказиш тарафдори эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди.

- Юз берган воқеалар юзасидан тўла текширув ўтказилиши ўта муҳимдир. Бундай текширув халқаро миқёсда ўтказилиши керак, деб ҳисоблаймиз, деди Майкл МакФол.

Унинг айтишича, халқаро текширув ўтказилишига, Қирғизистон раҳбарияти қарши эмаслигини билдирган.

Вашингтон вакилининг билдиришича, АҚШ Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Қирғизистон жанубига халқаро полиция кучларини киритиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлайди.

МакФолга кўра, Ўш ва Жалолободга қуролсиз 50 полиция ходимини киритиш режалаштирилмоқда ва бу гуруҳнинг вазифаси кузатувчиликдир.

Халқаро полициячилар гуруҳини Қирғизистонга юбориш масаласи ЕХҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг 16-17 июл кунлари Қозоғистонда ўтадиган норасмий учрашувида муҳокама қилинади.

Майкл МакФолнинг Қирғизистонга сафари якунига етган куни (14 июл) халқаро Хьюман Райтс Уотч ташкилоти Қирғизистон жанубидаги вазият бўйича ўз ҳисоботини эълон қилди.

Ҳужжатда “Қирғизистон ҳукумати мамлакат жанубидаги июн ойида юз берган зўравонликларга алоқадорликда, унда иштирок этганликда гумон қилиб ўзбекларни ўзбошимчалик билан қўлга олишни ва оғир қийноқларга солишни тўхтатиши керак”лиги уқтирилган.

Ташкилот ҳисоботида, шунингдек, таркиби бир миллат вакилларидан иборат бўлган қирғиз қуролли кучлари маҳаллий ўзбекларни мунтазам равишда ҳақорат қилаётгани ва уларга нисбатан зўравонлик қўллаётгани қайд этилган.

Оқ Уй вакили Майкл МакФол бу масалани ҳам қирғиз расмийлари билан мулоқотлари чоғида кўтаргани, 11 июнгача бўлган вазиятга қайтиш учун конкрет қадамлар ташлаш лозимлигини уқтиргани тўғрисида билдирди.

- Биз бу ерда, Қирғизистонда одамлар ҳуқуқлари, айниқса ўзбеклар ҳуқуқлари бузилаётгани тўғрисидаги хабарлардан қаттиқ ташвишдамиз. Маҳаллий ва Америка нодавлат ташкилотларининг бу ҳақдаги эътиборимизга ҳавола қилган таҳликали хабарлари кўп бўлди. Уларда тилга олинган воқеаларни Қирғизистон ҳукумати билан сўзлашувларда кўтардик, деди Майкл МакФол.

Вашингтон вакилининг айтишича, у қирғиз расмийларига "Баъзи фуқароларнинг эмас, балки барча фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳурмат қилинсагина, барқарорликка эришиш мумкин", деган.
XS
SM
MD
LG