Линклар

Амирий ватанига қайтиб келди


2009 йилда АҚШ разведка хизмати томонидан ўғирланганини иддао қилаётган эронлик физик олим Шаҳрам Амирий бугун АҚШдан Эронга қайтиб келди.


Шаҳрам Амирийни Теҳрон аэропортида оила аъзолари ва расмийлар кутиб олдилар. Эронлик олим душанба куни Покистоннинг Вашингтондаги элчихонасидан бошпана топгандан сўнг Теҳронга қайтиш истагини билдирди.


Амирийнинг билдиришича, у 2009 йилда Саудия Арабистонида АҚШ Марказий разведка хизмати ходимлари томонидан ўғирлаб кетилган ва кейинчалик АҚШга олиб келинган.


- Мени Мадинадаги меҳмонхона ёнида АҚШ ва Саудия Арабистон разведка хизмати ходимлари ўғирлаб кетишди. Улар мени Саудия Арабистонида номаълум жойга олиб бориб, беҳуш қилувчи дориларни эмладилар. Кейинроқ мени ҳарбий учқичда Саудия Арабистонидан АҚШга олиб келишди, деди Шаҳрам Амирий.


Олим, шунингдек, АҚШда унга босим қилингани ва уни сўроқ қилиш жараёнида Исроил разведкаси ходимларининг ҳам иштирок этганини таъкидлади.


Бундан ташқари, Амирий АҚШ расмийлари унга Теҳрон ядровий дастури борасида ёлғон маълумот тарқатиш ва бунинг учун 50 миллион доллар таклиф қилганини билдирди.


АҚШ расмийлари эса Амирий иддаоларини кескин инкор қилиб келмоқда.


Аввалроқ АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон Шаҳрам Амирий АҚШга ўз ҳоҳиши билан келгани ва истаган маҳал мамлакат ҳудудини тарк этиши мумкинлигини таъкидлаганди.

XS
SM
MD
LG