Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:08

Зарина Раҳмонова дикторлик қилади


Тожикистон давлат телеканали мутасаддилари мамлакат президентининг қизи Зарина Раҳмонова уч ойлик синов муддати билан дикторликка қабул қилинганини билдирдилар.
Тожикистон давлат телеканали мутасаддилари мамлакат президентининг қизи Зарина Раҳмонова уч ойлик синов муддати билан дикторликка қабул қилинганини билдирдилар.

Тожикистон президенти қизи Зарина Раҳмонованинг давлат телевидениесида бошловчилик қила бошлаганига муносабат билдираётган мустақил таҳлилчилар бу қадамни унинг катта аудиторияга ўзини таништириш ва шу йўл билан катта сиёсатга йўл топиш мақсадида зангори экрандан фойдаланаётганини урғулашмоқда.

Тожикистон давлат телевидение ва радио қўмитасининг раиси ўринбосари Дилафруз Амирқулованинг маълум қилишича, Буюк Британияда таҳсил олиб қайтган 16 ёшли Зарина Раҳмонова телевидение маъмуриятига мурожаат қилиб, инглиз тилидаги хабарлар бошловчиси бўлиш истагини билдирган.

- Биз унинг таклифини қабул қилдик. Сўнгги уч ҳафта давомида Зарина студияларимизда бошловчиликни машқ қилди ва 14 июл куни илк бор инглиз тилидаги хабарларни жонли эфирда ўқиди. Зарина қўмитамиз билан уч ой муддатга шартнома тузган. Агар келгусида у бошловчиликни эплай олса, фаолиятини давом эттириши мумкин, дейди Тожикистон давлат телевидение ва радио қўмитаси масъули Амирқулова.

Расмий шартномада белгиланган уч ой муҳлат Зарина Раҳмонова учун синов муҳлати эканини билдириш баробарида бошловчиликни истаган тожикистонлик ҳар бир ёш йигит ва қиз бемалол телевидение маъмуриятига мурожаат қилиши ва улар аризалари ҳам ҳеч бир тўсиқсиз қабул қилиниши мумкинлигини таъкидлади.

- Телевидение учун муҳими ташқи кўриниш ва равон талаффуз. Шундай хусусиятга эга ҳар бир фуқро учун эшигимиз очиқ, деди давлат телевидение ва радио қўмитаси раиси ўринбосари Амирқулова хоним.

Аммо тожикистонлик сиёсатшунос Абдуғани Мамадазимов тожикистонлик ҳамма ёшлар ҳам шундай имкониятга эгалигига шубҳа қилишини айтади.

- Кўпчиликка маълумки, телевидение жуда қисқа муддатда жамиятда унча танилмаган одамдан таниқли шахс етиштириши мумкин. Зарина Ғарбда таҳсил кўрган ва унинг бугун шундай йўл тутишида ҳам Ғарбнинг таъсири бор. У томонларда кўпчилик ўзини жамоатчиликка таништириш учун замонавий ахборот воситаларидан фойдаланади. Шу нуқтаи назардан Зарина Раҳмонова ҳам бир кун келиб каттагина аудиторияга танилгач, иккинчи қадами катта сиёсат бўлиши мумкин. Бу мақсадига эришиш учун бошқа ёшлардан фарқли ўлароқ унга ҳеч қандай тўсиқ йўқ, дейди сиёсатшунос Абдуғани Мамадазимов.

Унинг фикрича, тожик жамиятида Зарина Раҳмонова сингари инглизчаси жуда яхши бўлган ёшлар талайгина. Аммо уларга одатда бундай имкониятлар берилмайди.

Мустақил таҳлилчи Ўлмас Раҳмонов эса бу фикрларга қўшилмайди. Таҳлилчига кўра, давлат телевидениясининг бошловчилари олаётган 400 ёки 500 сомоний (89 ёки 112 АҚШ доллари - таҳр,.) иш ҳақи ҳамманинг ҳам талабини қондирмайди.

- Инглиз ёки бошқа чет тилларини яхши билган ёшлар 400 ёки 500 сомоний иш ҳақи берадиган идораларда ишлашни хоҳламайди. Унинг ўрнига мамлакатдаги хорижий ташкилотларда ишга жойлашиб, бир неча баравар кўпроқ маош олишга ҳаракат қилади. Шунинг учун бу ерда: “у президентнинг қизи бўлгани учун ўша ерга жойлаштирилган, бошқаларда эса бундай шанс йўқ” деган фикрлар хато, деб биламан, дейди мустақил таҳлилчи.

14 июл куни зангори экранда инглиз тили хабарларини ўқиган Зарина Раҳмонованинг жуда равон ва ширин талаффузи ҳамда ташқи кўриниши жозиблиги оғиздан-оғизга кўчди.

Шу сабабдан бўлса керак, кейинги соат хабарларининг эфирга узатилишини интиқ билан кутганлар ҳам анчагина бўлди.

Шу ўринда эслатиб ўтсак,Тожикистон президенти Имомали Раҳмон собиқ иттифоқ президентлари орасида кўп болали оталардан саналади. Унинг етти қиз ва икки ўғли бор.

Айни пайтда Зарина президентнинг жамиятда танила бошлаган ягона фарзанди эмас.

Имомали Раҳмоннинг катта қизи Озода Раҳмонова бир йил аввал Тожикистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари вазифасига тайинланган эди. Унинг турмуш ўртоғи эса Тожикистон Молия вазирининг ўринбосари.

Президентнинг катта ўғли Рустам Раҳмонов эса бундан икки йил аввал Тожикистон Республикасининг Ёшлар иттифоқи раиси ўринбосари лавозимига тайинланган. Бу мамлакат қонунчилигига мувофиқ, мазкур идора президентликка номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга ягона жамоатчилик ташкилот саналади.

Имомали Раҳмоннинг тожикистонликлар орасида яхши танилган яна бир қизи Тахминадир. У катта тижорат билан шуғулланиши, Душанбе ва унинг атрофидаги туманларда қурилаётган турар-жой биноларини сармоялаштираётгани ҳақида айтиб келинади.

Шунингдек, Имомали Раҳмоннинг яна бир яқини, унинг қайининиси Ҳасан Асадуллозода катта тижорати ортидан Тожикистон ва ундан ташқарида танилган шахс. Энг йирик банк саналмиш “Ориёнбанк” раиси Ҳасан Асадуллозода “Талко” алюминий ишлаб чиқариш заводи фаолияти ва пахтачилик соҳасидан тушаётган даромадларни назорат қилаётгани айтилади.

Бироқ бу маълумотлар расмий манбалар томонидан тасдиқланмагани баробарида инкор ҳам қилинмайди.
XS
SM
MD
LG