Линклар

Тақиқланган санъат

  • Абдулла Искандар

Сахаров музейининг собиқ директори Юрий Самодуров ўзини айбдор деб ҳисобламайди.

Сахаров музейининг собиқ директори Юрий Самодуров ўзини айбдор деб ҳисобламайди.

Москванинг Таган туман суди “Тақиқланган санъат” деб номланган тасвирий санъат кўргазмаси ташкилотчиларини жавобгарликка тортди.



Сахаров музейининг собиқ директори Юрий Самодуров ва Третяков галереяси янги оқимлар бўлими бошлиғи Андрей Ерофеев жаримага тортилди.

Рассомлар яратган асарлар насронийлар ҳамиятига теккани боис юзага чиққан бу маҳкама тафсилотлари Россия ҳукумати ва черков ўртасидаги масофанинг қисқараëтганига гувоҳдай туюлади.

Маҳкамага 2006 йил ташкил қилинган кўргазманинг 9 экспонати сабаб бўлди. Бу экспонатларни ҳассослиги боис фақат кўргазмадаги махсус тешиклардан мўралаб кўриш мумкин эди. Одатда Масиҳ сиймоси турадиган тунж иконастас ичи қора увилдириқ билан тўлдирилган. Яна бир суратда Путин¸ Исои Масиҳ ва Пушкиннинг отамлашиб тургани акс этган. Яна бир расмда эса рассом Авдей Тер Оганян “Бога нет” деган шиор остида дам олаëтган қўғирчоқларни тасвирлаган. Бундан ташқари солдатни таҳқирлаëтган рус генерали¸ Макдоналдс тановвул қилаëтган авлиë ота суратлари ҳам жамоатчилик юрагига ғулғула соладиган¸ деб кўрилди.

“Бу кўргазма диний адоватни қўзғади” деган асосда Таган маҳкамаси ташкилотчиларни жаримага тортди.

Кўргазмани маҳкамага тортиш талаби билан чиққан диний гуруҳлар вакили¸ рус проваслав черкови ходими Всеволод Чаплин Интерфаксга "Бундай кимсаларни кечириб бўлмайди ва улар муқаррар жазога тортилиши лозим" деб айтди.

Айни пайтда кўргазма учун жаримага тортилган санъатшунос Андрей Ерофеев маҳкаманинг сиëсий буюртма эканлигини Озодлик мухбирига айтади.

- Бу сиëсий жараëн ва бу ерда ҳеч қандай демократик процедура йўқ¸ ҳуқуқий ҳам йўқ¸ фактлар уйдирмага асосланган. Умуман бутун бу машмаша пашшадан фил ясашга ўхшайди¸ дейди Андрей Ерофеев.

Ерофеев назарида ҳукумат қонун ва конституцияни эмас балки клерикал доиралар манфатларинигина ҳимоя қилмоқда.

- Бу ўнглар кўтарган шамол мамлакатни изғиринлар гирдобига олмоқда. Ҳали бу катта пўртана эмас¸ аммо бу хавф эшигимизни қоқмоқда. Нега ҳукумат черковнинг ëнини олмоқда деган савол залвори қийнайди бизни¸ дейди Андрей Ерофеев.

Айни пайтда суд ҳаками Юрий Самодуров ўз қарорини "Виждон ва диний тузилмалар эркинлиги" ҳақидаги федерал қонун доирасида қабул қилганини айтади.

- Бизнинг мақсадимиз диндорлар ва атеистлар орасида камроқ низо бўлишига эришиш¸ дейди санъаткорларни жаримага тортган Таган суди ҳаками.

Черков руҳонийси¸ Москва Ҳелсинки гуруҳи аъзоси Глеб Якунинга кўра маҳкамада айбловлар ўз исботини топмаган.

- Ҳамма айбловлар сохта. Александр Шергунов атрофидаги руҳонийлар ўз қавмларига бизнинг диний туйғуларимиз шикаст еди деб қўл қўйдириб олишган. Улар "мана проваслав диндорларнинг аксари бу кўргазмадан норози" деган иддаони ростга айлантирмоқчи бўлишди¸ дейди Москва Ҳелсинки гуруҳи аъзоси Глеб Якунин.

Санъаткорларни ҳимоя қилган адвокат Анна Ставицкаяга кўра¸ рассомларнинг ўз асарларида ифодалаган фикри маҳкамага ариза берганлар шикоятига асос бўла олмайди.

Самодуров ва Ерофеевни нафрат қўзғаш ва одамларнинг лавозимидан фойдаланиб ҳақорат қилганликда ҳам айблашди.

Улар эса ўзларини айбли¸ деб ҳисоблашмаяпти.

Россия матбуотида бу маҳкама ëритилган мақолалар остига изоҳ қўйганлар бу воқеа ўзбекистонлик фотосуратчи Умида Аҳмедова билан боғлиқ суд жараëнини эслашди.

Улар назарида ҳар иккала ҳолатда ҳам санъаткорнинг ифода эркинлигига тажовуз қилинмоқда.

Ўзбекистонлик рассом Бобур Исмоилов назарида¸ ифода эркинлиги бу фуқароларнинг тамал қадриятидир.

- Қийин масала¸ қийин савол. Чунки менинг ўйлашимча барибир рус тилида есть такое понятие свобода самовыражение в исскустве. Бу мен ўйлашимча популистик нарса. Ҳар бир мамлакатнинг ўзининг идеологияси¸ ўзининг политикаси бор. Ҳар бир мамлакат ўз идеологиясига тўғрилаб санъаткорларни фильтрацияга келтиради. Россияда ҳам шу нарса бўлган бўлса¸ бу показатель один из премеров.

Мен ҳозир сизга битта нарсани айтаман. Озгина дунë кезганман¸ кўрганман ҳозирги санъатни. Қаëққа ривожланиб кетаëтганини ҳам озгина биламиз. Мен ўйлашимча¸ бу ерда бу саволга жавоб йўқ. Чунки тўғри¸ осон жавоб бериб бўлмайди. Авваламбор аналитика қилиб ҳозирги санъат аҳволини кўриш керак. Санъат ҳозирги кунда инсонни гўзалликка яқинлаштирмаяпти¸ балки социал проблемный нарса бўлиб қолган. Замонавий Европадаги санъатга мансуб инсонлар нафақат рассомчиликда умуман мусиқада¸ актуал санъатда асосий мақсад проблемаларни кўтариш бўлиб қолган. Мана шу кўргазмага ҳам скандал ëки шов-шув қилиш мақсади қўйилган бўлса¸ они были на это готовый. Кўп жойларда ҳозир рассомлар ва санъаткорлар ўз кўргазмаси скандал тугашини мақсад қилишаяптида. Бу бор нарса. Улар ўз мақсадларига айнан мана шундай йўл билан етишмоқди. Ижобийми¸салбийми¸ фарқи йўқ. Асосийси¸ скандал бўлса бўлди. Плохой резонанс бўлса¸ улар очко йиғишади.

Озодлик: Мана сиз Илҳом театрини ичдан яхши биласиз. Мен ҳам кўп спектаклларини кўрганман. Оқ лайлаклар асарини баччабозликка кўп урғу берилган деб танқид қилишди. Сатирикон асарида яланғоч чиқадиган саҳналари бор. Буни Эски шаҳардаги мачитнинг қавми келиб кўрмасдику. Санъат кўргазмаларининг¸ спектаклларнинг диний туйғуларга унча таъсири бўлмаса керак деб ўйлайман. Сиз нима деб ўйлайсиз?

- Бу ҳозирги кунимизнинг аҳволи эмас. Тарихда ҳам бу нарса бўлган. Масалан¸ Ҳамза Ҳакимзода Ниëзийнинг асарларида ҳам диндорларга нисбатан танқид бўлган. Хўжа Насриддин латифаларини кўрсангиз¸ унда ҳам бор. Бу Оллоҳга қарши қаратилмаган. Ерда юрган динга мансуб одамлар ҳам сиз билан мендай бир жон.

Озодлик: Бунинг чегараси қаерда? 1990 йилларда Намангандаги ҳайкалтарошлар шикоят қилишган эди. Ўша ердаги диний гуруҳлар “Ҳайкалларни олиб ташлаймиз. Бу куфр” деб чиқишган экан.

- Ўйлашимча¸ нотўғри. Бу одамларнинг динга умуман муносабати йўқ. Мана менинг дўсту биродарларим кўп. Араб мамлакатларида¸ қувайтликлар ҳам бор. Кўп одамлар билан мен муносабатдаман. Шу инсонлар намозини ҳам ўқийди. Лекин дунëқарашига қойил қоламан. Ўзбеклар ҳам шу дунëқарашга етиб олса¸ тўғри иш бўлади. Чунки у одамлар ниҳоятда диндор¸ замонавий санъатни ҳам тушунади. Европага бориб катта кўргазмаларда иштирок этади. Керак бўлса сотиб олади. Ҳайкалнинг ҳам¸ замонавий санъатнинг ҳам динга ҳеч қанақа алоқаси йўқ. Наманганда бўлган воқеа одамларнинг ўзларининг ахмоқлиги.

Озодлик: Чегара қийинда. Қаерда диний туйғулар ҳақорат қилинадию¸ қаерда бу санъат эркинлиги деб тамсил қилинади? Мана шу чегаранинг қаердалиги ҳам қийинда.

- Тўғри қийин. Бу нарсаларни санъаткорларнинг¸ рассомларнинг ўзи популизировать қилиши керак. Энг асосийси¸ аҳолининг савиясини кўтариш керак. Аҳолининг ўзи қилмаса¸ ҳеч ким уларнинг ўрнига келиб ўқитмайди¸ ўргатмайди. Аҳоли ўзи билиши керак. Бошқалардан нима камимиз бор¸ дейди Бобур Исмоилов.
XS
SM
MD
LG