Линклар

logo-print

Ўзбекистонда заргарлик бизнесини ким назорат қилади?


Ўзбекистон заргарлик дўконларидаги аксар импорт молларининг контрабанда йўли билан киритилгани ҳақида тахминлар бор.

Ўзбекистон заргарлик дўконларидаги аксар импорт молларининг контрабанда йўли билан киритилгани ҳақида тахминлар бор.

Ўзбекистон божхоначилари ўтган ярим йил ичида мамлакатга контрабанда йўли билан киритилмоқчи бўлган 22 килограмм тилла ва заргарлик буюмлари мусодара қилингани ҳақида ҳисоб берди. Айни пайтда¸ заргарлик бозорида фаолият кўрсатаëтганлар¸ тилла контрабандачиларининг "бизнес шериги" айнан божхоначиларнинг ўзи эканини иддао қилмоқдалар.



Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати вакили бу ҳақда фақат маҳаллий журналистларга ахборот бера олишини айтди:

- Биз мана ҳеч қанақа тўсиқсиз уларни қизиқтирган саволларга жавоб берамиз. Аммо бизнинг фаолиятимизга четдан туриб қизиқувчилар учун Давлат божхона қўмитасининг сайти бор. У ерни биз деярли кунора янгилаб борамиз. Керакли маълумотлардан бемалол фойдаланинг.

Озодлик: Ўзингиздан ололмайманми?

- Йўқ¸ иложи йўқ. Tўғрироғи¸ менинг ҳуқуқим йўқ бу нарсага, деди Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати вакили.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси расмий интернет сайтига кўра, 2010 йилнинг биринчи ярми давомида 190 га яқин ҳолатда божхоначилар заргарлик буюмлари контрабандасига чек қўйилган.

“Натижада 1.3 миллиард сўм қийматдаги, салкам 22 кг тилла ва заргарлик буюмлари ўрнатилган тартибда мусодара қилинган”, деб ёзилади божхона қўмитасининг расмий сайтида.

Ўзбекистонда тилла ва заргарлик буюмларини заргарлик дўконидан ёки ноқонуний тилла бозорларидан харид қилиш мумкин. У ердаги молларнинг аксарияти Туркия, Бирлашган Араб Амирликларидан олиб келинган заргарлик буюмлари, дейди бухоролик суҳбатдошимиз.

- Эмиратдан кўп киши олиб келади. Олган нарсаларимизнинг кўпчилиги эмиратники. Уларнинг сорти паст. Пробалари паст юради. Улар катта¸ чиройли тахлайди. Бизларникилар кичкина¸ сифати яхши.Ўзбекистоннинг тиллосига ҳеч қайси тилло етмайди. Бизларникиларнинг пробаси баланд. Бизларники тилланинг қуймаси 996 проба чиқади. Ўшани 583 қилиб беради. Бу энди тилла тиш бўладиган ва ҳоказо. Ундан бошқаси ярамайди. Уларники билан тилла тиш қилиб бўлмайди. Синса бошқатдан улаб бўлмайди. Битта каттасини олиб келиб келиним кестириб кўрди. Ичи темир. Юзи тилла. Нархи арзон. Бизларники грамми 70 га чиққан бўлса¸ уларникининг энг қимматини тахминан 35-40. Бухоро тилласи ҳозир 70 мингга ҳам топилмайди, дейди бухоролик суҳбатдошимиз.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон бозорларига Туркия,Бирлашган Араб Амирликларидан контрабанда йўли билан кириб келаётган тилла ва заргарлик буюмлари¸ мамлакат ҳудудига асосан Тошкент халқаро аэропорти орқали кириб келмоқда.

Тошкент халқаро аэропорти Божхона хизмати Ўзбекистонга олиб кирилиши рухсат этилган тилла ва заргарлик маҳсулотлари ҳақида шундай деди:

Озодлик: Қанча олиб кирсам бўлади аэропорт орқали Ўзбекистонга?

- 30 грамм.

Озодлик: Ўзимнинг тиллаларимдан ташқарими ëки ..

- Ўзингиз қанча олиб кетасиз?

Озодлик
: Мен савдо қилмайман. Ўзим учун Туркиядан олиб келмоқчиман.

- Ҳамма шунақа дейдию. Савдо қилмайман дейди. Ўзингизникидан ташқари 30 грамм.

Озодлик: Ундан юқори бўлсачи?

- Ундан юқори бўлса мумкин эмас.

Озодлик:
Декларация қилсамчи?

- Барибир ҳам мумкин эмас.

Озодлик:
Бож тўлови билан ҳам мумкин эмасми?

- Йўқ мумкин эмас, деди Тошкент халқаро аэропорти божхоначиси.

Ўзбекистонга тилла ва заргарлик буюмларини олиб киришнинг ҳам ўз “одами” бор, дейди бухоролик собиқ тиллафурушлардан бири:

- Конечно, бунинг учун орқангда кишинг бўлиши керак. Мисол учун¸ бир миллиардлик нарсани олиб юра олмайсан. Налогга тушсанг ҳам¸ йўлда юрганингда ҳам поддержканг бўлиши керакда. Бўлмаса унча нарсани олиб юра олмайсан. Шунча нарсани қандай олиб юрасан? Любой одам ўғирлаб кетади, дейди "катта"тиллафурушлардан бўлган бу суҳбатдошимиз ўз исми айтилмаслиги шарти билан.

Ўз заргарлик дўконига эга Ҳалимжон ака дўконидаги маҳсулотлар турли жойлардан келтирилишини айтади:

- Ўзбекистон тилласи “Фанон” ишлаб чиқариб турибди. Шунинг тиллалари бизларда.

Озодлик:
Бу турк¸ араб тилласи эмасда.

- Бор¸ бор¸ туркдан ҳам келади¸ қисман Қозоғистонда ҳам ҳозир “киевский ишлаб чиқараяпти” дейди. Энди уни тушуниб бўлмайди. Чунки у чëрний йўл билан кириб келадида¸ кейин тарқатилади. Қисман бизга ҳам берилади. Ўша олиб келадиганлар бор.

Озодлик
: Хориждан тиллани Ўзбекистон ичкарисига ким олиб кириши мумкин?

- Одамлар кўп. Қиладиганлар ўзи ҳаммаси шунақа бўлган. Улар таможня орқали олиб келади. Келишган одамлари бор.

Озодлик:
Божхонадан қандай қилиб ўтказади?

- Уни мен билмадим. Мен унга ҳеч нарса дея олмайман.

Озодлик: Таниши бўлса ўтадими?

- Ҳа, дейди Ўзбекистон ичкарисига ноқонуний равишда олиб кирилаëтган тилла буюмлари контрабандачиларига асосан божхона ходимларининг ҳомийлик қилишини даъво қилган заргарлик дўкони эгаси.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли ва журналист Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистонда турли соҳа бизнеслари айрим шахслар томонидан бўлиб олинганлигини гапиради:

- Биз¸ масалан, нефт соҳасида палончи нима қилади, шакар бизнесини палончи назорат қилади¸ деган гапларни эшитганман.Лекин айнан заргарлик масаласида бунақанги нима йўқ. Тўғридан-тўғри олтин масаласини ўша президент оиласи ҳал қилади деган умумий гаплар юради, дейди ҳуқуқ фаоли ва журналист Абдураҳмон Ташанов.

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида заргарлик бизнеси фаолиятини ўрганган ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихоновга кўра, Ўзбекистонда бу бизнес ортида ҳам “криминал” гуруҳлар туради ва бу бизнес тизими айнан криминал асосда қурилган:

- Очиқ айтадиган бўлсак, заргарлик бизнеси билан шуғулланувчи одам ҳуқуқ-тартибот органларига улуш беради. Бу унинг контактлари бўлган ё милиция, ё прокуратура, ёки Миллий хавфсизлик хизмати. Демакки, агар дўконда контрабанда йўли билан олиб келинган заргарлик буюмлари бўлса ҳам, сотиш учун муаммо бўлмайди. Балким шу идоралардаги танишлари Ўзбекистонга олиб киришга ҳам ёрдам беришар, дея тахмин қилади ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихонов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, Ўзбекистонга контрабанда йўли билан кираëтган заргарлик буюмларининг бир қисми божхона хизмати томонидан қўлга олинганлиги уларнинг баъзи-баъзида “ўз вазифасини бажараётганлигини” кўрсатиш, холос.

Ўзбекистоннинг кўп соҳаларига аралашган Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова заргарликда ҳам ўзининг “Guli” брендига эга. Бироқ айнан Каримова хонимнинг бутун Ўзбекистон заргарлик бозорини назорат қилиш-қилмаслиги¸ бу бозорнинг яна қандай "китлари" борлиги айни пайтда жумбоқ бўлиб қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG