Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:49

Бухоро телеминорасига "соя солаëтган" ҳовлилар бузилиш арафасида


Афросиëбликлар ўз қўлларида қонуний ҳужжат борлигини¸ Бухоро меъмори эса¸ бундай ҳужжатнинг йўқлигини даъво қилмоқда.
Афросиëбликлар ўз қўлларида қонуний ҳужжат борлигини¸ Бухоро меъмори эса¸ бундай ҳужжатнинг йўқлигини даъво қилмоқда.

Бухоро шаҳридаги Отбозор маҳалласининг Афросиёб кўчасидаги 30 га яқин хонадон уйлари қисман бузиладиган бўлди¸ деб хабар берди мазкур маҳалла аҳлидан айримлари.

Бу ишлар¸ расман¸ Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигига қарашли радио-телевидение узатиш марказига тегишли бўлган телеминора чегарасини кенгайтириш мақсадида амалга оширилмоқда. Бу ҳақда шу кўчада яшовчи 75 ёшли онахон Саломат Шукурова шундай дейди:

- Олти метр ичкарига ўтасан¸ деяптида. Иморат қилгани ҳам қўймайди¸ ҳеч бир иш қилгани қўймайди.

Озодлик: Ўша олти метр деган жойда сизнинг бирор қурилишингиз борми?

- Тўғри гап¸ у ерда уй бор. Уч метрдан бу ëғига сабзихона бор¸ ҳаммом бор.

Озодлик: Шуларни бузинглар деяптими?

- Шуни олинглар деяптида.

Озодлик: Шу ерда уй қуриб кўчиб ўтганларингга неча йил бўлди?

- 40 йил бўлди. Совхоз эди. Мен ҳам¸ бобонгиз ҳам шу ерда ишлар эдик. Ўша билан шу ердан олганмизда.

Озодлик: Ҳужжатлаштириб берганми ахир?

- Ҳа. Совхоз томонидан ҳамма ҳужжатлар бор.

Озодлик: Сизларга товон пули берамиз деяптими?

- Йўқ¸ унақа гаплар йўқ¸ дейди Саломат Шукурова.

Шу кўчада яшовчи Комил Давидовнинг айтишича, унинг 20 йил олдин қурган уйи бузилиш чизиғига тушган. Унга кўра, уларга колхоз қонуний қилиб ер ажратиб берганида ҳали телеминора қурилишидан дарак ҳам йўқ эди:

- Вишка қурилмасидан олдин қурганман бу уйни. Ундан кейин¸ мана ўғилларим катта бўлди. Вишканинг девори йўқ эди. Ундан кейин девор қурди улар. Улар деворни менинг деворимнинг остидан қурди. 20 йил ўтгандан кейин уйни йиқитасан деяпти булар.

Озодлик: Нима учун йиқитасан деяпти? Нимага керак бўлибди уларга?

- У ердан олти метр пожарний йўл очиш керак экан. Шу пайтгача айтмади булар. Мен қурган вақтимда йўқ эди улар. Биз буни 1966-1967 йилларда колхоз вақтида олганмиз. Селсоветдан қарор бор бизларда. У пайтда бунақа гаплар йўқ эдику. Ҳозир шаҳар қарори чиққан экан. Кимда ҳокимнинг қарори бўлса¸ бузмас экан. Бу ерда ҳеч кимда ҳокимнинг қарори йўқ¸ дейди Комил Давидов.

Бу ерлар Бухоро туманидаги собиқ Фрунзе колхозининг 13 бригадасига тегишли бўлиб, ўтган асрнинг 60-70 йилларида колхоз кенгаши қарори билан одамларга томорқа учун бўлиб берилган эди.

1977-78 йилларда ана шу 13 бригада ҳудудида ҳозирги Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигига қарашли радио-телевидение узатиш маркази қурилган. Аввалига бу телеминора атрофи очиқ бўлган, кейинчалик 1983 йилда уни панел бетон деворлар билан ўраб олишган. Айни пайтда, бу марказнинг махсус ташкилот томонидан қўриқлаш зарурати пайдо бўлганидан ва ёнғин хавфсизлиги нуқтаи назаридан, Бухоро шаҳар ҳокимияти ўша бетон деворларга қўшни 30га яқин ҳовлини 6 метр нарига суриш ҳақида қарор қабул қилган. Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди ҳокимиятнинг бу қарорини маъқуллаган.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган отбозорликлардан бирининг айтишича, биринчи хато Бухоро шаҳар ҳокимиятининг ўзидан ўтган, чунки бу ерлар шаҳарга қўшиб олинганда тегишли равишда ҳужжатлаштирилиши лозим эди:

- Шаҳарга ўтгандан кейин шаҳар қоида бўйича аëлдан олаяптими шуни акт қилиб олиши керак. “Мана бу ер энди сенга қарашли. Колхоз сенга 15 сўтик ер берган экан. Шаҳар қоидаси бўйича олти сўтик берамиз сенга” деган гаплар бўлиши керакда. Акт қилиб олиши керак. Бу гаплар бўлмаган¸ дейди ўз исмини ошкор қилишни истамаган отбозорликлардан бири.

Бу одамнинг сўзларига кўра, айни пайтда суд ижрочилари кун ора келиб бу хонадонлар эгаларини 6 метр масофадаги уй ва бошқа қурилишларни бузишларини талаб қилмоқдалар. Акс ҳолда улар жарима билан қўрқитилмоқда:

- 20-30 хонадон қаерга боришини¸ кимга арз қилишини билмай ëтибди. Агар вақтида бузмаса¸ жарима кўпайиб кетаверар экан. Пули ошиб бораяпти дейди. Бу ëқдан мол-мулкингни нимага оламиз деб безовта қилаяпти¸ дейди ўз исмини ошкор қилишни истамаган отбозорликлардан бири.

Комил Давидовнинг айтишича, аслида телеминора ери жуда катта, ичкарига беда экиб ташлашган. Агар ўша девор 6 метр ичкарига олинса, ҳеч кимнинг асакаси кетмайди. Боз устига агар шундай қарор қабул қилинса халқнинг ўзи деворни кўчириб беради, дейди Комил Давидов:

- Жойи катта уларнинг. Бир гектардан ҳам зиëд. Бошқаларга сотган ўша вишка деворини ичкаридан қилиб жой қилган. Яқинда улар қурди. Вишкадагилар ўзи сотди ўша жойни. Сотгандан кейин вишканинг ичидан янги участка қурилди¸ дейди Комил Давидов.

Бухоро шаҳар ҳокимиятидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади. Шаҳар бош архитектори Бахтиёр Набиевдан нима сабабдан одамларнинг ўнлаб йиллар олдин қурган уйлари энди бугунга келиб бузилишга маҳкум бўлиб қолди, деб сўрадик:

- Фуқароларнинг қўлида қонуний ҳужжат йўқда ака.

Озодлик: Улар совхоз пайтида олишган. Қўлларида қарорлари борку.

- Қурилиш нормалари деган ҳужжат бор ака. Ана шу меъëрий ҳужжат билан ишлаймиз бизлар. Фуқароларнинг қўлида ҳужжат бўлмагани учун телевишка билан уй-жой орасида олти метр масофа бўлиши керак экан.

Озодлик: Телеминоранинг ичидан қурилса бўлмайдими? Нарироққа олса бўлмайдими у кўчани?

- Тўғри ака. Лекин фуқароларнинг қўлидаги ер майдони олти сўтикдан ортиқ.

Озодлик: Улар шу пайтгача йўл тушишини билмаганку. Улар қурган. Совхоз пайтида берилган¸ қўлида ҳужжатлари бор.

- Тушундим ака. Менга ҳам қулоқ солинг ака. Қонунни билмаслик сизни жавобгарликдан озод этмайдику ака. Уларнинг билмагани сўрамагин¸ дегани эмаску. Сўрагани йўқ. Мурожаат қилгани йўқ ариза билан бирор жойга. Мурожаат қилгандан кейин тўрт-бештасига биз “Ишхона билан уй орасида олти метрлик масофа бўлиши керак” деб жавоб берганмиз¸ дейди Бухоро шаҳар бош архитектори Бахтиёр Набиев.

Отбозорликлар Бухоро шаҳар ҳокимияти бу муаммони муроса-мадоро йўли билан эмас, балки зуғум билан ҳал этаётганидан норозилик билдирмоқдалар. Уларнинг айтишларича, бир пайтлар бу ерлар шаҳарга қўшиб олинганда ҳокимият БТИсининг ўзи ҳар бир хонадон уй режасини чизиши ва шунинг ортидан кейин бир қарор қабул қилиши керак эди. Чунки, улар телеминорага қўшни бўлгани йўқ, балки телеминора келиб уларга қўшни бўлган эди.
XS
SM
MD
LG