Линклар

Тожикистонликлар орасида ароқ ва ликер истеъмол қилиш 62 фоизга, коньяк истеъмоли эса 75 фоизга қисқарди, дея маълумот тарқатди Тожикистон давлат статистика қўмитаси. Айни пайтда мамлакатда ўткир спиртли ичимликларга бўлган талабнинг пасайиб кетганини тожикистонликларнинг ўзлари турлича изоҳламоқдалар.

- Асосан ароққа талаб камайган. Ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу вақтига нисбатан, масалан, ароқ ва ликерни олсак, 62 фоизга камайган. Коньяк эса 76 фоизга қамайган. Қаранг, магазинларда коньяк тиқилиб ётибдию харидор йўқ, дейди Тожикистон Давлат статистикаси масъулларидан бири Галина Аҳмаджонова.

Унга кўра, бу турдаги ичкиликлардан фарқли ўлароқ, вино ишлаб чиқариш ўтган йилдагиларга нисбатан ошган. Сабаби бу ичкилик асосан ташқарига экспорт қилинаётганида экан.

Шу ўринда айтиб ўтсак, бундан бир неча йил аввал Тожикистонда спиртли ичимликлар, хусусан, ароққа талаб жуда кучлилиги кузатиларди. Хусусан, тўй-ҳашамларда хоҳ у ресторанда бўлсин, хоҳ маҳалла-кўйларда дастурхоннинг каттагина қисми ароқ, шампан ва коньяклар билан безатилар эди.

Аммо бугун тожик элитаси тўйларини назарга олмаганда, аксарият тўй- ҳашамларда шўроча анъана деярли унутилгани сезилади.

Бунинг сабабларини билиш мақсадида оддий тожикистонликларга мурожаат қилдик.

- Аввал одамлар асабини тинчлантириш учун, хурсандчилик учун, дам олиш учун ичарди. Лекин кўрдики, бундан бир фойда чиқмайди, шунинг учун ичмай қўйди кўпчилик, дейди сўғдлик Фарҳод исмли суҳбатдошимиз.

Доимий респондентимиз Олмахон Раҳимова эса ичкиликка берилганлар сонининг камаяётганидаги асосий омил мамлакатдаги қашшоқлик даражасининг ошиб кетганида, деб билади.

- Бир қоп ун олиш қанчалик проблема. Бир бурда нон топиш, болаларни кийинтириш проблема. Умуман, озиқ-овқат масаласи қийинлашгани учун ҳозир одамлар бир азоблар билан топган пулини ароққа сарфламайдию, рўзғорга сарфлайди. Энди маҳалла-кўйда бор ҳозир ҳам ичадиган. Масалан, бизнинг қишлоғимизда битта-иккита уруғликка бор ичадиганлар. Лекин улар ҳам онда-сонда ичиб қўяди, дейди Олмахон.

Бошқа бир суҳбатдошимиз Малика Ортихолова фикрича, ароқ ичадиганларнинг жиноят оламига кириб қолаётгани бошқалар учун ибрат бўлаётир.

- Мастлик – пастлик, дейдилар. Ароқ ичгандан кейин одам ўлдиришга боради, зинога боради. Ароқ фақат ёмон йўлга олиб боради. Ароқ ичган одам ҳеч қачон яхши йўлга бормаган. Мен бундай фалокатларга учраган ичувчиларни, оилалари ажралиб кетганларни кўп кўрганман. Шу сабабли одамлар орасида ароқ ичиш камайган, деб ўйлайман, деди Рудакий туманида яшовчи Маликахон.

Кўп йиллардан буён кичик тижорат шуғулланиб келаётган Улуғбек Мамадалиевнинг айтишича, сўнгги йилларда ҳатто хусусий дўкондорлар ўз дўконида ароқ сотишдан ор қиладиган бўлиб қолган.

- Мен ҳам спиртной сотмайман. Чунки Ҳожи бува (ўз отасини назарда тутмоқда - таҳр.) қўймайдилар. Энди ичадиганлар ҳам аввалгидек кўп эмас, дейди Улуғбек Мамадалиев.

Яна бир суҳбатдошимиз, Тожикистон Ислом университети битирувчиси Алишер эса сўнгги йиллар мобайнида тожикистонликлар орасида ҳалолни ҳаромдан фарқлайдиганлар кўпаяётгани ортидан ароқ ва бошқа шу каби спиртли ичимликлар истеъмолчилари сони сезиларли камайган, дея мулоҳаза билдиради.

- Алҳамдулиллоҳ, кейинги йилларда ҳаром ва ҳалолни фарқлайдиган ёшларимиз кўпайган. Намозхонлар ва Исломдан хабардорлар кўпаяётир. Менимча, ароқхўрларнинг камайишидаги асосий сабаблардан бири шу бўлсак керак, дейди диний таълим олган Алишер.

Душанбедаги Шарқ ижтимоий таҳлил маркази Тожикистон аҳолиси орасида пиво ва арпа сувини истеъмол қилиш бўйича бир тадқиқот ўтказди.

- Тадқиқотларимиз натижаси шуни кўрсатдики, одамларнинг пивога унчалик майллари йўқ. Урф-одатларимизга кўра, ароққа ҳам унчалик иштиёқ сезилмайди. Менимча, бунга диннинг таъсири бўлса керак, дейди мазкур марказ раиси Музаффар Олимов.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси масъулларидан бири Ҳикматулло Сайфуллозода фикрича ҳам, ароқ ичувчилар сонининг аввалги йилларга нисбатан камайишидаги муҳим омил тожикистонликларнинг Ислом динига рағбати тобора кучаяётганидадир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG