Линклар

Озодликка қўнғироқ қилаётган ўшликлар ўз яқинларининг ҳамон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан асоссиз ушлаб кетилаётгани, вақтинча сақлаш изоляторларига яқинларини кўриш учун борган аёллар эса турли таҳқирларга учраётгани ҳақида гапирмоқдалар.

Бизга қўнғироқ қилган ўшликлардан бири, бир неча кундан буён Ўш шаҳар кенгаши депутати Дилшодбек Мўминов Ўш шаҳар ички ишлар бўлимида ушлаб турилганлигини айтди:

- Бир-икки марта чақиртирган, кечагинда ўзи борган доброволно ГОВДга. ГОВДга борса, олиб кириб қўйиб, бугун тўртинчи кун қўйиб юбормаяпти. Нима қиляпти, нима қўйяпти - билмаймиз, деди ўз исмини ошкор этмасликни сўраган ўшлик суҳбатдошимиз.

Унга кўра, июн ойида Ўшда бошланган воқеалар пайтида Дилшодбек Мўминовнинг машинаси ёқиб юборилган. Унинг ўзини эса маҳалладошлари қутқариб қолишган. Шундан сўнг Ўш шаҳар депутати Дилшодбек Мўминов Ўшнинг Ўн адир мавзесида жон сақлаган. Июл ойида эса депутатни бир неча бор ҳуқуқ-тартибот органларига терговга чақиришган. Сўнгги бор Ўш шаҳар ички ишлар бўлимига саволларга жавоб бериш учун борган депутат уйига ҳали-ҳануз қайтиб келмаган.

Яна бир ўшликнинг айтишича, Ўш шаҳри яқинидаги Калинин колхозида яшаб келган, 1991 йилда туғилган Элёржон Саитов Ўшдаги поликлиникалардан бирига кўзи оғриб мурожаат қилган пайти ҳибсга олинган. Унинг яқинларидан бири шундай гапириб берди:

- Сварочний иш қилади-да Ўшда, мана бу Фурқат томонида. Шунга поликлиникага кирган. Номер олиб, карта очтириб кутиб турса, битта қирғиз хотин келиб: “мени шулар урган” деб, милицияни чақиртириб, солдатлар бор экан, ўшаларга бериб, олиб келишибди. Биз кечқурун топдик уни.

Озодлик:
Маҳаллий қирғизлар шунақа дейишаяптими? Айблашаяптими?

- Ҳа. Мен ҳозир келиб ГУВДнинг ичкарисига кирдим. "Комендант билан гаплашайчи" деб кирсам, қирғизлар мени уриб, пачағимни чиқариб, олиб чиқиб қўйишди. Бугун урди. “Сарт, мени боламни ўлдиртирди. Сенлар ўлдирдинг, сен сарттансан” деб битта қирғиз хотин уришни бошлади. Мен айтдим: “Мен ҳам ўша ерда тортганман, мен Черемушкиданман. Мен ҳам ўша ишни кўрдим. Менинг ҳам бошимда ўша ишлар бўлди. Нимага энди мен сартман, сен-чи?” десам, “сен сарт, йўқол бу ердан. Нима қилиб юрибсан бу ерда? ” деб, урди. Ўша ердаги солдатлар, УВДдагилар қўйиб бераяпти-да.

Озодлик:
Аралашишмадими? Ҳимоя қилишмадими сизни?

- Аралашмади, йўқ, ҳимоя қилишмади. Охири битта қирғиз хотин бор экан, военний экан. Ўша чиқиб: “Эже, тушиб кетинг” деган эди, иложи йўқ, тушиб кетдим. Бўлмаса, уруш каттага айланиб кетар эди. Мени олиб кириб, ўткизиб қўяр эди, шу.

Озодлик: Қаерингиздан урди ҳалиги хотин?

- Вой, кўйлакларимни йиртиб юборди. Ҳозир ип топиб, тикдим. Юзларимни, бўйинларимни тимдалаб юборди. Просто аям бор, аямга кўрсатмай бекитиб ўтирибман. Шантажмас-да, булар ўзлари шантаж қилишаяпти, дейди суҳбатдошимиз.

Ўшликларнинг аксарияти ўз исмларини хавфсизлик нуқтаи назаридан эфир орқали бермаслигимизни сўрашади.

- Исмимни берсангиз, эрим йўқ бошимда, иккита болам ёш, - дейди ўшлик суҳбатдошимиз, - мени тинч қўйишмайди булар. Нима қилиш керак, ўйланг-чи, сиз нима дейсиз?

Озодлик:
Исмингиз билан берсак, топадими?

- Ие, албатта топади-да.

Озодлик:
Ўш катта жой-ку?

- Любой время топади, сию минуту топади, нима деяпсиз, деди айни пайтда ҳибсда сақланаётган 19 ёшли Элёржон Саитовнинг яқинларидан бири.

Саитовнинг яқинлари уни Ўш шаҳар ички ишлар бўлимида сақланаётганлигини айтганлиги боис, биз ушбу идора билан боғландик.

Ўш шаҳар ички ишлар бўлими навбатчиси ҳақиқатан уларда Элёр Саитов ушлаб турилганлигини тасдиқлади:

- Саитов Элёржон Тоҳирович. 16 июл куни ушланган. 97-модда бўйича, деди Ўш шаҳар ички ишлар бўлими навбатчиси.

Ўш шаҳар ички ишлар бўлими навбатчиси тилга олган 97-модда Қирғизистон Жиноий кодекси бўйича қотиллик содир этганликда гумон қилинганларга нисбатан қўлланилади.

Хозирча Элёр Саитовнинг ишини терговчи Ғуломов кўраётганлиги маълум.Ўш шаҳар депутати Дилшодбек Мўминов ҳақида эса маълумот олишнинг иложи бўлмади.

Айни пайтда Ўшда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан асоссиз ушлаб кетилаётганлар ҳақида келаётган маълумотлар кўпайиб бормоқда. Ҳибсга олинаётган ўшликларнинг кўпчилигини 16 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар ташкил этаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG