Линклар

Рафаэл Илёсов: Мен ҳам рефери бўлишни орзу қиламан!


Жанубий Африкадан Тошкентга қайтган Равшан Эрматов ва Рафаэл Илëсовлар катта тантана билан қарши олинди.

Жанубий Африкадан Тошкентга қайтган Равшан Эрматов ва Рафаэл Илëсовлар катта тантана билан қарши олинди.

Жанубий Африка республикасида ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатига ҳакамлик қилиб Ўзбекистонга қайтган рефери Равшан Эрматов гуруҳидаги лайнсмен - чизиқ ҳаками Рафаэл Илёсов Озодлик билан суҳбатда шундай дейди.


Жаҳон биринчилиги ўйинларида бешта ўйинга ҳакамлик қилган Равшан Эрматовга чизиқ ҳакамлари - ўзбекистонлик Рафаэл Илёсов ва қирғизистонлик ўзбек Баҳодир Қўчқоровларнинг ёрдамчилик қилгани футбол ихлосмандларига яхши маълум.

Аввалроқ Озодлик Жанубий Африкадан қайтиши билан катта тантаналар билан Тошкентда қарши олинган Равшан Эрматов ҳамда Баҳодир Қўчқоровлар билан ўтказилган суҳбатларни муштарийлар эътиборига ҳавола этган эди. Бу галги суҳбатдош мазкур учликнинг яна бир аъзоси Рафаэл Илёсовдир.

36 ёшли лайнсмен Рафаэл Илёсов Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳридан. Футбол бўйича жаҳон чемпионатида ҳакам ёрдамчиси бўлган Рафаэл аслида профессионал сузувчи.

- Мен айтишим мумкинки, профессионал футбол ўйнамаганман. Ҳамма болакайлар каби кўча футболини ўйнаганман, дейди суҳбат бошида ўзбекистонлик лайнсмен Рафаэл Илёсов.

Чизиқ ҳаками Илёсов 1995 йилда Тошкентдаги Жисмоний тарбия институтини тамомлаган. Ўша йилдан бошлаб у Тошкентдаги Футбол федерациясида амалиёт ўтай бошлаган. Кейинроқ Рафаэл Тошкентдаги МХСК футбол командасининг маъмури бўлиб ҳам фаолият юритган. Шунингдек, Илёсов Ўзбекистон чемпионатининг Тошкент вилоятидаги иккинчи лигасига ҳакамлик қилган.

- Шундай бўлдики, мен жисмонан тайёр бўлдим, тест, нормативлар топширдим ва сўнгроқ ФИФА лайнсменлари қаторига қабул қилиндим. Ундан олдин¸ албатта¸ Ўзбекистон биринчи лигасига, кейин Олий лигасига ҳакамлик қилдим. Натижада тавсифномалар беришиб, ФИФАга ўтиб кетдим. 2001 йили ФИФАга қабул қилиндим, дейди тошкентлик чизиқ ҳаками Рафаэл Илёсов.

Суҳбатдошимиз рефери Равшан Эрматов билан ҳамшаҳар бўлса-да, у билан яқиндан айнан ФИФА мусобақаларида танишганини айтади.

- Омад кулиб боққани туфайли, мана уч йилдирки, биз бирга ишлаяпмиз. У рефери сифатида, мен унинг ёрдамчиларидан бири сифатида. Албатта, мен ҳам рефери бўлиб ишлашни орзу қиламан. Бироқ ФИФА рефериси бўлиш учун бир йил умуман ўйинлардан четлашиш лозим. Ўзбекистон бу учун ариза топшириши лозим, катта тайёргарлик бўлиши керак. Бу¸ албатта¸ узоқ ва қийин жараён. Албатта¸ рефери бўлишни хоҳлайман, аммо ҳозирча лайнсменлик билан кифояланиб турибман, дейди чизиқ ҳаками Рафаэл Илёсов.

Жанубий Африка республикасида ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатида¸ суҳбатдошимизга кўра, лайнсмен томонидан қилинган хатолар туфайли бутун ҳакамлик гуруҳи мусобақалардан четлатилган ҳолатлар бўлди ва бу воқеалар чизиқ ҳакамларига юклатилган маъсулиятнинг қанчалар жиддийлигини кўрсатган.

- Мен улар атайин шундай қилди¸ дея айтмоқчи эмасман. Ҳаммамиз ҳам инсонмиз. Бироқ ҳакамнинг ишига лайнсмен хатоси нуқта қўйди. Биз¸ масалан¸ битта ягона гуруҳ бўлиб бордик. Яъни майдонда бир киши эмас, балки ҳаммамиз жавобгар эдик. Ҳар бир ўйин бузилишини кўришимиз керак эди. Албатта, лайнсменга кўп нарса боғлиқ, дейди ўз иши ҳақида Рафаэл.

Айни кунларда ўзбекистонлик рефери Равшан Эрматов гуруҳида жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилган Рафаэл Илёсов Қатарда бўладиган Осиё чемпионатига ҳозирлик кўришни бошлаб юборган.
XS
SM
MD
LG