Линклар

АҚШ Қирғистонга ҳар томонлама ёрдам бермоқчи


"АҚШ Қирғизистон жанубига киритиши режаланган ЕХҲТнинг халқаро полиция миссиясига ҳар тарафлама ёрдам кўрсатади", дея баёнот берди АҚШ давлат котибининг биринчи ўринбосари Жеймс Стайнберг.


Унинг сўзларига кўра, айни пайтда расмий Вашингтон бутун диққат-эътиборни Қирғизистон янги ҳукуматига биринчи навбатдаги ёрдам кўрсатиш масаласига қаратмоқда.


- Биз Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари салоҳияти ва профессионал даражасини оширишга кўмаклашиш масаласини кўриб чиқмоқдамиз. Бундан ташқари, биз Қирғизистонга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва демократиялаштириш жараёнларига ёрдам беришга тайёрмиз, деди Жеймс Стайнберг.


ИТАР-ТАСС агентлигининг билдиришича, АҚШ расмийси, шунингдек, Қирғизистон жанубида рўй берган қонли тўқнашувлар юзасидан халқаро текширув ўтказилиши лозимлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган.


-Қирғизистон жанубидаги вазият қалтислигича қолмоқда, бироқ маҳаллий ҳукуматнинг ўз ҳамкорлари, жумладан, АҚШ билан биргаликда барқарорликка эриша олишига умид бор, дея қўшимча қилди Жеймс Стайнберг.


Шанба куни Олмаотада учрашган ЕХҲТ ташқи ишлар вазирлари яқин фурсат ичида Қирғизистон жанубига 52 кишидан иборат халқаро полиция миссиясини юбориш масаласини муҳокама қилди. Бироқ ушбу масала юзасидан қандай якуний қарор қабул қилингани ҳозирча жамоатчиликка ошкор қилинмади.

XS
SM
MD
LG