Линклар

logo-print

Қирғизистонда қозоғистонлик қочқин аёл ғойиб бўлди


Қозоғистонлик қочқин Диянат Ердешов ўз хотини Самал Кисметованинг қозоқ махсус хизмати ходимлари томонидан ўғирлаб кетилганига шубҳа қилмаслигини айтади.

Қозоғистонлик қочқин Диянат Ердешов ўз хотини Самал Кисметованинг қозоқ махсус хизмати ходимлари томонидан ўғирлаб кетилганига шубҳа қилмаслигини айтади.

Қирғизистоннинг Қант шаҳрида вақтинча яшаб келган қозоғистонлик муслима Самал Кисметованинг яқинлари унинг қозоқ махфий хизмат ходимлари томонидан бир неча бор таъқибга учрагани таъкидларканлар, аёлнинг бедарак йўқолишига ҳам айнан шу хизмат вакиллари сабабчи бўлганини тахмин қилмоқдалар.

Қирғизистонда бедарак йўқолган 24 ёшли Самал Кисметова асли Қозоғистоннинг Атирау шаҳридан бўлиб, эри ва ўзининг диний қарашлари учун қозоқ махфий хизматларининг доимий таъқибига учрагани туфайли ўтган йилнинг ноябр ойида қўшни мамлакатга қочишга мажбур бўлган ва Бишкекдаги БМТ нинг қочқинлар иши бўйича ваколатхонасига бошпана сўраб мурожаат қилган.

Озодлик мухбири билан телефон орқали суҳбатда Самалнинг турмуш ўртоғи Диянат Ердешев 13 июл куни хотини соғлиғи ёмонлашгани боис шифокорга учраш ниятида уйдан чиқиб кетгани ва шундан сўнг уйга қайтиб келмаганини айтиб берди.

- Ўтган йилнинг 29 август куни номаълум кишилар хотинимни Атираунинг Ганюшкино қишлоғида яшаб турган пайтимизда қаттиқ калтаклашган. Ўша пайтда олган жароҳатларидан кейин уни икки марта операция қилдирдик. Бишкекка келганимизда, операцияда тикилган жойи очилиб кетди, шундан сўнг уни учинчи марта операция қилдирдик. Тўртинчи маротаба лазер операциясини бошдан кечирди. Оғир юк кўтаргани сабабли тикилган жойи очилиб, қон чиқа бошлади. Шу боис у ўша куни шифохонага кетганди, дейди қочқин аёлнинг турмуш ўртоғи.

Диянат Ердешевнинг айтишича, хотини бедарак йўқолганидан сўнг унинг мобил телефонига у аёлининг гўрини ҳам топа олмаслиги, бундан кейин унинг дўстлари ва дўстларининг фарзандлари ҳам ана шундай аҳволга тушишлари ҳақида СМС-хабар келган.

- Қирғизистонда референдум ўтказилишидан аввал мен йўқ пайтимда уйимизга нотаниш эркак келиб, хотинимдан эшикни очишни талаб қилган. Хотиним менинг уйда йўқлигимни айтганида, у: “Менга эринг эмас, сен кераксан”, деб дўқ урган, дейди Диянат Ердешев.

Ўтган йили Озодликнинг қозоқ хизматига интервю берган Самал Кисметова Қозоғистон ғарбида Ислом динига эргашувчилар сони йил сайин кўпайиб бораётгани ва уларнинг аксарияти қозоқ махфий хизмати ходимлари томонидан қаттиқ таъқибга учраётганини айтганди. Ўшанда Кисметова бир неча бор Атирау шаҳри Миллий хавфсизлик хизмати департаментига чақиртирилгани, ҳижобини ечмаган тақдирда қаттиқ босимга учраши ҳақида огоҳлантирилганини маълум қилганди.

Махфий хизмат ходимлари билан учрашганидан бир неча кун ўтиб, Самал Кисметова яшаб турган уйга номаълум кишилар бостириб кириб, унинг қаттиқ савалашганлари ва ҳижобини ечиб, уни бундан буён очиқ кийиниб юриши шартлигини айтиб қўрқитганлари ҳақида аввал хабар қилгандик.

Ҳозир Самал Кисметова оиласи каби яна икки қозоқ оиласи бошпана олиш мақсадида Қирғизистонда яшаб келмоқда. Қочқинларга кўра, бу мамлакатда ҳам улар қозоқ махфий хизматларидан яшириниб кун кечиришга мажбур бўлмоқдалар.

- Биз уч оила биргалашиб битта хонадонда яшаб келаяпмиз. Биз мунтазам қўрқув ичида яшамоқдамиз. Эркаклар ётган пайтимизда ёстиғимиз тагида болта олиб ётамиз. Номаълум кишилар бир неча бор уйимизга бостириб киришга ҳаракат қилдилар, эшикларимизни синдиришган пайтлари ҳам бўлди, дейди қозоғистонлик қочқин Диянат Ердешев.

Суҳбатдошимиз ўз уйларига ҳужум уюштираётган кишиларнинг Қозоғистон махфий хизмати ходимлари эканига, хотини Самални ҳам улар томонидан ўғирлаб кетилганига шубҳа қилмаслигини айтади.

Биз бу борада изоҳ олиш мақсадида Атирау шаҳар Миллий хавфсизлик хизмати билан боғландик. Бироқ исми ошкор этилиши ва овози ёзиб олинишини истамаган хизмат ходими айни пайтда Озодликнинг саволларига жавоб берадиган расмийнинг йўқлигини айтиб, телефон гўшагини илиб қўйди.

Айни пайтда Самал Кисметованинг сирли тарзда ғойиб бўлиб қолиши юзасидан БМТнинг қочқинлар иши бўйича Бишкекдаги ваколатхонасидан ҳам маълумот олишнинг имкони бўлмади. Ваколатхона ходимлари Озодликнинг қирғиз шўъбаси мухбири билан суҳбатда қочқинлар билан боғлиқ маълумотларнинг ҳаммаси конфеденциал маълумот эканини айтиб, бу борада бирор-бир изоҳ беришдан бош тортганлар.

Диянат Эргешовнинг айтишича, у хотини Самалнинг ғойиб бўлгани ҳақида 13 июл куни Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилган. Айни пайтда қозоғистонлик қочқин аёлни қидириш ишлари давом этмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG