Линклар

logo-print

Ўзбек дипломатлари Душанбеда боғида бурчак ташкил қилдилар

  • Гулнора Равшан

Душанбе шаҳридаги ботаника боғининг Марказий Осиё қисмида шу кунда Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси ходимлари томонидан экилган 50 туп дарахт дўстлик рамзи ўлароқ парвариш қилинмоқда.

Душанбе шаҳри марказида жойлашган ботаника боғининг умумий майдони 40 гектарни ташкил қилиб, унда Россия, Европа каби мамлакатларидан олиб келинган 1785 турдаги дарахтлар экилган экан.

Ўтган асрнинг 30-йилларида бунёд қилинган бу боққа, мазкур боғ директори Абдусаттор Холовнинг айтишича, ўтган давр ичида илк бор Марказий Осиё мамлакатларидан новдалар олиб келиниб экилган.

- Шу йил Конституциямиз нишонланган куни президентимиз Имомали Раҳмон мамлакатдаги дипломатик корпуслар вакилларига мурожаат қилиб, шу боғнинг ободончилиги ва халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш учун ҳиссаларини қўшишга чақирган эди. Шундан кейин биринчилардан бўлиб Покистон ва Ўзбекистон элчихоналари ўзларида экиладиган дарахтлар новдаларидан олиб келиб экишди. Покистон олти турдаги дарахт олиб келган эди. Шундан учтаси иқлимимизга мос экан, қолганлари мослаша олмади ва қуриб қолди. Ўзбекистондан олиб келинган 50 туп дарахт, кўриб турганингиздек, ям-яшил бўлиб, тобора яшнаб бормоқда, дейди ботаника боғи директори Холов.

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон ва Покистон дипломатларидан ибрат олган Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон элчихоналари масъуллари ҳам бу боққа ўз юртларида экиладиган дарахт новдаларидан намуналар совға қилганини маълум қилди.

Марказий Осиё мамлакатларидан олиб келинган ёш новдалар боғнинг географик жойлашув бўйича ажратилган “Марказий Осиё” қисмига экилган экан.

- Бу дарахтларнинг экилиши ортидан дўстлигимиз, бир-биримизга муносабатимиз мустаҳкамланади албатта. Бундай тадбирлар халқлар дўстлиги учун ўта аҳамиятли. Масалан, шу боққа келганлар бу экилган новдалар тарихи билан танишаётиб, “Мана ўзбекистонликлар ҳам шу боғнинг ободончилигига ҳисса қўшган экан”, деган хулосага боради. Бу жуда катта гап, дейди Абдусаттор Холов.

Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси консули Зафаржон Раҳимжонов ботаника боғини ободонлаштиришга ҳисса қўшиш икки қўшни давлат ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланиши сари қўйилган қадам эканини айтади.

- Шу мақсадда Сурхондарё вилоятидан махсус буюртма асосида келтирилган кипарис, сирен, Туркистон арчаси каби 50 туп дарахт экдик, дейди ўзбекистонлик дипломат.

Шу ўринда айтиш жоизки, Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон каби минтақа давлатлари учун ажратилган бурчакларни ботаника боғи масъуллари ёрдамисиз топиш қийинроқ. Чунки бу мамлакатлар учун ажратилган майдончаларнинг бирортасида ўша давлат номи ёзилган тахтачаларни учратмадик.

Шу сабабли бўлса керак, боғда сайр қилиб юрган душанбеликларнинг кўпчилиги дўстлик рамзи сифатида экилган ёш новдалар борасида бирор маълумотга эга эмаслигини ва бу борада бирор фикр билдира олмасликларини айтишди.
XS
SM
MD
LG