Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:24

Россияда тақирбошлар фаоллигининг сусайгани айтилмоқда


Россияда хорижлик меҳнат муҳожирларига қилинаётган ҳужумлар сони камайганига қарамай, маҳаллий ҳуқуқ фаолларига кўра, мамлакатда ажнабийларга нисбатан нафрат кайфияти ҳали ҳам сусайгани йўқ.
Россияда хорижлик меҳнат муҳожирларига қилинаётган ҳужумлар сони камайганига қарамай, маҳаллий ҳуқуқ фаолларига кўра, мамлакатда ажнабийларга нисбатан нафрат кайфияти ҳали ҳам сусайгани йўқ.

2010 йилнинг биринчи ярим йиллиги натижаларига мувофиқ, Россияда миллатчилар ва тақирбошлар қўлидан 20 дан ортиқ одам нобуд бўлган. Бу маълумотларни тарқатган Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюросига кўра, бундай ҳодисалар ўтган йилга нисбатан камайгани кузатилмоқда.

Москвадаги Инсон ҳуқуқлари бўйича бюро Россиядаги миллатчилик ва ксенофобияга тегишли статистика маълумотларини эълон қилди.

Бюро олиб борган мониторинг натижаларига кўра, Россияда миллатчилик кайфияти бироз сўнгани кузатилмоқда. Бу масалага доир ўз фикрини Озодлик билан суҳбатда билдирган Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси директори Александр Брод Россиядаги “миллатчилик ва ўзга маданиятни қабул қила олмаслик кайфияти йўқ бўлиб кетди” дейишга ҳали эрта деб ҳисоблайди:

- Тўғри, миқдор кўрсаткичлари нуқтаи назаридан оладиган бўлсак, ўлдирилган, яраланганлар сони ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада камайган. 2010 йилнинг биринчи ярмида миллатчиларнинг 90 маротаба ҳужум қилгани кузатилган. Натижада 22 киши ҳалок бўлган ва 105 киши тан жароҳати олган. Лекин умуман рус жамиятидаги тажовузкорлик, миллатчилик ва ўзга маданиятни кўра олмаслик кайфияти ҳам сўнмоқда, деб хулоса чиқаришга бироз эрта. Бу кайфият бошқа шаклга кўчмоқда, энг ачинарлиси, миллатчилар орасида террорчилик йўлини танлаётганлар кўпаймоқда. Энди миллатчилар ўз нафратини нафақат муҳожир ёки чет элликларга, балки давлат органи ходимлари - ҳакамлар, адвокатлар, милиция ва ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши қаратмоқда, дея таъкидлайди Александр Брод.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, бугунги кунда Россияда турли сиёсий-ижтимоий ташкилотлар ниқоби остида кўплаб машқ марказлари тузилмоқдаки, у ерда ҳарбийлашган тизимда курашиш, қурол билан фойдаланиш ва ҳатто хаотик тарзда портловчи моддаларни ясаш ўргатилмоқда.

Бюронинг маълумотларига мувофиқ, 2009 йилнинг биринчи ярим йиллигида 43 киши ўлдирилган ва 168 киши жароҳатланган, 2008 йилда эса 78 киши ҳалок бўлган ва 268 киши тан жароҳати олганди.

Жорий йилда миллатчилик асосида содир этилган жиноятлар бўйича биринчи ўринни Москва ва Москва вилояти (11 ўлдирилган, 37 жароҳатланган), иккинчи ўринни Нижний Новгород (2 ўлдирилган, 3 жароҳат олган), учинчини Доғистон (1 ўлдирилган, 6 жабрланган) эгаллади. Александр Броднинг айтишича, мазкур ҳужумларда, жумладан, ўзбеклардан 1 киши ўлдирилган ва 8 киши жароҳат олган.

Россияда фаолият олиб бораётан "Левада-центр" директори Лев Гудков ҳам Россияда миллатчилик кайфияти юқори даражада эканлигини гапиради:

- Тадқиқотларимиз шуни кўрсатдики, Россия аҳолисининг ярмидан кўпи шунчаки миграцияни чеклаш эмас, балки ҳар қандай, ҳатто майда хатоликлар учун муҳожирларни мажбуран бадарға қилиш тарафдоридир. Бундай кайфиятни йўқотиш учун, энг аввало, жамиятда тарбиявий тадбирларни йўлга қўймоқ зарур, дейди "Левада-центр" тадқиқот маркази директори Гудков.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг аксарияти миллатчилик кайфиятининг кучайишига Россияга келаётганларнинг маҳаллий урф-одатлар ва маданият билан таниш эмаслигини сабаб қилиб кўрсатмоқдалар. Нарофоминскда 5 йилдан буён яшаб келаётган Абдуллажон ака эса бунга маиший жанжаллар ҳам сабаб бўлаётганини қўшимча қилади:

- Мана мен турган жойга қирғиз-ўзбек болалар келди. 2-3 кун, ошиб кетса, бир ҳафта яхши юради, ундан кейин кечқурун пиво ичади, ароқ ичади ва бошланади ҳаммаси... Аввало Худо, қолаверса, ўзингизга боғлиқ экан-да, дейди Москва вилоятида 5 йилдан бери меҳнат қилиб, бирор марта ҳам миллатчилар тажовузига дуч келмаган Абдуллажон ака.

Бошқа бир суҳбатдошимиз Муҳаммад ака Клинскоеда меҳнат қилади. У охирги маротаба 2 йил олдин тақирбошлар қўлига тушганини эслади:

- 2 йил бўлиб қолди... Чап томондан ҳаракат қилиб қолишди, ётқизиб бир-икки тепишди. Тасодиф бўлиб, омон қолдик, қулоқ тагига битта тепки тушди: бир одам ёнимизни олиб ажратиб қолди ва автобусга ўтказиб юборди. Ёш болалар 22-ми, 20-миди - Гитлернинг туғилган кунини шундай тарзда нишонлашаяпти экан ўзларича. Лекин мана бу йил қандайдир тинч. Мана, Афанасьево деган қишлоқда ишладик, одамлари жуда яхши экан, муомалалари, умуман сўкинмас экан, қўшнилари чиқиб салом беради: ҳайрон қолдим, дейди Муҳаммад ака.

Одинцовода меҳнат қилаётган хоразмлик Беҳзод ҳам маҳаллийлар билан юзага келаётган нохуш ҳодисаларнинг кўпчилигида муҳожирларнинг ўзини айблайди:

- Бу ерда ўзидан кетган гастарбайтерлар ҳам кўп-да. Ўзининг меҳмонхонасида юргандек юришади. Шу болаларни културний жойларда юришини кўрсангиз: қўлида пиво, маст... Ахир бу ҳеч кимга ҳам ёқмайди-ку. Ҳалиям русларнинг кўпи ўзбекларга муносабати яхши. “Қаердансан?” деб сўрашганда, бизлар “Тошкентдан!” деймиз. “Ташкент город хлебний!” деб бизни ҳурмат қилишади, дейди Беҳзод.

Унинг фикрича, агар Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирлари мавжуд тартиб-қоидаларга риоя қилган ҳолда юрсалар, ортиқча муаммога дуч келмайдилар.
XS
SM
MD
LG