Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:38

АҚШ Давлат котиби Покистонда музокара ўтказди


Афғонистонда тўққиз йилдан бери давом этаётган уруш ҳақида Покистон раҳбарлари билан музокара олиб бориш мақсадида АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон 18 июл куни Исломободга борди.

Исломободга икки кунлик ташрифи чоғида Ҳиллари Клинтон Ал-Қоида ва Толибон жанггариларига қарши курашда муҳим иттифоқчи ҳисобланган Покистон ва АҚШ ўртасидаги алоқаларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилишни режалаган.

АҚШ Давлат котиби якшанба куни Покистон президенти Осиф Али Зардорий, бош вазир Юсуф Ғилоний ва ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший билан учрашди.

19 июл куни Клинтон АҚШ Покистонга 500 миллион долларлик ёрдам кўрсатишини эълон қилиши кутилмоқда. Бу маблағ сув, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳалари бўйича ишлаб чиқилган лойиҳаларга сарфланиши назарда тутилган.

БиБиСи телевидениеси мухбири билан суҳбатда АҚШ Давлат котиби Вашингтон терроризмга қарши курашда Исломобод томонидан “қўшимча чоралар” кўрилишини кутаётганини айтди.

Ўтган йили АҚШ конгресси беш йил давомида Покистонга етти ярим миллиард доллар ёрдам ажратиш ҳақидаги дастурни тасдиқлаган эди. Берилажак маблағ Покистонда мактаблар қуриш, инфратузилмаларни мустаҳкамлаш ва демократик ташкилотлар фаолиятини кучайтириш билан боғлиқ ишларга сарфланиши назарда тутилган.

Ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший Покистондаги қатор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш лойиҳаларда АҚШнинг иштироки катта аҳамиятга эга эканини, бундан Покистон халқи манфаат кўришини алоҳида таъкидлади.

Жанубий Осиё давлатларига сафари доирасида Ҳиллари Клинтон Покистондан кейин 20 июл куни Афғонистон пойтахти Кобулда ўтказиладиган анжуманда қатнашади.

Давлат котиби Вашингтон Афғонистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлаш, айни пайтда президент Ҳамид Карзайдан ислоҳотлар ўтказиш ҳақидаги ваъдасини бажаришни сўраши режаланган.

Шунингдек, жорий ҳафта охирида Ҳиллари Клинтон АҚШ мудофаа вазири Роберт Гейтс билан Жанубий Кореяда учрашади. АҚШ Давлат котиби минтақа давлати раҳбарлари билан музокаралар олиб бориш мақсадида Ветнамга боришни ҳам режалаган.
XS
SM
MD
LG