Линклар

АҚШ Покистонга молиявий ёрдам беради


АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон расмий Вашингтоннинг Покистонга 500 миллион долларлик ёрдам кўрсатишини эълон қилди.

- Бизга маълумки, аксар покистонликлар Американинг мамлакатдаги манфаати хавфсизлик соҳаси билан чекланган¸ деган фикрда. Аслида эса Покистон билан ўзаро ҳамкорлигимиз биргина хавфсизлик соҳаси билан чекланмаган. Бу иқтисодий, сиёсий, маданий, таълим-тарбия, тарихий ва ўзаро қариндошчилик алоқаларидир. Ўзаро алоқаларимиз борасида шу пайтгача мавжуд бўлган нотўғри тушунча биз ушбу йўналишда етарлича иш қилмаганимизни намойиш қилмоқда. Бугунги музокараларимиз эса айнан шу тушунчаларни ўзгартиришга ҳамда алоқаларни яхшилашга қаратилган, деди АҚШ Давлат котиби.


Хабарларга кўра, Вашингтон ажратаётган маблағни сув, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳалари бўйича ишлаб чиқилган лойиҳаларга сарфлаш назарда тутилган.

18 июл куни Исломободга борган АҚШ Давлат котиби Покистон президенти Осиф Али Зардорий, Бош вазир Юсуф Ғилоний ва Ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший билан учрашди.

BBC телевидениеси мухбири билан суҳбатда Клинтон Вашингтон терроризмга қарши курашда Исломобод томонидан “қўшимча чоралар” кўрилишини кутаётганини айтди.


Покистондан сўнг АҚШ Давлат котиби қўшни Афғонистонга йўл олади.

XS
SM
MD
LG