Линклар

"Самарқанд"дан тушган президент?

  • Замира Шукур

Гапираркан¸ Ислом Каримов қўлини самога тез-тез ниқтаб туради....

Гапираркан¸ Ислом Каримов қўлини самога тез-тез ниқтаб туради....

19 июл куни пайдо бўлган хабарларга кўра¸ ўзбекистонлик мунажжим олимлар томонидан кашф қилинган янги кичик планетага¸ ниҳоят¸ ном берилибди!



2007 йили Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Астрономия институти олимлари Баҳодир Ҳафизов ва Алексей Сергеевлар томонидан мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор кашф этилгани айтилаëтган бу кичик планетага ниҳоят президент Ислом Каримов “Самарқанд” деб ном берибди.

Маркази Ҳарвардда жойлашган Кичик планеталар маркази томонидан 2007 TU2 деб қайддан ўтказилган бу астероид эндиликда Самарқанд номини ташийдиган бўлди.

Бу астероиднинг кашф этилиши астрономия илми учун қанчалик катта воқеа¸ бунисига мутахассислар баҳо беришар. Аммо кичик планетага Самарқанд номининг берилиши¸ оддий ўзбекистонликлар тили учида йиллардан бери юрган бир саволга жавоб бергандек....

21 йилдан бери Ўзбекистонни муттасил бошқариб келаëтган Ислом Каримовнинг кўп айтганларини кўўў-п ўзбекистонликлар ë унчалик яхши илғашмайди¸ ëхуд унинг тилини яхши тушунишмайди.

Масалан¸ 1993 йил баҳорида Ислом Каримов бошмолдоғини осмонга қаратиб “августгача ҳаммаси зўр бўлади”¸ деган эди. Содда ўзбекистонликлар мана 17 йилдирки¸ августни¸ аниқроғи ўз ҳаëтларининг бош бармоқни тикка қилишга арзигулик тарзда зўр бўлишини кутишмоқда.

Ислом Каримовнинг¸ марҳум қизиқчи Ҳожибой айтмоқчи¸ ўзиданам қизиқ сўзи кўп.

“Қўлида қурол бўлмаса¸ ҳеч кимга хавф еткизмаса¸ким уларни отар қурол билан ўлдиради? Ким? Унақа одам¸ агар унақа қилса¸ бу ақли йўқ одамлар. Қайси ақлга сиғади¸ ҳей барака топгурлар¸ айтинглар? Барака топкурлар¸ унақа одамлар дунëда борми ўзи?”Бу хитобни Каримов Андижонда ўзбек армияси қуролсиз намойишчиларни ëппасига ўққа тутганидан икки кун ўтиб айтган ва бу гапларни эшитганларнинг кўпи 13 май куни Бобур майдонида отилган қуролсиз одамлар суратига қараб туриб¸ “ëпирай”дан бошқа сўз топа олмаган эди.

Яна биттаси:

“Қўпол бўлса ҳам гапиришим керак: ким бизларга думини кўтарадиган бўлса, бу дум худди Россияга қарши кўтарилгандай ҳисобланади”, деган эди ўн йилдан кўпроқ “шимолдаги катта айиқ”қа ташланишдан мазза қилиб келган Каримов 2005 йилнинг 4 ноябрида Москвага жўнаш арафасида ўзбекларнинг ўзига хос¸ ўзига мос андишасини ҳам унутиб.

“2008 йилда ўртача иш ҳақи бюджет ташкилотларида 1¸5 баробардан зиëд¸ бутун иқтисодиëт бўйича эса 1¸4 баробар ошди. Натижада ўтган йили ўртача иш ҳақи миқдори 300 АҚШ долларидан ортиқ бўлди. Аҳолининг реал даромадлари эса йил давомида жон бошига 23 фоиз кўпайди”¸ деди Каримов иқтисодиëт якунларига бағишланган анъанавий йиғинлардан бирида. На ўртача иш ҳақининг белгиланган меъëри ва на 300 доллар маош олувчи бюджет хизматчисини топиш мумкин бўлмаган Ўзбекистон шароитида Каримовнинг бу гапини эшитганлар¸ яна бир карра ëқа ушлаб қўя қолдилар.


“Бугун барча мамлакатлар ва халқларнинг бошига тушган ана шу савдо¸ яъни иқтисодий ўсиш суръатлари ва ишлаб чиқаришнинг кескин қисқариши¸ минглаб корхоналар касодга учраши натижасида ишсизликнинг кўпайиши¸ одамларнинг даромади ва турмуш даражасининг тобора пасайиб боришидан – бундай оғир қисматдан ватанимизни¸ халқимизни сақлаб қолиш ва бу синовдан ëруғ юз билан чиқиш 2009 йилда учун энг асосий ва долзарб вазифага айланди.

Бизнинг бу борадаги ҳаракатларимиз юртимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотлар ва мамлакатимизни янгилаш сиëсатининг¸ биз танлаган ўзимизга хос¸ ўзимизга мос миллий тараққиëт йўлининг¸ инқирозга қарши ўз вақтида кўрган чора-тадбирларимизнинг нақадар тўғри эканини яна бир бор тасдиқлаб бермоқда.”


Бу гапларни 2009 йилнинг 31 декабрида¸ мустақил бўлганидан бери муттасил иқтисодий инқироздан гапириб келаëтган¸ ишлаб чиқаришдан деярли асар қолмаган¸ ишсизлик даражаси 70-80 фоизга чиқиб¸ 5 миллиондан 8 миллионгача деб тахмин этиладиган ишчи кучи мамлакатдан ташқарида асосан мардикорлик қилиб юрган ўзбекистонликларга аталган Янги йил табригида айтди Ислом Каримов. Буни эшитганлар яна кулишини ҳам¸ куйишини ҳам билмай қўя қолди.

Ислом Каримовнинг “Нега министрнинг қизи бечора деҳқоннинг ўғлига эрга тегмайди?”¸ “Нега ўзбек швейцарияликлар каби икки қаватли¸ томи қизил черепицалик¸ олди гулзор боғчалик ҳовлилар солмайди?”¸ каби ажойиб ва ғаройиб гаплари рўйхатини анча давом эттириш мумкин.

Аммо бу рўйхатда Нега Ўзбекистон халқи турмушидан огоҳ бўлиб¸ уни яхшилаш учун хизмат қилиши лозим президентнинг нега бу қадар оддий халқ турмушидан олис¸ ОСМОНИЙ¸ ҳавойи гаплар қилади¸ деган соддагина саволга жавоб етишмайди.

Ислом Каримовнинг ўзбекистонликлар кашф қилган янги кичик планетага “Самарқанд” деб ном берганини ўқиб¸ бу саволга 21 йилдан бери изланаëтган жавоб топилгандек бўлди.

Ислом Каримов¸ расмий таржимаи ҳолига кўра¸ Самарқандда туғилган. Балки Ўзбекистон президентининг ватани кўпчилик содда ўзбек ўйлаган каби Моворауннаҳрдаги Самарқанд эмас¸ балки самода борлигини инсоният 2007 йилга қадар ҳатто билмаган "Самарқанд" планетасидир???

Шундай бўлса¸ нега президентнинг халқ билан “мен не дейману¸ қўбизим не дейди?”қабилида гаплашиши сабаби кундек ойдинлашади¸ қолади....

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG