Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:17

Ўзбекистон МДҲ эркин савдо шартномасига қўшилмади


Ҳозирча Россия¸ Беларус ва Қозоғистон аъзо Божхоналар иттифоқи яна беш давлатни ўзи билан яқин ҳамкорликка чорламоқда.
Ҳозирча Россия¸ Беларус ва Қозоғистон аъзо Божхоналар иттифоқи яна беш давлатни ўзи билан яқин ҳамкорликка чорламоқда.

Божхоналар иттифоқи таркибига кирувчи мамлакатлар ҳамда Арманистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон ва Украина эркин савдо тўғрисидаги ягона шартномани имзолашга ҳозирлик кўрмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон бу шартномага қўшилмаслигини билдирди.


Божхоналар иттифоқи таркибига кирувчи Россия, Беларус ва Қозоғистон ҳамда МДҲнинг яна беш давлати ўртасида эркин савдо тўғрисидаги ягона шартнома имзоланиш арафасида. Кузатувчиларга кўра¸ Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш уринишлари яна натижасиз қолганидан сўнг¸ Москва собиқ иттифоқдошлар ҳудудида бу халқаро ташкилотнинг ўзига хос мини-моделини яратиш тараддудига тушган.

Россия Бош вазирининг биринчи муовини Игор Шуваловга кўра¸ айни пайтда Божхоналар иттифоқидаги ҳамкорлари номидан Москва ҳукумати Жаҳон савдо ташкилоти билан музокараларни давом эттиради:

- Бу музокара гуруҳига Максим Медведков бошчилик қилади. Бу гуруҳ Божхоналар иттифоқи номидан Жаҳон савдо ташкилоти билан унга аъзо бўлиш борасида музокаралар олиб боради, деган эди Игор Шувалов Божхоналар иттифоқининг асосий мақсадларидан бирини белгилай туриб.

Россия Иқтисодий тараққиёт вазирлигининг халқаро шартномалар бўйича мутахассиси Максим Медведковга кўра, ушбу ягона шартнома унга аъзо давлатлардаги савдо стандартларини Жаҳон савдо ташкилоти талаблари даражасига яқинлаштиришни кўзда тутади.

- Эркин савдо тўғрисидаги янги шартнома 90-йилларда қабул қилинган икки тарафлама шартномалар ўрнини эгаллайди. Таъкидлаш жоизки, ягона бож тарифлари ва ягона импорт тўловлари фақат Божхоналар иттифоқи давлатлари билан амалга оширилади¸ эркин савдо шартномаси иштирокчилари учинчи мамлакатлар билан импорт тарифларини ўзлари белгилаб олишга ҳақли, деди Максим Медведков.

Вазирлик мутассадисининг сўзларига кўра, Жаҳон савдо ташкилоти ва эркин савдо тўғрисидаги шартнома аъзолари ўртасидаги ўзига хос воситачига айланаëтган бу келишувга ҳозирча Туркманистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон қўшилмаëтир.

Қозоғистонлик таҳлилчи Дўсум Сатпаев янги шартноманинг унга аъзо давлатлар учун яратадиган қулайликлар ҳақида гапиради:

- Бу шартноманинг асосий томони шундан иборатки, Россия, Қозоғистон ва Беларус ўртасида ҳар қандай иқтисодий чегаралар олиб ташланади. Албатта¸ тадбиркорлар учун бир қатор қулайликлар яратилади. Бу сўзсиз¸ товар айирбошлаш жараëнини тезлатади ва натижада улар нархига жиддий таъсир ўтказади. Аста-секин бу ташкилотга бошқа МДҲ давлатларининг ҳам тортилиши турган гап. Бу мамлакатлар учовлашиб Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ниятида. Менимча, Божхоналар иттифоқи ҳам ички бозорни бироз бўлсада¸ европача тартибларга мослаш ва охир-оқибат унга қўшилиш учунгина тузилган. Мана нима учун бошқа иқтисодий қолоқ давлатлар билан уларни Божхоналар иттифоқига таклиф қилмай туриб¸ эркин савдо зонаси каби шартномалар имзоланмоқда, дейди Дўсум Сатпаев.

Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг Россия таклиф қилаëтган яна бир тизимга қўшилмаëтгани сабабини изоҳлаган қозоғистонлик таҳлилич¸ буни кўпроқ бу уч давлат раҳбари¸ хусусан Ислом Каримовнинг шахсий иддаолари билан боғлайди:

- Бу масалада кўп нарса ушбу мамлакат лидерларининг шахсий сиёсий қарашига бориб тақалади. Ислом Каримов учун Ўзбекистон бошчилик қилмаётган ҳар қандай лойиҳа номақбулдир. Шу сабабли Каримов даврида Ўзбекистоннинг Божхоналар иттифоқи каби тузилмаларга аъзо бўлиши жуда қийин масала. Бугунга келиб Каримов янги тизимларга қўшилиш у ëқда турсин¸ ҳатто КХШТ ва Евросиё иқтисодий ҳамкорлиги гуруҳидаги ўз фаолиятини ҳам чеклаб бормоқда, дейди таҳлилчи Дўсум Сатпаев.

Мутахассисларнинг айтишича, Россия ҳукуматида ўз тадбиркорларининг¸ янги шартнома кучга кирган тақдирда¸ Қозоғистон ва беларуслик рақиблари билан беллашишга бардош бера олмасликдан қўрқув бор. Чунончи¸ Россия Иқтисодий тараққиёт вазирлиги мутахассислари Хитой ва Жанубий-Шарқий Осиё давлатларининг Қозоғистон орқали Россия бозорини ўз арзон маҳсулотлари билан тўлдириб юборишидан қўрқмоқдалар.
XS
SM
MD
LG