Линклар

Тошкент бозорларида нарх-наво ошиб бормоқда


Кейинги кунлар ичи Тошкент бозорларидаги энг катта ўсиш гўшт нархида кузатилмоқда.

Кейинги кунлар ичи Тошкент бозорларидаги энг катта ўсиш гўшт нархида кузатилмоқда.

Ўзбекистон пойтахтида ўтказилган кузатувларга қараганда¸ йигирма кун аввал бир кило мол гўштини 8500 сўмдан харид қилиш мумкин бўлса, айни пайтда бир кило гўшт камида 9500 сўм туради. Асосий истеъмол моллари нархининг ошиши қисман¸ бензин тақчиллашгани билан изоҳланмоқда.


Тошкентдан олинган хабарларга кўра, айни пайтда пойтахт бозорларининг барчасида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошган.

Озодлик илтимосига кўра, тошкентлик Жаҳонгир Шосалимов Чорсу бозоридаги нарх-навони ўрганиб, қуйидагиларни аниқлади:

- Мол гўштининг эски нархи 8500 сўм эди¸ ҳозир 9500 сўмдан сотилаяпти. Қўй гўшти олдин 9000 сўмдан 10 минг сўмгача бўларди. Ҳозир ошгандан кейин 10 минг сўмдан 11 минг сўмгача. Тухум деярли ўзгармаган - 180-200 сўм. Ëғ ҳам деярли ўзгармаган - 3500 сўмдан 4000 сўмгача. Олдин ҳам шунақа эди¸ ҳозир ҳам шу. Энг катта ўзгаргани буғдой. Буғдой ошмасдан олдин 400 сўм сотиларди¸ ҳозир 700 сўм. Картошка ўзгармаган. 400 сўм атрофида сотилаяпти. Пиëз ҳам ўзгармаган. Олдин 350 сўм эди¸ ҳозир ҳам шу. Сабзи олдин қимматроқ эди¸ ҳозир сал арзонлаган. Ошганларнинг ичида энг кўп ошгани ун. Уннинг биринчи сорти олдин 800 сўм эди. Ҳозир 1000 сўм. Олий сорт ун олдин 1000 сўм сотиларди¸ ҳозир 1200-1300 сўм сотилаяпти. Шакарнинг баҳоси ҳам қаттиқ ошган. Олдин 2200 сўм атрофида сотиларди. Ҳозир 2800 сўм. Қанд 2400 сўм эди. Ҳозир 3000-3200 сўм оқ қанднинг бир килоси, дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Бу каби нарх-наво Тошкентнинг Олой, Фарҳод, Юнусобод ва бошқа бозорларида ҳам кузилган.

Нарх-навонинг июл ўртаси¸ қоқ пишиқчилик мавсумига келиб кўтарилиши сабабларини билиш мақсадида Олой бозори маъмуриятига мурожаат қилдик.

- Бозорлар нархни назначать қилмайди ҳеч қачон. Бозорлар сотувчиларга жой қилиб беради¸ шароит яратиб беради колхозчиларга¸ фермерларга ўша маҳсулотини олиб келиб сотиши учун. Нархларнинг нимадан келиб чиқиши у Минфинга боғлиқ. Бозорлар фақат жой билан шуғулланади. Фақат сотиш учун жой ва шароит яратиб беради деҳқонларга. Нархларни бозорлар белгиламайди. Нарх-наво бозордан зависит эмас, дейди Олой бозори маъмурияти ходими.

Ўзбекистон Молия вазирлигидан эса “Бу борада ёзма равишда мурожаат қилинг” деган одатий жавоб олдик¸ холос.

Аксар таҳлилчилар¸ нархнинг кўтарилишини жорий йилнинг 1 августидан давлат бюджетидан ойлик олувчилар маошининг оширилиши билан боғлашмоқда.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов жорий йил 9 июл куни "Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақалар миқдорини 1,2 баробар ошириш тўғрисидаги фармон"ни имзолаган эди.

Ўзбекистонда кузатилаётган одатий ҳолатга кўра, ойлик маошлари ошиши арафаси бозорлардаги нархларда кўтарилиш кузатилади.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Сайфулла Зикиров ойликлар оширилиши арафасида нарх-навонинг кўтарилишини оддий халққа нисбатан зулм¸ деб ҳисоблайди.

- Бутун Ўзбекистон ичида тахминан 12 фоиз одам давлат ишида ишлайди. Бу ерда бюджетда ишлайдиган 12-15 фоиз одамларнинг ойлигини оширамиз деб туриб, қолган халққа нисбатан жуда қаттиқ зулм бўлаяпти. Ойликни беш фоизга кўтарса¸ бозорда нархлар 50 фоизга кўтарилиб кетиш эҳтимоли бор. Нафақат бозорда¸ балки саккиз хил маҳсулот борку туз¸ шакар¸ ун ва ҳоказо. Оддий гугуртгача бўлган саккиз хил маҳсулот ҳам¸ нонгача кўтариб қўйишади. Буни ошириб қўйишгани фойда¸ деб ўйлайди. Аслида бу фойда эмас. Ундан кўра иқтисодни яхшилаш мақсадида нарх-навони тушириш керак. Оширган сари пулнинг инфляцияга учраëтганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Бир қоп пулга бозор қилиб чиқишга тўғри келади. Олдин миллион-миллион пуллар қандай ишлатилган бўлса¸ яна шу даражада етиб бораяпмиз, дейди Сайфулла Зикиров.

Бошқа бир иқтисодчи Исмоил Аҳмедов эса нархнинг кўтарилишини ойликлар оширилиши билан боғлаш нотўғрилигини айтади.

- Баъзи бир ишлаб чиқарилаëтган маҳсулотлар бўлади. Уларни ойликка қараб оширишмайди. Ошириш мумкин¸ қачонки Ўзбекистонда бензин кўтарилса¸ ëқилғи ашëлари кўтарилса¸ божхона кўтарилса ёки валютага боғлиқ бўлса нархлар кўтарилади. Масалан, бундай ҳолатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархларини одамларнинг ўзлари оширади. Автоматик равишда одамларнинг ўзлари оширади. Масалан, Тошкентга асосан гўштни вилоятлардан олиб келинади. Мана охирги марта бензин ошди. Бензин ошгандан кейин йўл харажатлари автоматик равишда ошади. Тем более¸ вилоятларда бензин тақчиллиги жуда кузатилаяпти. Шахсан мен ўзим бензин 1200 сўм бўлиб турган пайтда¸ вилоятларда 3000 сўмдан сотилганини биламан. 3000 сўмлик бензинни ишлатиб Тошкентга гўшт олиб келиш катта харажатга тушади. Мана бу ерда молнинг нархи ошиб кетганига сабаб шу бўлади. Маълум нарсаларнинг ошгани таъсир қилади бозордаги нархларга, дейди Исмоил Аҳмедов.

Мана бу рўйхатда Тошкентнинг Чорсу бозоридаги айрим маҳсулотларнинг айни кундаги нархи акс этган:

Мол гўшти:
1 килоси 9500 (эски нархи 8500 сўм)
Қўй гўшти:
1 килоси 10 000- 11000 сўм (эски нархи 9000- 1000 сўм)
Биринчи навли ун:
1 килоси 1000 сўм (эски нархи 800 сўм)
Олий навли ун:
1 килоси 1200 –1300 сўм (эски нархи 1000 сўм)
Шакар:
1 килоси 2800 сўм (эски нархи 2200 сўм)
Оқ қанд:
1 килоси 3000-3200 сўм (эски нархи 2400 сўм)
Буғдой:
1 килоси 700 сўм (эски нархи 400 сўм)
Тухум:
бир донаси 180-200 сўм (деярли ўзгармаган)
Ëғ:
1 литри 3500-4000 сўм (деярли ўзгармаган)
Картошка:
1 килоси 400 сўм (ўзгармаган)
Пиёз:
1 килоси 350 сўм (ўзгармаган)
Сабзи:
1 килоси 500 сўм (сал арзонлаган)

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG