Линклар

logo-print

Британия Бош вазири АҚШга сафар қилади


Буюк Британия Бош вазири Дэвид Камерон АҚШ президенти Барак Обама билан учрашиш мақсадида бугун Вашингтонга сафар қилади.


Бу Камероннинг Бош вазир лавозимида АҚШга қилаётган биринчи сафаридир.


Оқ уй расмийларининг билдиришича, Афғонистон масаласи бугунги учрашув диққат-марказида бўлади. Бироқ кузатувчилар фикрича, Оқ уйдаги учрашувда British Petroleum ширкатига тегишли нефт платформасида рўй берган авария оқибатларини бартараф этиш масаласи ҳамда 1988 йилги Локерби фожиасида айбланган шахсни озод этишда British Petroleum ширкатининг Британия ҳукуматига босим ўтказганига оид тахминларнинг ҳам муҳокама этилиши кутилмоқда.


Яқинда бир қатор нашрлар Ливияда йирик нефт шартномаларини қўлга киритиш мақсадида BP ширкати "Локерби бомбачиси" номи билан танилган Магроҳийнинг озод этилиши учун лоббичилик қилгани хусусида хабар тарқатди.


АҚШ Сенати аъзолари Маргоҳийнинг озод қилинишида Британия нефт ширкати иштироки юзасидан текширув ўтказиш чақириғи билан чиқмоқдалар.


Ливия фуқароси Абдулбосит Магроҳий 1988 йилда Шотландиянинг Локерби шаҳарчаси устида йўловчи самолётини портлатганликда айбдор деб топилиб, 2001 йили умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Локерби фожеасида жами 270 киши нобуд бўлган. Ўтган йил Шотландия ҳукумати инсонпарварлик нуқтаи назаридан саратон касалига чалинган Магроҳийни озод қилган эди.

XS
SM
MD
LG