Линклар

Ўзбек ижодкорларидан ватанни улуғлаш сўралмоқда

  • Садриддин Ашур

Танловда қатнашмоқчи бўлганлар олдига қўйилаëтган асосий талаблардан бири¸ мустақиллик Ўзбекистонда инсон ҳақларининг қанчалар эъзоз топганини очиқ кўрсатишдир.

Танловда қатнашмоқчи бўлганлар олдига қўйилаëтган асосий талаблардан бири¸ мустақиллик Ўзбекистонда инсон ҳақларининг қанчалар эъзоз топганини очиқ кўрсатишдир.

Ўзбекистонлик ëзувчи¸ шоир ва журналистлар мустақилликнинг 19 йиллигига бағишланган танловга даъват қилинмоқда. Ижод аҳли “Энг улуғ, энг азиз” танловида ўз асарлари билан иштирок этиб, Ўзбекистоннинг 19 йиллик мустақиллик даврида эришган ютуқларини тараннум этишлари лозим.



Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Журналситлари ижодий уюшмаси томонидан эълон қилинган қўшма танлов қоидаларида айтилишича, танловга “бу муқаддас ватанда азиздир инсон” деган ғояни ўзида мужассам этган ижодий асарлар қабул қилинади. Бу асарларда Ўзбекистон учун мустақил тараққиёт йўлининг сиёсий соҳада, давлат ва жамият қурилиши, иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт ва маънавият борасида юксалиш ва ривожланишдан иборат бўлгани ва бу 19 йил давомида мамлакатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг мустаҳкам замини бунëд этилгани очиб берилиши керак.

Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон фикрича, бундай танловларнинг ўтказилиб турилиши яхши ва ёш ижодкорларга илҳом бахш этади:

- Одамзод совет даврида қийналиб ҳеч нарса ëзмай қўйган эди. Ҳозир ижодкорлар ўзлари таклиф қилсин¸ эркинлик¸ мавзу кўп. Менимча¸ мустақиллигимизнинг қудрати шундаки¸ ижодкорларни сўраб “қани бу темада¸ бу мавзуда ëзиб беринглар” деб турган бўлса. Қатнашмоқчи бўлаëтган дўст-ëрларга мен муваффақият тилайман, дейди шоир Омон Матжон.

Бироқ ўзбекистонлик айрим ижодкорларнинг айтишларича, бундай танловлар коммунистик партия ҳукмдорлик қилган йиллардан қолган мерос. Одамлар қалбига ватанпарварлик ғояларини зўрлаб сингдириш, халқ ўз кўзи билан кўриб турган оғир ҳаётни гўзал қилиб тасвирлаш каби усуллар билан собиқ иттифоқ мафкурачилари фаол шуғулланишган. Ўз исмини айтилишини истамаган ўзбекистонлик кекса ёзувчининг айтишича, ўзини демократик давлат деб атаётган Ўзбекистон ҳукумати бу меросдан воз кечган эмас:

- Бу ўзи коммунистик жамиятдан қолган иллат. Коммунистик жамиятда ҳам худди шунақа конкурслар¸ шунақа темалар¸ мавзулар олдиндан ташланиб¸ ўша атрофида буюртмалар асосида тўпланиб¸ китоблар қилиниб “Яшасин ватан! Яшасин буюк Советлар иттифоқи! Яшасин дунëдаги ягона демократик СССР!” деган байроқлар остида жаранг-журунг гаплар бўлар эди ва бу анъана тусини олган эди. Бугун бу нарсаларга бошқача кўз билан қараш¸ афсуски¸ одат бўлмаяпти. Мавзуларни олдиндан белгилаб бериш¸ “Мана шу йўлдан чиқмай кетасан. Мана шу арқондан ўзингни осасан. Мана шу қудуққа мана шу арқон билан осилиб тушасан” деган маҳкум ибораларга¸ буйруқларга ўхшайди бу, дейди кекса ёзувчи.

Унга кўра, ижод аҳлига бундай буюртмалар бериш¸ аслида ижод аҳлини таҳқирлашдан бошқа нарса эмас. "Ватанни жимгина суядилар” ва мустақиллик агар жамиятдаги одамларда эркинлик бўлса, жамиятда инсон ҳуқуқлари қадрланса ҳақиқатда қадрланади¸ дер экан бу суҳбатдош бугунги ўзбек жамиятининг мадҳу санодан кўра, кўпроқ танқидга муҳтожлигини айтади:

- Ижодни бунақа йўлларга буриб¸ ижод мулкининг устидан¸ ижод кишисининг устидан кулиш¸ уни таҳқирлашдан бошқа нарса эмас. Шунинг учун ҳам бундай ижодий конкурслар бир неча йилдан бери такрорланаяпти¸ бошқа турлари ҳам бор. “Олтин қалам” дегани бор. Ҳозир “Олтин қалам” олмаган маддоҳнинг ўзи қолмади. Лекин бирортаси оммалашмаяпти. Бирортасида жиддий ижодкорларни кўрмайсиз. Чунки уларнинг асарларида халқ дарди, халқ ташвиши йўқ.

Афсуски бир гуруҳ қарсакбоз ҳамиша топилган¸ ҳамиша топилади. Булар учун бу катта ижодий ютуқ деб қаралади¸ лекин аслида бу ижоддан анча йироқ. Ваҳоланки ватанда инсоннинг ўрни¸ ватанда инсоннинг қай даражада қадрланишини фақат ижобий ҳодисалар билан белгилаб бўлмайди.

Биз ўз ютуқларимиз билан бирга ўз камчиликларимизга тийран кўз билан қарамас эканмиз¸ ўз ватанида қадр топмаëтганларни айта олмас эканмиз¸ ўз ватанида ўз овозига эга бўлмаëтганларни тилга олмас эканмиз¸ бу ватаннинг ҳақиқий қадрига биз ҳеч қачон ета олмаймиз¸ ҳақиқий қадрини белгилай олмаймиз ва у бир гуруҳ қарсакбозлар¸ маддоҳлик ғоясини улуғловчилар атрофидаги ўйинга айланиб қолаверади, дейди ўзбекистонлик кекса ёзувчи.

Бу танловда тасвирий ва кино санъати ижодкорлари билан бирга журналистлар ҳам иштирок этадилар. Ўзбекистонлик ёзувчи Абулқосим Мамарасуловнинг айтишича, ойлик маоши рўзғорига ҳам етмайдиган ўзбекистонлик журналистлар учун бу оилавий аҳволини сал тиклаб олиш учун жуда қулай имконият:

- Энди яхши бўлади. 10-20 та ғолиб чиқади. 5-10 та ëрдамчиси бўлади. Ҳар қалай 30-40 та журналист¸ энди бизларда журналист энг камбағал халқ, биласиз. Қандайдир бир рағбатлантирувчи нарсалар олиб қолади. Оилавий бюджетини сал яхшилайди. Шу томондан яхши деб ўйлайман. У ëғи ўз йўлига. Телевидениедан бир-иккитаси олади¸ “Халқ сўзи”дан¸ марказий газетадан¸ битта-яримта вилоят мухбирларига ҳам бериб қўйишади. Энди унга қатнашишдан маъни йўқда. Албатта¸ ғоя яхши. Истак яхшию энди ҳамма гап унинг қай даражада ҳаëтга тадбиқ этилишида, дейди Абулқосим Мамарасулов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG