Линклар

logo-print

Ўшликлар қирғин қурбонларининг қирқини ўтказишди

  • Озодлик

20 июл куни Ўш ва Жалолободда ўлдирилганларнинг қирқи берилди.

20 июл куни Ўш ва Жалолободда ўлдирилганларнинг қирқи берилди.

20 июл куни яна бир гуруҳ Озодлик мухбирлари Прагадан Ўшга етиб борди. Улар сафида бўлган мухбиримиз биринчи кун кўрган-эшитганларига асосланиб Ўшнинг Черëмушки маҳалласидаги ўзбек оилаларига нисбатан тазйиқ ва таъқибнинг тинмаëтганини хабар қилди.


Озодлик мухбири Сарвар Усмон¸ асли ўшлик¸ Ўшнинг ҳар бир кўчаю мавзесини беш қўлдек биладиган одам. 20 июл куни Ўшга кириб борган мухбиримиз ўз она шаҳрини таниб-танимай қолганини айтади.


Нодира: Сарвар ака¸ Ўшдаги бугунги вазият қандай?

Сарвар Усмон: Шуни айтишим керакки¸ мен иккита Ўшга келгандай бўлдим. Икки хил Ўшга. Ўшдаги воқеалар бўлиб ўтганини билмаган одам шаҳарнинг марказий кўчаларидан ўтар экан худди бу ерда июн ойидаги тўполонлар бўлмагандай туюлиши мумкин. Лекин шаҳарнинг четроқ маҳаллаларига келсангиз¸ жуда кўп хонадонларда бугун ўша воқеаларда ўлганларнинг қирқини ўтказишди. Ана ўша даҳшатни¸ 40 кундан бери гапириб келганимиз даҳшатни кўриб одамнинг этлари жунжикиши мумкин. Ўша даҳшатни кўрдик.

Бугун эрталаб етиб келишимиз биланоқ бир телефон келиб қолди. Черëмушки мавзеига яқин бир маҳаллада Калинин кўча маҳаллада икки йигитни кеча кечки пайт олиб кетишиб¸ ўласи қилиб калтаклаб шаҳарга яқин жойга ташлаб кетишганлари ҳақида айтиб беришди ва биз ўша ерга етиб бордик. Биз ўз кўзимиз билан кўрдик. Калтакланганлар билан гаплашдик. Уларнинг овозларини ëзиб олдик. Имкониятимиз йўқлиги учун биз уларнинг овозларини бера олмаймиз. Биз кириб борган пайтда Чегара билмас мухбирлар¸ Чегара билмас врачлар ташкилоти уларга тиббий ëрдам кўрсатаëтганига гувоҳ бўлдик. Жабр кўрган иккала йигитнинг айтишича¸ уларни уйларининг олдидан¸ дарвозасининг олдидан олиб кетиб қолишган.

Нодира: Ким олиб кетган?

Сарвар Усмон: Ҳарбийлар. Комендант соати бошланмай туриб олиб кетиб қолишган. Айтиш мумкинки¸ уларни сазойи қилишган. Туни билан у томонга¸ бу томонга олиб бориб¸ шаҳар четида шаҳар канализацияси оқиб борадиган бир жой бор¸ ўша ерда “Ҳозир ўзларингга гўр кавлатиб¸ ўзларингни кўмамиз” дейишгача боришган. Шундай қийноқ. Иккала йигитнинг соғ жойи йўқлигини кўрдик. Черëмушкида бошқа бир аëлнинг уйига бугун саҳар бостириб киришган унинг учта ўғлини олиб чиқиб кетишган.

Шу жойда БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Неви Пиллайнинг бугунги баëнотини айтиб қўймоқчиман. У жуда кўп одамлар қўлга олингани¸ қўлга олинганларнинг деярли ҳаммаси ўзбек эканлиги ва уларнинг даҳшатли қийноқларга солинаëтгани ҳақида гапирган. Неви Пиллай бундай амалиëтларнинг на Қирғизистон қонунларига¸ на халқаро қонунларга тўғри келмаслиги ҳақида гапирган.

Нодира: Мана ўша ерда кўп аҳолининг уйлари ëниб кетди. Улар уйларидан қолган култепаларда палаткаларда яшашаëтгани ҳақида бизга сўзлаб беришган эди. Уларнинг аҳволи қандай? Уларга ëрдамлар келдими¸ ҳаëти сал енгиллашдими?

Сарвар Усмон: Бугун мен Черëмушки мавзеида яшаëтганларнинг деярли ҳаммасига “Сизни асосий ташвишга солаëтган нарса нималар?” деб бир хил савол бердим. Улар биринчи навбатда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг зўравонлигидан ташвишланишаяпти. Зўравонликдан қўрқишаяпти.

Иккинчиси¸ уйи ëнганлар давлатдан шу кунгача ҳеч қандай ëрдам бўлмагани ҳақида гапиришаяпти. Мен улардан “Давлат уйларни тиклашга ëрдам бериш ҳақида баëнот қилдими? Биров келдими ëки сизлар мурожаат қилсангизлар¸ мурожаатингларга қандай жавоб бўлди?” деб сўрасам¸ “Ҳеч ким келгани йўқ. Баъзи бировлар мурожаат қилишга қўрқаяпти. Баъзилари мурожаатдан фойда бўлишига ишонмаяпти” қабилида жавоблар беришди.

Нодира: Шу кунгача биз ўшликларнинг фикрларини тақдим этиб келдик. Бир тарафдан Ўшдаги вақтли ҳукумат расмийларининг ҳамда ҳарбийларнинг фикрларини тақдим этиб келдик. Бу фикрлар бир бирига мутлақо зид эди. Ўша зидликни кузатаяпсизми?

Сарвар Усмон: Зиддият шуки¸ шу кунгача айтилган гап яна такрорланаяпти. Биз билан суҳбатда бўлган ўшликларнинг деярли ҳаммаси “Июн воқеаларида ҳукумат аъзоларининг қўли бўлиши мумкин. Айниқса¸ шаҳар ҳокими Мэлис Мирзакматовнинг қўли бўлиши мумкин” дейишаяпти. Бу гапни турли маҳаллаларда¸ турли вазиятларда жуда кўпчиликдан бир биридан мустақил равишда гапирганлардан эшитдик. Эртага шаҳар ҳокими Мэлис Мирзакматов билан учрашув белгиланган. Агар ўша учрашув бўлиб қоладиган бўлса¸ ўшликларнинг кўнглидаги саволларни беришга ҳаракат қиламиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG