Линклар

АҚШда ўзбек пахтаси сотиб олинмайди


АҚШ Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон пахтаси импортининг таъқиқланишига бу маҳсулотни етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланилаётганини сабаб қилиб кўрсатмоқда.

АҚШ Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон пахтаси импортининг таъқиқланишига бу маҳсулотни етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланилаётганини сабаб қилиб кўрсатмоқда.

АҚШ меҳнат вазирлиги мажбурий бола меҳнатидан фойдаланилган 21 мамлакатдан сотиб олиниши таъқиқланмиш товарлар рўйхатини эълон қилди. Бу товарлар рўйхатида Ўзбекистон пахтаси ҳам бор.

Мазкур рўйхатга Хитойда ишлаб чиқарилган ўйинчоқлардан тортиб электроникагача, Кот д`Ивуарда тайёрланган кофедан какаогача, Аргентина, Ҳиндистон ва Таиландда ишлаб чиқарилган кийим бошдан тортиб Нигерия гранити, Буркина-Фасо олтини, Сьерра-Леоне олмосию Ўзбекистон ва Тожикистонда ишлаб чиқарилган пахта толасига киритилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил март ойи охирларида Швецияда чиқадиган “Independent World Report” журнали масъуллари ўзбек пахтасини “ўзбек болалари қонига ботган пахта” дея атаганди ва Европанинг етакчи ширкатларини қонли пахтадан тикилган кийимлар билан савдо қилаётганликда айблаганди.

Anti-Slavery International - Қулликка қарши халқаро ташкилот ва Environmental Justice Foundation - Табиат ва адолат жамғармаси эса “H&M” ва “Inditex” ширкатларини ўзбек пахтасини сотиб олишни тўхтатишга анчадан бери чақириб келмоқда.

Расмий Тошкент бу каби бойкотларга жавобан болалар меҳнатини таъқиқлаш бўйича бир қанча қарорларни қабул қилди.

2008 йили “Энг ёмон кўринишдаги бола меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш ва уни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

Шунингдек, ўтган йилда Ўзбекистонда “Болалар ҳуқуқи кафолатлари тўғрисида”ги янги қонун қабул қилиниб, Вазирлар Маҳкамасининг болалар меҳнатини таъқиқлаш бўйича махсус қарори эълон қилинди.

2009 йил 21 декабр куни президент Каримов имзолаган болалар меҳнатини таъқиқлашга оид яна бир ҳужжатда болалар меҳнатидан фойдаланган шаxслар жавобгарликка тортилиши кўзда тутилади. Аммо шу пайтгача Ўзбекистонда болалар пахта даласида мажбуран ишлатган масъул шахслардан бирортаси бошқалар учун ибрат бўладиган жазога тортилмагани ўзбек расмийлари қабул қилаётган қонун ва қарорларнинг “хўжакўрсин чора” эканидан далолат беради.

Мавзу тафсилотлари билан кун давомида танишасиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG