Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:12

АҚШ Тожикистон пахтасини сотиб олмоқчи эмас


Тожикистонда ҳам Ўзбекистонда бўлгани каби болаларни дала ишларига мажбуран жалб этиш амалиёти давом этмоқда.
Тожикистонда ҳам Ўзбекистонда бўлгани каби болаларни дала ишларига мажбуран жалб этиш амалиёти давом этмоқда.

Америка Қўшма Штатлари Меҳнат вазирлигининг Тожикистон пахтаси экспортини таъқиқлагани хусусидаги қарори АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси расмийлари томонидан тасдиқланди.

Элчихонанинг матбуот хизмати бошлиғи Дамиен Вамплернинг билдиришича, бунга Тожикистонда пахта етиштиришда мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани сабаб бўлган.

- Биздаги аниқ маълумотларга кўра, 2009 йил Хатлон, Сўғд вилоятлари мансабдор шахслари болаларни пахта теришга мажбурлаган, дейди АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси расмийси Дамиен Вамплер.

Айтиш лозимки, пахта импорти пахта импорти Тожикистон учун алюминийдан кейин асосий валюта манбаи саналади.

Аснода Тожикистон ҳукумат расмийлари айнан болалар меҳнатидан фойдаланганлик учун тожик пахтасини сотиб олмаслигини иддао қилаётган Америка томонининг қарори хато эканини таъкидламоқда.

Тожикистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазири Маҳмадамин Маҳмадаминов ҳукумат қарори билан пахтачилик соҳасида мажбурий болалар меҳнати расман таъқиқланганини ва ҳозирда тожикистонлик болалар собиқ шўро замонларидаги каби пахта теримида қатнашмасликларини қайд этади.

- Давлат раҳбари ҳам бир неча марта пахта йиғим-теримида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйишни таъкидлаган. Шунингдек, ўтган йили Таълим вазирлиги ҳам ўқувчилар пахта йиғим- теримига жалб қилинмаслиги борасида қарор қабул қилган эди. Бизнинг вазирлигимиз ҳам пахтачилик соҳасида мажбурий болалар меҳнатига қаршидир, деган эди шу йил вазирликнинг уч ойлик фаолиятига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида Маҳмадамин Маҳмадаминов.

Марказий Осиё барча давлатлари, жумладан, Ўзбекистон,Тожикистон ва Туркманистонда мажбурий болалар меҳнати расман таъқиқланган.
Аммо, маҳаллий ҳуқуқ фаолларига кўра, аслида бу мамлакатларнинг ҳаммасида ҳам турли йўллар билан болалар меҳнатидан кенг фойдаланилади. “Саодат” ижтимоий ташкилот раҳбари Манзура Султонова ҳам ана шундай фикрда бўлганлардан бири. Унга кўра, гарчи мактаблар эшигига қулф солиниб, болалар оммавий равишда пахта далаларига ҳайдалаётган бўлмаса-да, маҳаллий ҳукумат мулозимлари баҳор ва куз мавсумида ўқувчиларни “ота-оналарга ёрдам” баҳонасида далага чиқараётир.

Америка Меҳнат вазирлигининг экспорт қилиниши таъқиқланган маҳсулотлар рўйхатига тожик пахтаси билан Ўзбекистон, Хитой, Буркина Фасода етиштириладиган пахта ҳам киритилгани айтилмоқда.

Тожикистон СССР тарқаб кетгунга қадар ҳар йил бир миллион тонна пахта етиштирар эди. Бироқ ҳозирда бу рақам 300 минг тоннагача камайган.
Тожикистон иқтисод вазирлиги расмийларига мурожат қилиб, Америка ҳар йилт Тожикистондан неча тонна пахта сотиб олиши ва тожик пахтасининг қора рўйхатга тушиб қолиши бу мамлакат иқтисодиётига қанчалик зарар етказиши мумкинлиги билан қизиқдик.

Бироқ, афсуски, бизга номаълум сабаблар билан вазирлик масъуллари саволларимизни очиқ қолдиришди.

Аммо Тожикистон Қишлоқ хўжалик собиқ вазири Ваҳҳоб Ваҳҳобов Америка аввал ҳам, ҳозирда ҳам Тожикистондан пахта сотиб олмаслигини билдирди.

- Бизнинг пахтамизни асосан Голландия, Швейцария, Латвия, Австрия Эрон, Россия, ҳатто Ўзбекистон сотиб олади. АҚШ ҳеч қачон биздан пахта сотиб олмаган, дейди собиқ вазир Ваҳҳоб Ваҳҳобов.

Тожикистон қуйи палатаси депутати Шоди Шабдолов АҚШ ҳукуматининг тожик пахтаси бўйича қарори сиёсий хусусиятга эгалигини айтади.

- Мамлакатдаги асосий куч саналмиш эркакларнинг катта қисми Россияга муҳожир бўлиб кетди. Далада ишлаш аёллар ва болалар зиммасига юклатилди. Булар эса далада ишлашга, давлатнинг пахтасини етиштириб беришга мажбур. Америка томонининг бу қарори биз учун бир огоҳлантириш, деб ўйлайман. Давлатимиз бу борада жиддий ўйлаб кўрмаса, келгусида албатта муаммога дуч келишимиз мумкин, дейди Шоди Шабдолов.
XS
SM
MD
LG