Линклар

Камерон Эронни ҳамкорликка ундади


АҚШ ва Буюк Британия етакчилари Эрон ядровий дастури атрофидаги вазиятни музокаралар йўли билан ҳал этиш ҳалиям кеч эмаслиги, бироқ Теҳрон билан олиб борилаётган музокаралардан натижа бўлмаётганлиги туфайли ҳар иккала давлат Эронга қарши янги санкциялар қўллаш уринишларига содиқ қолажакларини таъкидладилар.


АҚШ президенти Барак Обама билан Оқ уйда ўтказилган музокаралардан сўнг журналистлар олдида чиқиш қилган Буюк Британия Бош вазири Дэвид Камерон расмий Теҳронни имкон қадар тез фурсатда халқаро ҳамжамият билан музокараларни бошлашга ундади.


- Эрон ядровий қуролни қўлга киритиш йўлидаги уринишидан воз кечиши керак. Биз Эрон режимини халқаро ҳамжамият билан музокараларни пайсалга солмай, қайта бошлашга чақирамиз. Бундай қилиш учун кеч бўлгани йўқ. Америка ва Британия ўз ҳамкорлари билан бирга, яхши ният билан музокара олиб боришга тайёр. Агар ҳамкорда бундай истак бўлмаса, биз БМТ Хавфсизлик кенгаши доирасида келишилган санкцияларни жорий қиламиз ва Европада ҳам бу борада зарурий чоралар кўрилади, деди Британия бош вазири Дэвид Камерон.

АҚШ ва Буюк Британия раҳбарларининг Вашингтон учрашувида асосий эътибор Афғонистон, Локерби фожиаси ҳамда Яқин Шарқ тинчлик жараёни каби масалаларга қаратилди. Обама ва Камерон Исроил ва Фаластин ўртасида бевосита тинчлик музокаралари қайта бошланишига чақирдилар.

Британия бош вазири Дэвид Камерон АҚШга илк расмий сафари чоғида америкалик сенаторлар билан ҳам учрашишни режалаган.

XS
SM
MD
LG