Линклар

Мелис Мирзакматов сувдан қуруқ чиқишга уринди

  • Озодлик

Мустақил кузатувчилар фикрича¸ ҳозирча Мелис Мирзакматовга қўйилаëтган айблар бўйича бирор иш қилишга муваққат ҳукуматнинг чоғи келмай турибди.

Мустақил кузатувчилар фикрича¸ ҳозирча Мелис Мирзакматовга қўйилаëтган айблар бўйича бирор иш қилишга муваққат ҳукуматнинг чоғи келмай турибди.

21 июл куни Ўшга борган Озодлик мухбирлари билан учрашган Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзакматов¸ Ўш қирғини учун айнан шаҳар мэрини айблаган собиқ ўринбосарларини "псих" деб атади; ўзбекларнинг хўрланаëтгани ҳақидаги БМТ баëнотларини эса "провокация" деб таснифлади.


Ўшга борган ҳамкасбимиз Сарвар Усмон ҳам шаҳар мэри билан бўлиб ўтган суҳбатда бевосита иштирок этди ва 21 июл кунги бу суҳбат тугаши билан унинг тафсилотларини ўргандик.

Сарвар Усмон:
Демак¸ бугун эрталаб соат 9.30 да шаҳар мэри Мелис Мирзакматов билан учрашув белгиланган эди. Бордик. Албатта¸ энди ҳар қандай амалдор каби бироз куттирди. Кирдик. Озодликнинг тўртта мухбири бор эди. Биз билан бирга Ал- Жазиранинг мухбири ҳам бор эди. Анча узоқ суҳбат бўлди. Суҳбатни Озодлик мухбири бошлади.

“БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Нави Пиллай кеча баëнот берди. Баëнотда кейинги кунларда кўплаб ëш йигитлар қўлга олингани ва уларнинг деярли барчаси ўзбек йигитлари эканлиги¸ уларга қийноқлар қўлланилаëтгани ҳақида гап боради. Шунга нима дейсиз?” деган биринчи саволга Ўш мэри “Бу провокация. Бунақа бўлиши мумкин эмас” деб жавоб берди.

Кейин мен кечаги уйи куйганлар билан учрашувдан келиб чиқиб иккита савол сўрадим. “Одамлар¸ уйи куйганлар¸ ўзбек маҳаллаларида яшайдиганлар биринчи навбатда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг¸ ҳарбийларнинг зўравонлигидан қўрқишаяпти” деб конкрет мисоллар айтдим. “Шундан хабарингиз борми?” десам¸ “Комендант соати жорий этилганидан бошлаб менинг ваколатларим комендантга ўтган. Мен бу вазиятни билмайман” деб жавоб берди.

Ундан кейинги савол ҳам уйи куйганларнинг ташвишларига оид эди. Уйи куйганлар шу кунгача давлатдан конкрет ëрдам ололмаëтгани ва уларда уйлари қишгача қайта тикланишига ишонч йўқлигини айтишган. Шунинг учун у кишидан “Сиз ҳокимият вакили ва шаҳар мэри сифатида нима деб ўйлайсиз? Қишгача улар уйли-жойли бўладими?” десам¸ жавоб яна конкрет бўлмади.

Ўш мэри “Биз бу бузилган¸ ëндирилган уйларнинг ўрнига икки хил вариантни таклиф қилмоқчимиз. Биринчидан¸ бу маҳаллаларни аралаш маҳаллалар¸ яъни ўзбек¸ қирғиз ва бошқа миллатлар бирга яшайдиган маҳалла қилмоқчимиз. Биринчи вариант¸ кўп қаватли уйлар қилмоқчимиз¸ иккинчиси ер участкаларида ўзларининг уйларини қайтадан тиклаш. Ҳали биз бир қарорга келганимиз йўқ. Биз буни халқ билан маслаҳатлашамиз” деди. Саволлар кўп бўлди. Мен ҳозир энг муҳимларини айтаяпман.

Халқ билан учрашувларда “Июн ойидаги тўполонларда Мелис Мирзакматовнинг ҳам қўли бўлса керак” деган шубҳаларнинг жуда кучлилигини сездик. Шунинг учун шахсан мен конкрет сўрадим. “Халқ аччиғидан айтаëтган бўлиши мумкиндир. Лекин сизнинг ўзинингизнинг иккита ўринбосарингиз – Темур Қамчибеков ва Бақит Аманбаевлар ҳам шу гапни айтган. Нима дейсиз?” десам¸ Мелис Мирзакматов биз билан гаплашиб турган жойидан шундоқ туриб бориб иш столидан бир қоғозни олиб келди. Бу тиббиëт хулосаси бўлиб¸ Темур Қамчибековнинг касаллик тарихи экан. Бировнинг касаллик тарихини ҳаммага ошкор қилишнинг нақадар ахлоқий экани бу энди бошқа масала. Лекин Мелис Мирзакматов “У киши руҳий касал. У кишининг отаси ҳам руҳий касал” деб узун ташхисни ўқиб берди. Мен тушунишим қийин бўлгани учун конкрет сўрадим. “Оддий тилга кўчирса¸ нима?” десам¸ “Короче псих” деди.

Мелис Мирзакматов ҳокимиятдан қувилган Қурмонбек Бакиевнинг жанубдаги одами ҳисобланади. Ўш қирғини учун муваққат ҳукумат айнан Бакиев ва унинг тарафдорларини айблаган.
Зебунисо: Бундан келиб чиқадики¸ бу одам конкрет саволларга конкрет жавоб бермасликка ҳаракат қилган ва берилаëтган сиëсий баëнотларни ҳам провокация деган.

Сарвар Усмон: Шу пайтгача ҳар хил оммавий ахборот воситаларида бу киши билан ўтказилган суҳбатларда нима дейилган бўлса¸ деярли ўзгариш бўлмади. Янги гап эшитмадик. У киши “Мен тўполон кунлари саккиз кеча ҳокимиятдан ташқарига чиқмадим. Шу ерда ухладим” деб иддао қилди. Энди ухласа ухлагандир. “Мен бутун ғайратимни шаҳарда барқарорлик ушлаш учун сарфлаяпман” деди.

Зебунисо: Сарвар ака¸ мана сиз шу одамнинг ëнида ўтириб гаплашдингиз. Бир соатдан ошиқроқ унинг кўзига қарадингиз¸ ўзини тутишини бевосита кузатдингиз. У одамнинг ўзи қанақа таассурот қолдирди сизда?


Сарвар Усмон:
Ўзини ўз хонасининг эгаси¸ мэр хонасининг асл эгаси сифатида тутаяпти. Нафақат хонаси¸ шаҳарнинг эгаси сифатида тутаяпти. Ўзининг кучига деймизми¸ ваколатларига тўла ишончда.

Мелис Мирзакматов Роза Ўтунбаева ўзини қўллашини таъкидламоқда.
Ўтунбаева билан муносабатлари тўғрисида ҳам савол бўлди. “Мана сиз ҳақингизда ҳар хил гаплар юради. Президент Ўтунбаева сизни ишдан олиб ташласа нима қиласиз?” деган саволга у киши “Йўқ аксинча. Ўтунбаева хоним билан муносабатларимиз яхши. Ўтунбаева хоним келганида менга ишонч билдирди. Менга Ўшда барқарорликни таъминлашни буюрди. Менинг истеъфом тўғрисида гап бўлиши мумкин эмас” деди.

Зебунисо: Сарвар ака¸ “У одамнинг атрофида жуда катта қуролли гуруҳлар юради. Мэрияни ҳам қанақадир қуролли бандалар қўриқлайди” деган гаплар бор эди. Бинонинг атрофида ëки ичкарисида нималар кўрдингиз?

Сарвар Усмон: Бинонинг атрофида қуролли гуруҳ бўлишини мен ҳам кутган эдим. Тўғрисини айтиш керак¸ бинонинг атрофида тўполон кунлари яқинларини йўқотган учта¸ нарироқда иккита қирғиз фуқароларини кўрдим. Бўз уй деймиз¸ шунақа уй тикиб олишган. Ўзлари бир штаб қилиб олишибди. У ерга қандайдир стол қўйиб олиб маълумотлар йиғишаяптими¸ хуллас тушунмадим. Бинога кираверишда қуроллилар гуруҳига кўзим тушгани йўқ. Бинога кириб кетаëтганда милиция пости бор. Битта милиция ходими турган экан. У киши билан Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири гаплашди¸ тушунтирди. Бизнинг ҳеч қандай ҳужжатимизни текширмасдан ўтказиб юборди ва учинчи қаватдами мэрнинг қабулхонасида ўтирдик. Бироз кутгандан кейин мэрнинг қабулига кирдик.

Зебунисо: Шу кунгача жуда кўп телефонлар бўлди. Мэрияга борган ўзбекларни бўз уйдаги қирғиз хотинлар дўппослаганию милициялар қараб тургани тўғрисида гапирилди. Ëн-атрофда бирор ўзбек кўриндими? Жабр кўраëтган ўзбеклар ариза билан мэрияга келаяптими?

Сарвар Усмон: Шуни айтиш керакки¸ мен шу икки хил Ўшни кўраяпман. Битта Ўш худди уруш бўлмагандай. Барқарор ҳаëт давом этаëтган шаҳар. Иккинчиси тўполонларда ҳужумлардан уйи куйганлар¸ зарар кўрганларнинг Ўши. Иккала Ўш бир бирига мутлақо ўхшамайди. Барқарор Ўшда ўзбекларни деярли учратмайсиз.

Мэр билан суҳбатдан чиққанимиздан кейин ортимиздан уч ўзбек аëли чиқди. Уни кўрдим. Мен уларни суҳбатга тортдим. “Қаердансизлар?” десам¸ “Калинин массивиданмиз” деди. Бу массивга уруш бошланганига 40 кун бўлган бўлса¸ бир мартагина гуманитар ëрдам борибди. Бу учала ўзбек аëли “Бизга гуманитар ëрдам керак. Биз жуда оғир аҳволдамиз. Ким беради?” деб мэриядан сўрагани келишган экан. Уларга “Ўзларингизнинг ҳудудий кенгашларингизга (маҳалла комитетлари раисларининг уюшмаси) бориб мурожаат қилинглар. Ўшалар ҳал қилади” дейишибди. Улар ўша гапга ишониб энди чиқиб келишаëтган экан.

Зебунисо: Сиз айтгандай суҳбатимиз бошида айтганингиздек¸ Ўшнинг ўзбеклар маҳалласи алоҳида дунëдай бўлиб қолаëтган бўлса ва бу дунë сиз ҳозиргина гаплашган Мирзакматовга ишонмаëтган бўлса¸ умуман шаҳарни назорат қилаяпмиз¸ тартиб ўрнатаяпмиз деяëтганларга ишонмаса¸ ҳатто улардан ëрдам сўрашга кела олмаса¸ қанақа қилиб иккита Ўш бирлашиши мумкин?

Сарвар Усмон:
Бу шу кунда ҳар бир ўзбекни ўйлантираëтган савол. Мана икки кундан бери юрибман¸ лекин худди 20 кундан бери юргандай бўлаяпман. Ҳар бир ўзбек мендан сўраëтган савол¸ аммо жавоб йўқ менда.

Зебунисо: ЕХҲТ полиция кучларининг кириш эҳтимоли ўзбекларда умидворлик туғдирганми?

Сарвар Усмон: Ўзбекларнинг ЕХҲТ полиция кучларининг келиши тўғрисидаги хабардан деярли хабари йўқ. Бу хабарни мен уларга тасалли тариқасида айтдим. “Ўша кучлар келса¸ милиция кучларининг ва ҳарбийларнинг зўравонлиги бироз чекланар” деган тасалли айтдим.

Зебунисо: Унда жабр кўрганларнинг Худодан бошқа суянадигани қолмабдида.

Сарвар Усмон: Худди шундай.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG