Линклар

АҚШ Пхенянга қарши санкциялар қўлламоқчи


АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон расмий Вашингтон Шимолий Кореяга қарши янги санкциялар қўллашини эълон қилди.


Бу ҳақда Ҳиллари Клинтон Сеулда Жанубий Корея ҳукумати вакиллари билан ўтказган музокаралардан сўнг билдирди.


Клинтон хонимнинг Сеул сафарига АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс ҳамроҳлик қилмоқда. Жанубий Корея расмийлари билан ўтказилган музокаралар чоғида АҚШ расмийлари яқинда Сариқ денгизда чўкиб кетган Чхонан ҳарбий кема масаласини ҳам муҳокама қилдилар.


Мазкур воқеа юзасидан ўтказилган халқаро текширув хулосасига кўра, Жанубий Корея кемасининг чўкишига Шимолий Корея ҳарбийлари томонидан отилган торпедо-ракетаси сабаб бўлган. Ушбу фожиада жанубий кореялик 46 нафар ҳарбий нобуд бўлган. Расмий Пхенян эса Чхонан кемаси фожиасига алоқадор эмаслигини таъкидлаб келмоқда.


АҚШ Давлат котибининг билдиришича, янги санкциялар Шимолий Корея ядровий дастурини молиялаштиришни назарда тутган лойиҳаларга қарши қартилган. Бундан ташқари¸ янги жазо чораларида Шимолий Корея раҳбариятига тегишли банк ҳисобларини нишонга олиш режаланган.


Куннинг биринчи ярмида эса Ҳиллари Клинтон ва Роберт Гейтс икки Кореяни бўлиб турувчи демилитаризациялаштирилган ҳудудга сафар қилди.


- Биз шимол томонга мужда йўллашни давом эттирамиз. Шимол фуқаролари фойда кўрадиган ва улар турмуш тарзини ўзгартирадиган бошқа йўллар ҳам мавжуд. Бироқ шимол томон ўз қарорида қатъий бўлар экан, АҚШ жануб ҳукумати ва фуқароларини қўллаб-қувватлашни давом эттираверади, деди Ҳиллари Клинтон.

XS
SM
MD
LG