Линклар

Ўзбек чегарасининг ëпиқлиги қочқинлик истаганларни иложсиз қолдирмоқда


Ўзбек-қирғиз чегарасининг айланма йўлларидан аввал ўзбек савдогарлари фойдаланган бўлса¸ эндиликда бу йўл чорасиз қолган ўшлик ўзбеклар учун нажот йўлига айланмоқда экан.

Ўзбек-қирғиз чегарасининг айланма йўлларидан аввал ўзбек савдогарлари фойдаланган бўлса¸ эндиликда бу йўл чорасиз қолган ўшлик ўзбеклар учун нажот йўлига айланмоқда экан.

Қирғизистондаги референдум арафасида 100 мингдан ошиқ ўшлик қочқинни шошилинч тарзда уйига қайтариб юборган Ўзбекистон ҳукумати қарийб бир ойдан бери ўзаро чегарани бутунлай ëпиб қўйган. Бу эса¸ икки дунë орасида қолган кўпгина ўшлик ўзбекларни чегарадан ноқонуний тарзда ўтишга мажбурламоқда.


20 июл куни Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилиб¸ қирғизистонлик ўзбекларнинг ҳимоя излашига имкон беришини сўради.

Маркази АҚШ да жойлашган мазкур ташкилотнинг қочқинлар масаласи бўйича бош тадқиқотчиси Жерри Симпсон айни пайтда Қирғизистон жанубида вазиятни ўрганмоқда. Унга кўра, Ўш ҳамон ўзбеклар учун хатарли жой бўлиб қолмоқда ва таҳдиддан паноҳ истаб Ўзбекистонга ўтмоқчи бўлган ўшликларни қирғиз чегарачилари ўққа тутмоқда.

- Бир неча кун аввал биз суҳбатлашган 101 оила орасидаги 15 оила аъзолари ўзларининг Ўш шаҳридан қочишга урингани ва қирғиз чегарачилари уларнинг Ўзбекистон томонига ўтишига йўл қўймаганини айтди. Чегара яқинида яшайдиган одамлар 11-12-13 июл кунлари Қирғиз чегарачилари чегарани кесиб ўтишга уринганларга қарата ўқ узганини тасдиқлади. Одамлар ўзларини чегарада кутаётган таҳдид ҳақида жуда яхши хабардор ва чегарага яқинлашишдан жуда қўрқишади, дейди Жерри Симпсон.

Ўшда қирғиз милициясининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига нишон бўлаëтган аксар ўзбеклар¸ қирғиз чегарачилари ўқига чап бериб¸ Ўзбекистон остонасига келгани билан¸ уларни бу ерда хавфсиз Ўзбекистон ҳудудига киритаман¸ деган одамнинг ўзи йўқ - Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарасини тақа-тақ ëпиб қўйган ва бугунги кунда икки давлат ўртасидаги ўтиб-қайтиш пунктларининг барчаси ëпиқ.

Андижон вилояти чегара бошқармасининг Озодликка ўзини таништиришни истамаган расмийси чегара пунктларининг тўлиқ ёпиқ эканини тасдиқлади ва чегаранинг қачон очилиши ҳақидаги саволимизга¸ "Юқори раҳбарият оч деган куни очамиз”, дея жавоб қайтарди.

Қирғизистон жанубидаги ўзбекларнинг¸ ўз хавфсизликларига нисбатан сақланиб қолаëтган таҳдиддан омон истаб Ўзбекистон чегарасига бош уришдан ўзга иложи йўқ ва бундай шароитда Ўзбекистон ўз чегарасини қайта очиб¸ қочқинларни киритиши лозим¸ дейди Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг қочқинлар масаласи бўйича бош тадиқоқтчиси Жерри Симпсон

-Ўзбекистоннинг бошпана изловчи одамни киритмасликка ҳаққи йўқ. Ўзбекистон фақат ўз миллий хавфсизлигига таҳдид деб билувчи одамларга мамлакатда қолиш рухсатини бермаслиги мумкин. Аммо таъқиб ва қийноқлардан қочаётган одамларни киритиш бўйича Ўзбекистон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга риоя қилиши керак. Уларни киритиб текширувдан ўтказганидан сўнггина¸ ўзи учун хавфли деб билганларини учинчи давлатга юбориши мумкин¸ дейди Ҳюман Райтс Уотч вакили Озодлик билан суҳбатда.

Қирғизистон жанубидаги аксар ўзбеклар учун хавфсизлик вазияти қалтислигича қолаëтган¸ Ўзбекистон ҳукумати эса¸ уларнинг бехавотир жойдан бошпана топишига имкон бермаëтган бир пайтда¸ оиласи ва болаларини учинчи давлатга кўчиришга қарор қилган ўшлик ўзбекларнинг кўпчилиги Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний йўл билан киришга мажбур қолмоқда.

Ўшлик суҳбатдошимиз 18 июндан буён Ўзбекистонда. Уч нафар фарзанди билан айни пайтда Тошкентда истиқомат қилаётган суҳбатдошимиз исми-шарифини хавфсизлик нуқтаи-назаридан бермасликни лозим топдик. Бу суҳбатдошимиз Ўзбекистонга ўзининг ноқонуний йўллар билан ўтганлигини айтади:

- Қонунан ўтиб бўлмаяптию ҳозир. Пул бериб ўтса бўлаяптида.

Озодлик: Неча киши шунақа қилиб ўтдингизлар?

- Мен билган кишилар беш-олтита. Ҳозир телефонлашиб турибмиз. Ҳар куни олиб чиқиб кетишаяпти экан болаларни. Ëш бола бўлса¸ выкуп сўраш учун олиб кетишаяпти экан. Уйлари яхшироқ бўлса¸ шунга қараб ставка қўйишаяпти экан. Масалан¸ мен билган болани 10 минг доллар бериб олиб чиқишди. Ҳозир четга чиқиб кетиш керак. Европага ëки у ëғи Америкага.

Озодлик: Ўшга қайтиш ниятингиз йўқми? Мана учта болангиз бор экан.

- Йўқ¸ ҳозир қайтиш йўқ. Мактаблар ҳам тугади энди. Кўпчилик мактаблар ҳам ишламайди.

Озодлик: Ҳозир сизга ўхшаб Ўзбекистонга ноқонуний ўтиб олганлар қанча бўлаяпти? Улар кунда ўтишаяптими ëки кунорами?

- Ҳар куни ўтаяпти. Қанчалигини билмайману бир-иккита эшитиб қолаяпман. Ноқонунийларни эшитаяпман. Қонунийлар¸ асосан Бишкек орқали келишаяпти. Транзит қилиб самолëтдан келишаяпти. Ҳар куни бир самолëт ТУ-154 тўлиб келаяпти экан. Иш йўқ ҳозирча. Қариндошлар бор. Шулар майда-чуйда қилиб турибди. Вақти ҳам келиб қолди. Энди секин жиламизда Россия томонга. Бу ерда энди иш йўқ экан. Қараб кўрдик, дейди ҳозирда уч боласи билан вақтинча Тошкентда яшаётган ўшлик суҳбатдошимиз.

Нима қилиб бўлса ҳам Ўшни тарк этиш¸ Ўзбекистонга ўтиб¸ ундан Россия ëхуд бошқа давлатларга муқим кетишни режалаганларнинг аксари¸ пул эвазига бўлса ҳам Ўзбекистонга кириш йўлини излаётганларини айтмоқдалар.

- Биз ҳам ўтмоқчи эдик¸ ўта олмадик. Мана шу кунларда ҳам ҳаракат қилдик. Ëпиқ экан. Энди қонуний ўтай дедикда. Чегарани ҳалигача ëпиқ дейишаяпти. Қандайдир пулларга ўтиб кетганлар бўлганини эшитаяпмиз лекин. Биз энди чегарадан қонуний ўтайлик дегандик. Лекин қариндошлариникига ўтиб кетишаëтганлиги тўғрисида гап бор.

Озодлик
: Нимага ўтиб кетаяпти?

- Аҳвол учун.

Озодлик: Аҳвол шу даражада аянчлими?

- Энди уни бу ерда яшаган одам билади. Бошқатдан паспорт қилиш керак¸ бошқатдан уй солиш керак. Унгача қаердадир яшаш керак. Кўчага чиқа олмаса ўғил болалар. Агар мен қочиб кетаëтган бўлсам¸ тасаввур қилаверинг.

Озодлик:
Сиз нима учун қочиб кетмоқчисиз?

- Билмайман¸ қаëққадир кетиш керак бўлиб қолди. Уйимиз йўқ¸ масалан. Уйимиз ëниб кетди. Документларимиз ҳам ëниб кетдида. Уни тиклаш осон эмас экан. Эски нарсаларни тиклашни сўрашаяпти. Бундан ташқари мана шунча ишдан кейин одамлар ғалати бўлиб қолди. Тўғрисини айтсам¸ хавфсизлик масаласи. Шунинг учун телефонда ҳам айтолмаяпман, дейди ўшлик суҳбатдош аёл.

Ўшлик Латифжон ака ҳам аҳволи кун сайин ночорлашаëтган таниш-билишлари ва қариндошларининг Ўшдан чиқиб кетиш ҳаракатида эканлигини айтади.

- Кетишаяпти. Нафақат Ўзбекистонга Россияга ҳам чиқиб кетишаяпти. Ўшликларнинг ярим қариндоши Ўзбекистондаю. Ака-укаси шу ерда¸ аммаси¸ холаси, деди ўшлик Латифжон ака.

Айни пайтда Қирғизистон жанубидаги вазиятни бевосита кузатаëтган Ҳюман Райтс Уотч ходими Жерри Симпсон ҳам ўшлик Латифжон аканинг гапини тасдиқлайди:

- Пули борлар Россияга учиб кетишга ёки бир амаллаб Россияга машиналарда етиб боришга ҳаракат қилмоқда. Лекин жуда кўпчиликнинг етарли пули йўқ. Биз аввалги ҳисоботларимизда қайд этганимиздек, Ўшда ҳамон таҳликали бир вазият ҳукм сурмоқда, ўнлаб¸ балки юзлаб одамлар ноқонуний тарзда ҳибсга олинаяпти, улардан пора талаб қилинаяпти, ҳибсда улар зўравонликка дуч келишмоқда. Бу жойдан қочиш учун жуда кўп одам ҳаётини яна таҳдид остига қўйиб Ўзбекистонга ноқонуний ўтишга ҳаракат қилишмоқда, дейди Ҳюман Райтс Уотчнинг қочқинлар масаласи бўйича бош тадқиқотчиси Жерри Симпсон.

Ўш қирғини бошланганидан бир кун ўтиб - 12 июндан бошлаб Ўзбекистон ўшлик қочқинлар учун ўз чегарасини очган ва уч кун ичида Андижон вилоятидаги қочқинлар лагерига ўшлик ва жалолободлик 100 мингдан ошиқ қочқин жойлаштирилган эди. Аммо орадан 10 кунча ўтмай¸ 27 июн кунги Қирғизистон референдуми арафасида Ўзбекистон ҳукумати бу қочқинларни шошилинч тарзда Қирғизистонга қайтарган эди. Кўп ўтмай¸ Андижон касалхоналаридаги ярадор қочқинлар ҳам айни шундай зудлик билан уйига қайтарилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG