Линклар

Эркин микрофон - "Қирғизистонда демократия йўқ экан!"

  • Садриддин Ашур

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

"Демократия оролчасига шунақа нолойиқ иш қилишдики¸ уларда демократия ўзи бўлмаган экан; бўлганда ҳар бир соҳада, хусусан милиция ва ҳарбийда ҳам ўзбеклар бўларди"¸ дейди риштонлик Комилжон ака.


“Қашқадарёда бензин 5000 сўмга чиқди”


дейди бензин йўқлигидан азият чекаётган китобликлардан бири:

- Хабарингиз бўлса¸ Ўзбекистонда нефт бўйича UzGazOil деган заправкалар бўларди. UzGazOil да бензин сифатли¸ тоза қуйиларди. Нимагадир UzGazOil лар вақтинча фаолиятини тўхтатгандан кейин нефт тортила бошлади¸ бензин қўлга чиқиб кетди. Мана ҳозир заправкаларда бензин тонг саҳар 4-5 дан бошлаб сотилади. Кечалари сотилади. Битта-битта солиқдан назоратчилар қўйган. Улар ҳам кўп эътибор беришмайди. Заправканинг ўзида 1500 дан сотилаяпти. Қўлда эса 4000-5000 га чиқиб кетаяпти. Ҳамма заправкаларда шу аҳвол.

Озодлик: Сабабини суриштириб кўрдингларми?

- Сабабини сўрасак¸ UzGazOil тўхтаган дейди. UzGazOil заправкалари ишлаяпти лекин. Бир пайтлар лекин роса яхши ишларди. UzGazOil лар бу "Зеромакс" ширкатига қарашли бўларди. Тоза қуярди¸ 10 та олсангиз¸ 10 та тўлиқ қуярди¸ сифатли қуярди¸ ўзлари хизмат қиларди¸ нефт исталган пайтда бор эди. Сифатли маҳсулот эди. Машина ҳам яхши юрарди. "Зеромакс" ширкатидан кейин UzGazOil вақтинча ëпиб қўйилдию¸ бензин ҳафтада бир марта чиқадиган бўлиб¸ оқибатда қўлга чиқиб 4000-5000 га чиқиб кетди бугун. Бугун мана Шаҳрисабзга қарашли шаҳобчаларга тарқатилди. Энди олишнинг ҳам имконияти йўқ¸ яқинлашишнинг ҳам имконияти йўқ¸ дейди қашқадарëликлардан бири.


“Болаларимиз увол бўляпти”

дейди Ўш шаҳридан қўнғироқ қилган суҳбатдош, ҳарбийлар ва маҳаллий милициянинг зўравонлигидан шикоят қилар экан:

- Ўшнинг Турон шаҳарчасиданмиз. Оналар норози бўлаяпмиз. Худога шукур Турон шаҳарчасига биров келиб бир нарса қилгани йўқ. Лекин шаҳарда уйи куйган¸ хонавайрон бўлиб ҳамма ëғи олиб чиқиб кетилган одамларни камига болаларини олиб чиқиб кетишиб¸ жуда ҳам ëмон қилишаяпти.

Озодлик: Шу кеча-кундуз шунақа воқеалар бўлдими?

- Бугун мана бизнинг Турон шаҳарчада ҳеч ким тўполон қилгани йўқ¸ ҳеч кимни ургани йўқ¸ болаларни олиб чиқиб кетаëтганда аëллар норози бўлиб¸ дод деб чиқишиб олиб қолишди болаларини. Бизнинг адирда ўзи уруш бўлмади¸ лекин ана келаяпти¸ мана келаяпти бўлиб¸ жуда ëмон бўлди.

Озодлик: Ким нима деб олиб кетаяпти?

- Ҳарбийлар¸ милициялар келиб олиб кетаяпти. Кейин бирдан йўқ бўлиб қолишаяпти. Пул олиб¸ пул эвазига чиқаришаяпти. Битта лидеримиз бор эди Дилшодбек Мўминов. Қамалганига мана олти-етти кун бўлди. Чиқаришгани йўқ. Унинг айби ўликларни ташиб машиналардан туширгани. “Сен депутат бўлиб одамларни шунақа туширдинг” деб айбсиз одамни қамаб қўйишди ҳозир. Болаларимизга жуда увол бўлди. Кўп болаларимизни биз кўчага ҳам чиқармаяпмиз. Қўрқаяпмиз. Бировлар олиб кетиб қолади¸ деб қўрқаяпмиз. Тирикчилик қилишнинг иложи йўқ. Бундан бу ëғига энди қандай яшаймиз¸ деган савол қийнаяпти. Роса қийналиб кетдик¸ дейди ўшлик аëллардан бири.


“Ҳарбийлар икки фронтга ишлаяпти”

дейди Ўш воқеаларига муносабат билдирар экан, тошкентлик Таваккалхўжа:

- Қирғизистон воқеаларидан таъсирланиб телефон қилдим. Бунга сабаб Қирғизистоннинг ҳукумати¸ деб ўйлайман. Буни айтишимнинг сабаби¸ мен асли Наманганда яшайман. Чегарада турамиз. Бизларда Қирғизистон каналларини ҳам кўрса бўлади. Ўшанда эшитдимки¸ Роза Ўтунбаева телевизорга чиқиб “Бизда ҳарбийларимиз Максим Бакиевга сотилганга ўхшайди. Кундузлари бизга хизмат қилади. Кечқурун бизга хизмат қилмаяпти” деган мужмал гапни айтди. Наҳотки шу ҳарбийларни боса олмаса¸ дейман. Мана қанча ўзбекларни хўрлаб ташлашаяпти. Қамоққа олишаяпти. Бўлиб турган ишларда қўли бор¸ деб ўйлайман. Бизлар шукур қилишимиз керакда Ўзбекистонда яшаб. Мана тинчлик бўлаяпти Худога шукур. Кўпчилик нолишаяпти унақа¸ бунақа деб. Мен бунақаларга қаршиман. Чунки бизларда тинчда. Ҳаракат қилсангиз¸ тирикчилигингиз ўтадида. Ҳаракат қилмасангиз¸ оч қоласиз. Шунинг учун менимча бизларда нолишнинг ҳожати йўқ. Ҳаммаси зўр. Ҳаракат қилсангиз¸ кунингизни кўрасиз¸ дейди наманганлик Таваккалхўжа.


“Демократия оролчаси бўлмаган экан”

дейди риштонлик Комилжон ака Қирғизистондаги воқеаларга ўз муносабатини билдирар экан. Унга кўра, ҳозирги Қирғизистон президенти мамлакатни жар ёқасига олиб бориб қўйди:

- Биринчи ўринда¸ бу менинг шахсий фикрим¸ Роза Ўтунбаева Қирғизистонни бошқара олмас экан. Ҳозирча Ўрта Осиëда аëллар президентлик даражасини эплай олмас экан. Кейин Қирғизистондаги жанжалларга асосий сабабчи¸ Россия деб биламан. Роза Ўтунбаева қирғиз халқига ҳам¸ ўзбек халқига ҳам сотқинлик қилди. Бакиев билан Роза Ўтунбаевани қўғирчоқ қилиб¸ Россия жуда катта рол ўйнади. Ўзбекистоннинг кирмагани жуда яхши бўлди. Улар аралашишини кутишган эди. Олдин Россия кириб келади деган эдим. Россия катта мақсадларни кўзлаган экан. Асосан Ўзбекистон қўшилиши керак экан жанжалга. Яхшиям Каримов бу жанжалнинг олдини олиб қолиб¸ бу ишга қўшилмади. Ўзбекистон исломий ҳаракати айбдор¸ деган жанжалдан кейин ўзларининг нимасини қўйишди.

Қирғизистондаги тушунмаган одамлар Ўзбекистон исломий ҳаракати айбдор экан¸ деяпти. Ўзбекистон исломий ҳаракати ҳақида маълумотга эга бўлмаганлар жуда кўп. Қирғизистон телевидениеси буни Ўзбекистон исломий ҳаракатига¸ ўзбекларнинг ўзига тўнкаб қўйишмоқчи бўлди. Яъни Ўзбекистонга тўнкамоқчи бўлди. Ўзбекистон исломий ҳаракати деганда кўпчилик Ўзбекистоннинг ичидаги ҳаракат деб тушунади. Қирғизистонни демократия оролчаси¸ деб аташган эдида. Демократия оролчасига шунақа нолойиқ иш қилишдики¸ уларда демократия олдин ҳам бўлмаган экан. Демократия бўлганда ҳар бир соҳада ўзбеклар бўларди¸ милицияда ҳам¸ ҳарбийда ҳам бўларди. Раҳбар лавозимида ишлаëтган одамларнинг қилаëтган ишларини қарасангиз¸ демократияга умуман тўғри келмас экан Қирғизистон. Демократия бўлмаган экан буларда. Минг-минглаб одамлар ўлиб кетди¸ дейди риштонлик Комилжон ака.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG