Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:26

Россиядаги муҳожир милиция бедодлигига қарши қандай курашиши мумкин?


Аксар ўзбек муҳожирлари¸ ҳужжатлари рисоладагидай бўлса ҳам¸ милицияни кўрганда оëғи қалтирайдиган бўлиб қолган¸ дейди Россиядаги ҳуқуқ фаолларидан бири Баҳром Ҳамроев.
Аксар ўзбек муҳожирлари¸ ҳужжатлари рисоладагидай бўлса ҳам¸ милицияни кўрганда оëғи қалтирайдиган бўлиб қолган¸ дейди Россиядаги ҳуқуқ фаолларидан бири Баҳром Ҳамроев.

Охирги пайтларда Россияда милиция ходимларининг ҳатти-ҳаракатларига тушаётган арзу шикоятлар сони ошиб бормоқда. Муҳожирнинг милиция бедодлигига қарши курашиш имкони борми? Бўлса¸ бу кураш шакли қандай?


“Ростовда 500 нафар ноқонуний муҳожир қўлга олинди”, “Омск вилоятидаги махсус операция давомида 11 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ушланди”, "Миграция ходимлари томонидан Подмосковьеда 100 нафар Марказий осиёлик мигрант аниқланди”...

Бу каби хабарлар Россия оммавий ахборот воситаларининг кундалик оши-нонига айланиб қолди. Гарчи қўлга тушаётган меҳнат муҳожирлари орасида ноқонуний яшаб ишлаëтганлар анча бўлса-да¸ сўнгги пайтларда Россиянинг турли ўлкаларидан ҳатто хужжатлари тўғри бўлган ҳолатларда ҳам милиция ходимлари томонидан бўлимга олиб кетилиб жарима тўлаётган мигрантлардан шикоятлар ëғилмоқда.

Хўш, милиция ходими қўлига тушмаслик ва бўлимга олиб кетилиб жарима тўламаслик учун муҳожир ëнида қандай хужжатларга эга бўлиши керак¸ деган саволга Омск вилояти Миграция хизмати бўлими бошлиғи муовини Анна Кузина жавоб беради:

- Миграция картаси, миграция қайдига турганлиги тўғрисидаги варақа, паспорт, патент билан ишловчиларга¸ албатта патент тўлови қоғози. Бу - муҳожирнинг Россияда қонуний юргани ва ишлаётганини тасдиқловчи минимал хужжатлар тўплами, дейди Омск вилояти Миграция хизмати бўлими бошлиғи муовини Анна Кузина Озодлик билан суҳбатда.

Ушбу мутасадди сўзларига кўра, Россиянинг миграция қонунчилигини бузаётган чет эл фуқароси 5000 рублгача жарима тўловига тортилиши, унга ноқонуний иш берувчи эса ҳар бир ишчи учун 800 минг рубл жарима тўлашга мажбур этилиши мумкин.

Милиция ходимларининг бедодлигига қарши хориждан келиб ижлаëтган муҳожир қандай курашиши мумкин¸деган саволга Москва вилояти Ички ишлар бошқармаси ходими¸ майор Андрей Минаков жавоб беради:

- Бундай ҳолатларда, масалан Москва вилояти бўйича +7495 692 70 66 ишонч телефонига мурожаат қилиш мумкин. У ерга ҳодиса тафсилотлари билан мурожаат қилиш мумкин, керак бўлса милиция ходимининг ноқонуний ҳатти ҳаракатига арз қолдириш мумкин. Ишонинг - уларнинг барчаси кўриб чиқилади. Шунингдек, меҳнат муҳожиролари жамоат қабулхонаси орқали ҳам мурожаат қилишлари мумкин. У ҳам ёрдам бермаса, милиция ходимлари устидан УСБ - Ички хавфсизлик бошқармасига 8 499 317 24 66 телефони бўйича мурожаат қилинг, деб маслаҳат беради меҳнат муҳожирларига Москва вилояти Ички ишлар бошқармаси ходими¸ майор Андрей Минаков.

Озодлик билан мулоқотда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россия милиция ходимларининг айбсизларни ҳам талаётганликларига гувоҳлик бермоқдалар. Москва вилоятида меҳнат қилаётган бешариқлик Расулжон ака маҳаллий милиция учун ўзбек-тожик бўлишнинг ўзиëқ айбдорлик далилидир¸ дейди:

- Бизда, мен турган жойда ҳамма ҳужжатларингиз жойида бўлсаям¸ 500 рубл олади, бўмаса 1000 рубл олади.

Озодлик: Нима учун олади?

- Агар ҳаммаси жойида бўлса¸ чўнтакларингизнги ковлайди, топмаса¸ сизни машинасига миндириб¸ айлантириб юраверади, юраверади... Руслар муштлашаётган бўлса ҳам уларга қарамайди-да, қаерда ҳалиги, “қора” дейди ўзбек-тожикни, бўлса шуларни излайди фақат. Бошқа иш қилмайди. Сизни эса каерларгадир олиб бориб ташлайди. Булар ўша 500 сўм берасан дейди...

Озодлик: Ҳеч арз қилиб, қаршилик кўрсатиб кўрганмисиз?

- Болалар қочган¸ мелиса қувганда. Агар қочса уриб эзиб ташлайди. Жуда ёмон уради! Агар қочмасангиз, фақат чўнтак ковлайди, холос, чарчатади.

Озодлик: Мана мен ИИБ расмийси билан гаплашдим. У шундай ҳодисалар бўлса¸ бизга “ишонч телефони” орқали мурожаат қилсин, биз текширув ўтказамиз деяпти...

- Энди...бу гапни биринчи маротаба сиздан эшитяпман.. (кулади). Эҳтимол шунақадир, дейди Москва вилоятида меҳнат қилаётган бешариқлик Расулжон ака.

“Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли¸ айни пайтда Марказий осиёлик сиёсий муҳожирлар жамияти раҳбари Баҳром Ҳамроев бундай вазиятларнинг юзага келиши сабабларидан бири меҳнат муҳожирларининг милиция ходимлари билан ўзини нотўғри тутишида ҳам¸ деб билишини айтади:

- Мисол¸ милиция тўхтатса, энг яхшиси қайси отделениедан, кимлиги, фамилиясини ёзиб олса¸ менимча бу амалиётда энг маъқул иш бўлади. Шундагина у бир ўлжага ўхшаган кўринмайди ҳар ҳолда. Асосан ўзбек фуқаролари кўпроқ шундай ҳолатга тушишлари Ўзбекистонда милиция ходимлари ҳар қандай ҳатти-ҳаракатларга ҳуқуқи борлигига ўхшаб ҳаракат қилади. Шунинг учун улар милиция формасини кўрса “биз билан хоҳлаган ишни қилиши мумкин ” деган фикр ўрнашиб қолган бизнинг халқда, дейди Баҳром Ҳамроев.


Россияда фаолият юрғизаëтган “Тожиклар миллий лигаси” ташкилоти раиси Каромат Шариповга кўра¸ Россия милициясининг мигрантларга нисбатан бедодлиги ортидаги асосий сабаб Марказий Осиё раҳбарларининг меҳнат муҳожирлари муаммоларига лоқайдлигидир:

- Мен бу соҳада 10 йилдан ортиқроқ вақт ишлаётган бўлсамда, бирор марта ҳам меҳнат муҳожирлари масаласи билан қизиққан давлат расмийларини учратганим йўқ. На дипломатик, на консуллик¸ на бошқа сон-саноқсиз хизматлар бечора меҳнаткашлар оғирини енгил қилайлик¸ деб келгани йўқ. Қани эди улар барчаси ўз ишини бажарганда эди, Россияда ноқонуний муҳожирлик, ўлимлар, қотилликлар ва қолаверса меҳнат муҳожирларига қулларга бўлгандек муносабат бўлмас эди, албатта. Мен бир баъзан милиция ходимларига ҳуқуқ талаби билан чиқаннимда¸ улар менга “Сиз аввал бир элчиликларингиз олдига бориб кўрингчи, қандай ўз элчихонаю консулликларингиз муносабат қиляпти, биз уларнинг олдида авлиё!, деган эди. Шунинг учун мен Россияга келаётган меҳнаткашларга¸ албатта¸ маҳаллий диаспора ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари билан доимий мулоқотда бўлиб туришларини маслаҳат бераман, дейди Тожиклар миллий лигаси” ташкилоти раиси Каромат Шарипов.

Сўнгги йиллар давомида милиция ходимлари томонидан содир этилган ва жамоатчилик орасида овоза бўлган бир қатор жиноятлар Россия ҳукуматини бу соҳада жиддий ислоҳотлар зарурлигини тан олишга мажбур қилди. Аммо мамлакатда эълон қилинган Ички ишлар ислоҳоти¸ асосан¸ милиция ходимлари сафини қисқартириш ва уларни замонавий моддий-техника базаси билан таъминлашга қаратилган.
XS
SM
MD
LG