Линклар

Бишкек кўчалари толерантлик ва бағрикенгликдан гапиради

  • Сарвар Усмон

Бишкек кўчаларидаги зоҳирий толерантлик мамлакат жануби бугун анқонинг уруғига айлангандек.

Бишкек кўчаларидаги зоҳирий толерантлик мамлакат жануби бугун анқонинг уруғига айлангандек.

Ўш томон йўлга чиққан Озодлик мухбири жанубга учадиган учоқни пойлаб¸ Қирғизистон пойтахтидаги ҳаëт маромини бир неча соатга бўлса-да¸ кузатишга улгурди. Бу кузатишдан туғилган сурат ва кечинмалар бугун мамлакат жануби учун ëтдек бўлиб қолган манзарани зоҳир қилди.


Сизни Манасга етказиб борган учоқдан тушиб багаж-магажингизни олиб аэропорт майдонига чиқишингиз биланоқ 48 квартирали домнинг сатҳидай келадиган оппоқ баннерга кўзингиз тушади. Қайсидир алоқа компаниясининг рекламаси.


Умуман Бишкек рекламалар шаҳрига айланиб қолгандай. Кўзга энг кўп ташланадигани уяли телефон хизмати кўрсатадиганларники. Ундан кейин пул ўтказиш билан шуғулланадиганларники. Бишкекликлар телефонда гаплашиб туриб бир-бирига пул ўтказиб юборарканда¸ деб ўйлаш мумкин. Фақат ўша пулни қаерда ишлаб топишларини ярим кунда тушуниб олишга улгурмадик.

Уяли телефон хизматидан фойдаланишни мусулмонлар ҳам яхшигина ўзлаштириб олишибди. Шаҳарнинг марказий масжиди деворига илинган реклама эълон мазмуни будир.

“2222 рақамига СМС жўнатсангиз¸ телефонингизга Қуръон оятлари¸ муборак ҳадислар келиб тушади. Намоз вақтлари кирганидан огоҳлантириб туришади”.


Бишкек кўчаларини кезган ҳар қандай киши Қирғизистон пойтахти халқлар дўстлигию толерантлик ҳар томонлама иҳота қилинган шаҳар экан¸ дейиши аниқ.



Бу ерда турли миллатлар вакиллари қўлни қўлга бериб олға одимлаëтгани тасвирланган мозаикага кўзимиз тушди. Совет давридан бери тургани учун анча урниқиб кетибди. Лекин устига сувоқ тортиб юбормаганларидан¸ бир четга олачопон ўзбек ҳам турганидан кўнгил илиди.



Халқлар дўстлигига путур етган пайтда нима бўлишини бишкекликлар жуда тез ҳис қилди. Шаҳардаги кўчмас мулк агентликларидан бирининг вакили Ирина Яковлеванинг айтишича¸ Ўш воқеаларидан кейин Бишкекда уй сотиб оламан деганлар кўпайиб кетди.



- Асосан¸ жанубликлар кела бошлади. Айниқса¸ бир хонали квартираларга талаб кучайиб кетди¸ дейди Ирина Яковлева.

Лекин шуниси қизиқки¸ талаб кучайгани билан нархлар у қадар кўтарилмади. Бунинг боиси Ирина Яковлеванинг айтишича¸ Бишкекдан ҳам кўчиб кетаëтганлар кўпайган.

- Чунки тинчлик йўқ¸ барқарорлик йўқ¸ эртанги кунга ишонч йўқ¸ дейди Ирина Яковлева.

Ўш қирғини Бишкек бозорларидаги нарх-навога ҳам таъсир қилди. Москва кўчасидаги бозорчада помидор ва бодринг сотувчи Салима эженинг айтишича¸ ўтган йилнинг шу даврида помидорнинг килоси 25-30 сўм эди. Бу йил эса 50 сўм.





- Чунки¸ дейди Салима эже¸ помидор бизга Тошкентдан келади. Ўш воқеалари туфайли озайиб кетди.

Бу йил Бишкекда қовуннинг нархи ҳам чақиб оладиган даражада. Килоси 40 сўм. Қарийб 1 АҚШ доллари. Чунки қовун ҳам Тошкентдан келади. Лекин тарвуз арзон. Килоси 8 сўм. Тарвуз қирғизистонлик.








Бозордан чиқаверишда ҳалол магазинга кўзимиз тушди. Балки эътибор ҳам бермаган бўлардик бунга.

Лекин бу дўконга кўзимиз тушиши биланоқ бундан бир неча йил олдин Ўзбекистонда ҳалол магазинларни ëпиб ташлашгани эсимизга тушиб кетди. Ке¸ дедик¸ суратга олдик қўйдик. Ҳалол магазинлар бўлиши толерантлик ифодаси.









Мана бу сурат толерантликнинг ифодасидай. Муслималар ҳиссиëтларига ҳурмат ифодасидай кўринди. “Бошимдаги рўмолимдан фахрланаман” деяпти мастура қиз.











Йўлнинг бу четида эса бошқа қизнинг сурати. Қизгина афтидан рўмол йўқлигидан¸ бармоқларидаги узуклардан фахрланаяпти.

Майлида¸ унисининг ҳам ҳақи¸ бунисининг ҳам.






Нима учун шу оддийгина ҳақиқатни¸ бағрикенгликни Ўшда ҳар 20 йилда бир мартадан унутиб қўйишаяпти?


Ўйлаб ўйимга етмаяпман.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG