Линклар

Ўшлик ўзбеклар жонига энди моли завол бўлмоқда

  • Озодлик

Эркаклари ҳибсга олиб кетилаëтган аксар ўзбек аëллари қирғиз милицияси бедодлигидан дод демоқда.

Эркаклари ҳибсга олиб кетилаëтган аксар ўзбек аëллари қирғиз милицияси бедодлигидан дод демоқда.

Ўшда юзага чиққан қирғин олови ўчирилгандек бўлса-да¸ бу шаҳарда яшовчи ўзбеклар Озодлик мухбирига ўзларига нисбатан ҳақсизлик ва зулмнинг бошқа шаклга кўчгани¸ озгина мулки бор ўзбекнинг болалари ҳибсга олиниб¸ уларни озод қилиш учун қирғиз милицияси минглаган доллар пул талаб қилаëтганини айтмоқдалар.


Бундай шикоятлар¸ қолаверса Ўшда ҳамон бораëтган "зачистка"лар тафсилотини айни кунларда Ўшда бўлган ўз мухбиримиз билан суҳбат асносида ўргандик.

Зебунисо: Сарвар ака¸ ҳозир қаердасиз?

Сарвар Усмон: Ҳозир Ўзгандаман. Жалолободга кетаяпмиз. Эшитган бўлсангизлар¸ кечадан бугунга ўтар кечаси Аҳмат Бакиев қўлга олинди¸ деган хабар пайдо бўлди. Бу хабарсиз ҳам ўзи Жалолободга бориб вазият билан танишмоқчи эдик. Бу хабар бизнинг отимизни яна ҳам чоптирди. Бундан 20 йил олдинги урушнинг эпицентри бўлган Ўзган хайрият шу кунда тинч. Бозорлар¸ кўчалар гавжум. Қирғизлар¸ ўзбеклар аралашиб савдо қилишаяпти. Ўшда¸ Жалолободда бўлган тўполонларнинг аксини¸ бир қарашда¸ сезмаяпмиз.

Зебунисо: Одамлар билан гаплашиб кўрдингизми? Сиз кузатган сиртқи хотиржамлик одамлар кўнглида ҳам борми?

Сарвар Усмон: Одамлар билан гаплашишга улгурганимиз йўқ. Мана ҳозиргина (суҳбат 22 июл куни Прага вақти билан соат 10:00 да ëзиб олинди – таҳр.) машинадан тушдик. Одамлар билан гаплашиш ниятимиз бор. Одамлар билан гаплашган чоғимизда ҳам катта ваҳима бўлмаса керак. Шунақа ваҳима бўлганда эди¸ бугунгидай гавжумликни кўрмаган бўлардик.

Зебунисо: Мана Ўшдан Ўзгангача етиб келибсиз. Йўлдаги вазият қанақа? Нечта блок пост бор¸ муносабат қанақа? Қирғизистон жанубидан Озодликка мурожаат қилаëтганлар¸ "Ўзбеклар йўлда юролмай қолди¸ ментлар ўзбек бўлсангиз¸ тўхтатиб¸ бор-будингизни олаяпти. Қирғиз билан иши йўқ” деган шикоятларни кўп такрорлашаяпти.

Сарвар Усмон: Унақа гап жуда кўп. Ўшдан чиқаверишда битта блок постда тўхтатишди. Биз машинада тўртта журналист¸ уларнинг иккитаси америкалик бўлгани учун¸ яна тўртта журналистдан бири Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири бўлгани учунми паспортларимизни кўришди ва қаерга¸ нима учун кетаëтганимизни сўрашди. Шундан кейин бошқа савол бўлмади.

Зебунисо: Сиз 48 давомида вазиятни яқиндан кузатганингиз Ўшдаги аҳвол қандай. Шаҳардаги ўзбек маҳаллаларида ҳамон "зачистка"лар бораëтгани¸ ëш ўзбек йигитларининг қирғиз милиционерлари томонидан уйдирма айблар билан ҳибсга олиниб¸ озод қилиш эвазига минглаган доллар пул сўралаëтгани ҳақида ҳам тинимсиз хабарлар келмоқда. Ҳибсга олинаëтган¸ қийноққа солинаëтган ëш йигитларнинг аксари ҳақида Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий комиссари ҳам махсус баëнот берди...

Сарвар Усмон: Воқеага кириш сифатида шуни айтишим керакки¸ шу кунда ўшликлар ичида “Мол-мулким душманим экан. Бойлигим душманим экан” деган гап тез-тез эшитилиб қолаяпти. Шу кунларда ўшликларнинг айтиши бўйича¸ қўлида озгина мулки бор одамларнинг уйларига ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари¸ финполиция ходимлари бориб тинтув ўтказишаяпти. Бугун эрталаб туришимиз биланоқ қўнғироқ бўлиб қолди. “Калилин кўчаси маҳалласида Ҳикматилла Абдуллаев деганнинг уйини тинтишаяпти экан” дейишди ва биз чопиб бордик.

Чиндан ҳам тинтув бўлаëтган экан. Тинтув ўтказаëтганларнинг бошлиғи¸ ҳозир исми эсимдан чиқиб турибди¸ полковник одамдан сўрадик. У “Прокурорнинг санкцияси билан ўтказаяпмиз” деди. Қий-чув¸ тўполон. Кирсак¸ столнинг устида бир карабин ўқлари билан турибди. Маҳалланинг барча эркак ва аëллари шу ерда тўпланган. Норозилик жуда авжига чиққан. Бир пайт ўша тўполоннинг орасидан бошқа тўполон чиқиб кетди. Уйнинг ичида ўша уйнинг бекалари жанжал қилди. Уларга қарши тинтув ўтказаëтганлар бақирди. Бекаларнинг айтишича¸ ўша тинтув ўтказаëтганлар қандайдир бир нарсани ташлаб қўйиб¸ хонадон эгасининг бўйнига қўйишга ҳаракат қилишган. Тинтув ўтказаëтганлар “Йўқ¸ шу ердан топилди” дейишди.

Бу орада БМТ нинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлигининг вакиллари етиб келди. Биз боргунча ҳамма хонани текшириб бўлишганми¸ биз бордик¸ биздан кейин Олий комиссарлик вакиллари келди. Шу пайтда тинтув ҳам тугаб қолди. Кейин тинтув баëнномаси ëзилди. Тинтувни ўтказганларнинг бошлиғи полковник¸ мен видеога ëзиб олдим¸ айнан “Ничего противозаконного не найдено” деди. Улар шу билан протоколга уй бекаларига¸ гувоҳларга қўл қўйдириб кетишди.

Зебунисо: Бу билан “Сизлар борганинглар учун¸ БМТ вакили боргани учун шунақа якун топди. Режаланган "зачистка" ўрнига халқаро жамоатчиликка аталган шоу бўлди” дейиш мумкинми?

Сарвар Усмон: Ҳар ҳолда ўша жойда тўпланган маҳалла аëллари¸ уй бекалари нимагадир бизга раҳмат айтишди. Жуда кўпчилик худди мен автограф бергандек телефонларимни сўрашди. Ҳали унисига¸ ҳали бунисига бердим. Ҳар ҳолда маҳалла аҳли Ҳикматилла Абдуллаевнинг уйидан ноқонуний нарсалар топилмагани боисини БМТ вакиллари¸ мухбирлар боргани билан боғлашаяпти.

Зебунисо: Мана сизга¸ БМТ вакилига телефон қилишибди. Ўшлик ўзбеклар ўзларини ҳар хил мана шунақа зачисткалар давомидаги туҳматлар¸ ҳар хил подставалардан ўзларини ҳимоя қилиш учун қанақадир бир иммунитет яратаяпти дейиш мумкинми?

Сарвар Усмон: Иммунитет яратишга ҳаракат қилишаяпти. Лекин мухбирлар ҳам уч-тўрт кунлик меҳмон¸ БМТ вакиллари ҳам икки-уч кунлик ваколат билан келишган. Уларнинг неча кунлик миссия билан келишганини билмайман¸ лекин ўшликларнинг айтишича¸ уч-тўрт сўм пули бор¸ ўзига тўқ оилаларга ногаҳоний тинтув билан келишлар анча кўп. Шу хонадон билан боғлиқ яна бир гап. Одамларнинг айтишича¸ шу хонадоннинг бир ўғли¸ унинг иккита ўртоғи¸ хуллас уч кишини кечадан бери милицияхонада ушлаб туришибди. Уларни озод қилиш эвазига пул талаб қилишаяпти. Лекин одамлар айтган бу гапни расмийлардан на тасдиқлатишнинг¸ на инкор эттиришнинг иложи бўлмади.

Зебунисо: Ўшдаги милицияхоналар¸ МХХ¸ Ички ишлар бошқармаси ҳибсхоналарига киришга уриниш қилдингизларми?

Сарвар Усмон: Уриндик. Нафақат милицияхона ҳибсхонасида¸ балки Ўш давлат филармонияси биносининг подвалида сақланаяпти ўзбек йигитлар¸ деган гапни кўпчилик ўшликлардан эшитдик. 21 июл куни ҳамксблар билан филармония олдига бордик. Қуроллиларни кўрдик. Улардан шунақа экан деб сўрасак¸ жуда кескин "Йўқ!" деди ва уларнинг реакциясидан¸"Балки бордир" деган тасаввур пайдо бўлди. У ëққа киришнинг ҳеч қандай иложи йўқ. Яна қадам босадиган бўлсангиз¸ қурол ишга тушиб кетадиган бўлгани учун¸ қайтишга мажбур бўлдик.

Зебунисо: Кеча Мелис Мирзакматов билан гаплашаëтганларингизда мана шу тинтувлар¸ зачисткалар¸ ноқонуний бўлаëтган ишлар масаласида савол берганингизда¸ “Буни мен эмас шаҳар коменданти назорат қилади” деб жавобгарликни ўзидан соқит қилгандай бўлди. Комендантлик билан боғланиб “Воқеаларни ўрганишга имкон берсангиз. Агар бекитадиган ҳеч нарсангиз бўлмаса¸ жойларни бир кўрсак. Ҳар қалай вазият фавқулодда. Бизга қарши информацион уруш бораяпти¸ деган гаплар бўлаяпти. Мана шунақа "уруш"нинг олдини олиш учун бизга кўрсатинглар” деб айтишнинг имкони қандай?

Сарвар Усмон: Шунга ҳаракат қилаяпмиз. Шаҳар коменданти билан ҳам¸ вилоят коменданти билан ҳам учрашишнинг ҳаракатини қилаяпмиз. Хусусан¸ бу ишда бизга Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири яқиндан ëрдам беришга ҳаракат қилаяпти. Мелис Мирзакматов билан учрашувни ҳам ўша киши уюштирди. Лекин ҳозирча комендантлар билан учрашишнинг имконини топа олганимиз йўқ.

Зебунисо: Ўшда бўлаëтганингиз 48 соат давомида зачисткаларнинг¸ тинтувларнинг қирғиз маҳаллаларида бўлаëтганига кўзингиз тушиб¸ қулоғингиз эшитдими? Бу ҳақда бирор ахборот борми?

Сарвар Усмон: Бу саволга жавобни Қирғизистон Омбудсмени Турсунбой Акун билан ўтказганим суҳбатда Турсунбой Акуннинг ўзидан эшитганимни эслатмоқчиман. Мен ўшанда “Қирғиз маҳаллаларида ҳам¸ қирғиз қишлоқларида ҳам шунақа зачисткалар ўтказилаëтгани тўғрисида маълумотлар йўқ” десам¸ “Ҳа. Олойда ҳам¸ Чўнголойда ҳам¸ Қорағўлжада ҳам шундай зачисткалар ўтказилиши керак. Тўғри айтаяпсиз. Чунки Ўшга ҳужум қилган йигитлар ўша тумандаги қишлоқлардан” деган гапни айтган.

Зебунисо: Кечагина яна шу гапни айтди жаноб Акун. “Қорағўлжада ўтказиш керак. У ерда жуда кўп қурол бор” деган гапни айтди. Лекин бу фақат Омбудсменнинг гапи. Амалда ҳеч нарса бўлмаяпти¸ тўғрими?

Сарвар Усмон: Бас¸ Омбудсмен шундоқ деяëтган экан¸ шунақа зачисткалар шу жойларда ўтказилмаяпти. Ҳар ҳолда бизга етиб келаëтган хабарларда¸ одамлар билан ўтказилаëтган суҳбатларда шундай ишлар бўлаëтгани тўғрисида маълумотларни бирор марта эшитганимиз йўқ. Ўш атрофидаги қирғизлар яшайдиган қишлоқларга бориш ниятимиз ҳам бор. Балки шунда аниқроқ маълумот чиқиб қолар. Лекин ҳозирча йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG