Линклар

Бишкекда яна ЕХҲТ полиция кучларига қарши намойиш ўтказилди


Бишкекда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг халқаро полиция миссиясини мамлакат жанубига киритиш режасига қарши норозилик акцияси бўлиб ўтмоқда.

Озодлик мухбирига кўра, 70дан ортиқ шахс парламент биноси ёнига тўпланган. Норозилик акцияси иштирокчилари фикрича, ЕХҲТ полиция кучларининг мамлакатга киритилиши Қирғизистон жанубидаги вазиятни янада кескинлаштириши ҳамда Қирғизистон давлат тамойилларига путур етказиши мумкин.

ЕХҲТ Қирғизистон жанубига 52 полициячидан иборат халқаро миссиясини юборишни режалаган¸ бироқ ушбу миссиянинг қачон юборилиши ташкилотга аъзо 56 давлат вакилларининг бугун Венада ўтадиган йиғинида ҳал бўлади.

Айни пайтда Қирғизистон Ўтиш даври президентининг маслаҳатчиси Виктор Черноморец чоршанба куни қилган чиқишида Қирғизистон ҳукумати мамлакат жанубига киритилиши режаланган ЕХҲТ халқаро полиция миссияси ходимлари хавфсизлигини таъминлай олмайди, дея баёнот берди.

Ўш шаҳри ва Жалолобод вилоятида қирғиз ва ўзбеклар ўртасида июн ойида рўй берган тўқнашувлар оқибатида, расмий маълумотларга кўра, 300дан зиёд киши нобуд бўлган, салкам 2000 киши тан жароҳати олган.

Бироқ халқаро ташкилотлар ва норасмий манбалар июн ойидаги хунрезликлар чоғида 2000 га яқин одам нобуд бўлганини таъкидламоқдалар. Бундан ташқари АҚШ, ЕИ, БМТ ва бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар жанубдаги қонли тўқнашувлар юзасидан халқаро текширув ўтказилишини талаб қилмоқдалар.



XS
SM
MD
LG