Линклар

logo-print

Ўзбекистон Тожикистон вагонларини ўтказа бошлади

  • Гулнора Равшан

Душанбе расмийлари¸ Ўзбекистоннинг Тожикистонга тегишли юкларни олти ойдан бери ушлаб турганини даъво қилмоқда.

Душанбе расмийлари¸ Ўзбекистоннинг Тожикистонга тегишли юкларни олти ойдан бери ушлаб турганини даъво қилмоқда.

Тожикистон темир йўллари ширкати расмийлари сўнгги олти ой давомида Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилган 1200 га яқин вагоннинг 21 июлдан Тожикистонга ўтказила бошланиши ҳақида хабар олганини маълум қилди. Аммо Роғун ГЭСига мўлжалланган қурилиш материаллари ортилган юк вагонларининг бундан истисно экани айтилмоқда.


Ўзбекистон томони Тожикистонга тегишли юк вагонларининг ўтказа бошланиши ҳақида давлат темир йўллари ширкатига расман хабар берган.

Бу борада 21 июл куни мазкур идоранинг олти ойлик иш фаолиятига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида айтилди.

“Роҳи оҳан” темир йўллари ширкати раиси Омонулло Ҳукуматуллонинг маълум қилишича, “Ўзбекистон томони юк вагонларини ушлаб қолишга эндиликда бирор сабаб йўқлиги”ни айтган.

-Ўтган куни Ўзбекистон темир йўллари ширкати раиси ўринбосари юк вагонларимизни ўтказа бошлашлари ҳақидаги хушхабарни етказди. Бундан бир ҳафта аввал ҳам Ўзбекистон Бош вазири Хатлон йўналиши бўйича юк вагонларимиз тўрт кун ичида қўйиб юборилишини ваъда қилган эди. Аммо шу кунга қадар бу йўналиш бўйича бирорта юк вагонимиз етиб келгани йўқ. Ҳар ҳолда бу биз учун хушхабар, деди Омонулло Ҳукуматулло.

Айтилишича, Ўзбекистон темир йўл станцияларида ҳозиргача тожикларга тегишли тахминан 1200 та юк вагони ушлаб турилмоқда.

Омонулло Ҳукуматуллога кўра¸ Ўзбекистон темир йўллари ширкати ваъдасига кўра, 21 июлдан бошлаб ўз ширкати ҳар куни 30-40 тадан юк вагонларни Душанбе ва Хатлон йўналиши бўйича қабул қила бошлайди.

Душанбе расмийсининг билдиришича, Тожикистонга ўтказиладиган юк вагонлари орасида Роғун ГЭСи қурилиши учун зарур бўлган қурилиш материаллари ва техник анжомлар юкланган вагонлар бундан истисно.

Юк вагонлари билан боғлиқ муаммо, темир йўл расмийсининг айтишича, икки ёқлама музокаралар доирасида ҳал қилинган.

Томонлар ўзаро ихтилофли масалага ечим топаëтган бир кезда Омонулло Ҳукуматулло ҳамон юк вагонлари Тошкент томонидан ҳеч бир асоссиз тўхтатиб қолингани ва бу тожик иқтисодиётига тахминан 10 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар етказганини даъво қилишдан тўхтамаётир.

Ўтган олти ой давомида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида юк вагонлари транзити атрофида бораëтган баҳслар халқаро гуруҳлар, хусусан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, БМТ ва НАТО каби ташкилот минбарларига қадар кўтарилди.

Душанбе расмийлари халқаро ҳамжамиятга Роғун ГЭС қурилишига тиш-тирноғи билан қарши турган Ўзбекистон бу қарори билан мамлакатни иқтисодий қамал қилаётганидан шикоят қилишди.

Ўзбекистон томони эса юк вагонларининг ушланиб қолиниши фақат техник ва логистик муаммолар¸ хусусан мамлакат темир йўлларида ҳосил бўлган тиқин туфайли эканини таъкидлаб келмоқда.

Бир гуруҳ тожикистонлик мустақил таҳлилчилар юк вагонлари билан боғлиқ муаммо икки ёқлама музокаралар доирасида ўз ечимини топганини икки қўшни давлат алоқаларининг яхшиланиши сари қўйилган қадам ўлароқ изоҳлашмоқда.

Аммо муаммо ечимини топса-топмаса¸ Ўзбекистонни Тожикистонга етказган иқтисодий зарар қоплашга мажбурлаш зарурлигини таъкидлаëтган кузатувчилар ҳам анчагина.

-Ўтган шу олти ой мобайнида юк вагонларини ушлаб туриш ортидан Тожикистонга етказилган зарар Ўзбекистон томонидан қопланиши лозим, дейди шундайлардан бири таҳлилчи Давлатмурод Жумаев.

Душанбе расмийлари ҳам, мустақил тожик таҳлилчилари ҳам иқтисодий зарар учун Ўзбекистон ҳукумат ёқасидан олиб турган айни пайтда, масалани яқиндан ўрганган БМТ ва НАТО расмийлари Тожикистонга тегишли юк вагонлари транзити билан боғлиқ муаммонинг ҳақиқатан техник ва логистик характерда эканини таъкидлашди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG