Линклар

logo-print

ЕХҲТ ўз полиция маслаҳатчиларини Жанубий Қирғизистонга юборадиган бўлди

  • Замира Шукур

ЕХҲТ ўз полиция маслаҳатчилари миссиясини бундан аввал собиқ Югославия ҳудудларига юборган ва суратдаги каби ЕХҲТ вакиллари маҳаллий полиция билан ҳамкорликда ишлаган эди.

ЕХҲТ ўз полиция маслаҳатчилари миссиясини бундан аввал собиқ Югославия ҳудудларига юборган ва суратдаги каби ЕХҲТ вакиллари маҳаллий полиция билан ҳамкорликда ишлаган эди.

22 июл куни ЕХҲТ га аъзо 56 давлат вакилларидан иборат ташкилот Доимий кенгаши шундай қарорга келди. Бу миссиянинг айнан қачон Ўш ва Жалолободга бориб фаолият бошлаши қарорда айтилмаган бўлса-да¸ ташкилот расмийси бу жараëннинг аллақачон бошланганини айтмоқда.


Ниҳоят¸ Ўш ва Жалолободдаги қирғиндан 40 кун ўтиб¸ Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти амалий қадамга қўл урди ва бу минтақага ташкилот мандати остида халқаро полициячилар миссиясини юборишга қарор қилди. Аммо кўпдан кутилган бу қарорда халқаро кучларнинг Қирғизистон жанубига қачон киритилиши ҳақида аниқ гап йўқ. Ана шу мавҳумликка ойдинлик киритиш истагида Озодлик ЕХҲТ матбуот котиби ўринбосари Виржиния Коллудон билан боғланди.

Озодлик:
22 июл куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо 56 давлат расмийлари Қирғизистон жанубига ўз полициячилари миссиясини жўнатишга қарор қилди. Аммо бу кучларнинг вазият ҳамон қалтис қолаëтган бу минтақага айнан қачон юборилиши аниқ айтилмади. Бунинг сабаби нима?

Коллудон: Бораëтган бу жараëн жуда қизиқ. Қирғизистон ҳукумати ЕХҲТ га мурожаат қилиб¸ минтақага полиция маслаҳатчилари гуруҳини юборишни сўради. Бу сўров ортидан томонлар бундай миссиянинг қайси шарт-шароитлар асосида жўнатилиши борасида музокара олиб боришди. Шундан сўнг бу таклиф ташкилотнинг Доимий кенгаши муҳокамасига юборилди. Бугун¸ 22 июл куни Доимий кенгашдаги 56 давлат намояндасининг бари Қирғизистон жанубига имкон қадар зудлик билан полиция маслаҳатчилари миссиясини юбориш ҳақида қарор қабул қилди.

Озодлик:
"Имкон қадар зудлик билан" дегани¸ нимани¸ аниқроғи неча кун¸ неча ҳафта ëки ойни англатади?

Коллудон: Имкон қадар зудлик билан дегани¸ бугундан бошлаб ЕХҲТ га аъзо давлатлар бу миссияга қўшилишни истаган полиция маслаҳатчилари резюмеси – таржимаи ҳолини Венага юборади¸ демакдир. Бу ерда танлов бўлади¸ аввалига биз миссия раҳбарини¸ сўнгра миссиянинг қолган 52 аъзосини танлаб оламиз. Бу эса¸ вақт талаб қилади ва айнан шу боис бугунги кенгашда полиция маслаҳатчиларининг Қирғизистон жанубига айнан қачон боришининг аниқ куни белгиланмади. Аммо мен сизга келаëтган кунлар ичи бу жараëнни имкон қадар зудликда тугатиб¸ 1 августга қадар бу миссиянинг биринчи қисми минтақага юборамиз¸ деб айтишим мумкин.

Озодлик: Хабарларга қараганда¸ танлаш мезонларидан бири¸ полиция маслаҳатчиларининг маҳаллий аҳоли билан алоқа ўрнатиши учун муҳим бўлган рус тилини билиши экан¸ шундайми?

Коллудон: Ҳа¸ мутлақ шундай. Минтақадаги муҳитдан келиб чиққан ҳолда¸ ЕХҲТ полиция маслаҳатчилари гуруҳига қўшилиш учун ҳужжат юбораëтган мутахассиснинг рус тилини яхши билиши мутлақ шарт.

Озодлик: Бундан¸ яқин кунларда Ўш ва Жалолободга ЕХҲТ мандати билан борадиган полициячиларнинг аксари постсовет давлатлари вакили бўлар экан¸ деган тахминлар туғилмоқда. Бу қанчалик асосли?

Коллудон:
Бундай тахминлар асоссиз. Масалан мен¸ постсовет ҳудудидан эмасман¸ аммо русчани бемалол гаплашаман. ЕХҲТга аъзо 56 давлатнинг ҳар биридан русчани яхши биладиган полициячи топилиши қийин эмас. Аммо бу жараëнда¸ албатта¸ сиз айтган каби постсовет ҳудудларидаги полициячиларда нисбатан устунлик бор ва буни инкор қилиб бўлмайди. Аммо бу миссияга қўшилишнинг бошқа мезоналри ҳам бор ва номзодларнинг барчаси бир хил талаблар асосида танланади. Шу боис Қирғизистон жанубига асосан постсовет давлатлари милиционерларидан иборат гуруҳ боради¸ деган тахминларда асос йўқ. Очиғи¸ бизга келган дастлабки резюмелар Ғарб полициячиларидан ва улар русчани рисоладагидай биладиган кўринади.

Озодлик: Энди Қирғизистон жанубига яқин кунларда етиб борадиган халқаро полициячилар миссиясининг мандатига ўтсак – улар бу минтақада конкрет нима ишлар билан шуғулланади?

Коллудон: Биз Қирғизистон жанубига 52 полиция маслаҳатчисини жўнатмоқдамиз. Диққат қилиниши лозим жиҳатлари шуки¸ биринчидан¸ буларда ҳеч қандай қурол бўлмайди¸ иккинчидан улар полициячи эмас¸ балки полиция маслаҳатчиларидир.Уларда кимнидир қамоққа олиш ваколати бўлмайди. Уларнинг мандати маҳаллий полиция кучларининг фаолиятига ëрдам бериш¸ жамоатчиликнинг уларга нисбатан ишончини бунëд қилишдир. Бу миссиянинг хавфсизлиги билан боғлиқ масалалар қирғиз ҳукумати билан узоқ музокара қилинди ва ЕХҲТ жойдаги вазиятни ўрганиб чиққан ҳолда¸ уларни қуролсиз юбориш мумкин¸ деган тўхтамга келди. Улар ëнида маҳаллий полициянинг қуролланган вакиллари юради. Аммо ЕХҲТ миссиясининг асосий мандати вазиятни кузатиш ва уни яхшилаш борасида маслаҳат беришдир.

Озодлик: Хабарингиз бўлса керак¸ аксар мустақил кузатувчилар¸ ҳуқуқ фаоллари Қирғизистон жанубида юзага чиққан қирғин ва ундан кейин бораëтган зулм сабаби Қирғизистонда милиция ва армиянинг моноэтник характерда экани¸ яъни армия ва милицияда фақат қирғизлар ишлашига бориб тақалишини айтишмоқда. Шундай вазиятда¸ аҳволни Ўш ва Жалолободдаги аксар ўзбеклар мутлақ ишонмай қўйган қирғиз полицияси воситасида ўрганиш халқаро полиция масҳалатчилари имиджига путур еткизмайдими? Уларда¸ кейинги 40 кун давомида энг кўп жабр кўргани тинимсиз айтилаëтган ўзбеклар билан бевосита ишлаш имкони борми?

Коллудон: Биринчидан¸ яна айтаман булар полициячилар эмас¸ балки полиция маслаҳатчилари гуруҳидир. Уларнинг Қирғизистон жанубига бориши бу ердаги вазиятни тартибга солиш учун қўшимча халқаро кучлар жалб қилинганини англатмайди. Халқаро тайëргарликдан ўтган бу полиция маслаҳатчилари мутлақ нейтрал бўлади ва жамоатчилик орасида полиция фаолияти юрғизишнинг халқаро нормаларидан хабардор бу миссия вакиллари қирғиз полицияси фаолиятини ана шу стандартларга яқинлаштиришга уринади. Бу миссиянинг бош мақсади минтақага осойишталик олиб келиш ва миллий жамоалар ишончини қозонишдир. Бу миссия вакиллари кўпмиллатлик минтақаларда ишлаш ҳадисини олган одамлар бўлади. Улардан вазиятни нейтрал¸ объектив ва ҳеч кимга ëн босмаган ҳолда мустақил кузатиш талаб қилинади.

Озодлик: Шу кунларда Ўш ва Жалолободдаги ҳисбхоналарнинг¸ асосан¸ ўзбек йигитлари билан тўлиб-тошгани¸ бу йигитларнинг қийноқларга солиниб¸ уларни озод қилиш эвазига оилаларидан катта миқдорда пул талаб қилинаëтгани ҳақида жуда кўп хабарлар бор ва бу ҳақда 21 июл куни Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий комиссари ҳам махсус баëнот берди. ЕХҲТ полиция маслаҳатчилари миссиясида Қирғизистон жанубидаги ҳибсхона ва қамоқхоналарни чекловларсиз¸ исталган пайт кириб кўриш ваколати бўладими¸ йўқ?

Коллудон: Ҳа¸ улар мандатида Қирғизистондаги ҳуқуқни назорат қилиш идораларининг барчаси билан яқиндан ишлаш ваколати бор. Улар Ўш ва Жалолобод кўчаларида қўлларига ЕХҲТ полиция маслаҳатчиси¸ деган ëзув тақиб юришади ва оддий одамлар тез орада уларнинг кимлиги ва нима қилаëтганини ўз кўзлари билан кўра оладилар.

Озодлик: Дейлик мен¸ Ўшда қирғиз милициясидан жабр кўрган ўзбекман. ЕХҲТ полиция маслаҳатчиларига ўз шикоятимни қандай еткизишим керак? Уларга дуч келган жойда¸ аниқроғи кўчада бориб арз қилишим керакми¸ ëки уларнинг маҳаллий аҳоли билан алоқа ўрнатиши учун махсус марказлар очиладими?

Коллудон: ЕХҲТнинг Ўш ва Жалолободда ваколатхонаси бор ва ана шу ваколатхона сиз айтган маҳаллий алоқа маркази бўлиб ишлайди. Шу боис оддий одамалрнинг уларни топиши ва улар билан мулоқот қилишида ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

Озодлик: Оддий ўшлик ўзбек¸ кўчада "ЕХҲТ полиция маслаҳатчиси" деган банд бойлаб олган одамни кўрса¸ унинг ëнига бемалол бориб¸ воситачиларсиз гаплашиши мумкинми?

Коллудон: Бемалол¸ ҳеч бир муаммосиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG