Линклар

logo-print

Тошкент шаҳар ҳокимияти халқ билан телефон мулоқоти йўлини ëпди

  • Садриддин Ашур

Тошкент шаҳар ҳокимияти халқдан шикоят келиш йўлини ўз рақамларини яшириш орқали тўсмоқчи бўлаяпти.

Тошкент шаҳар ҳокимияти халқдан шикоят келиш йўлини ўз рақамларини яшириш орқали тўсмоқчи бўлаяпти.

Тошкентда 09 маълумот хизматидан Тошкент шаҳар ҳокимиятининг телефон рақамлари олиб ташланди. Бу ҳақда Озодлик радиосига хабар берган тошкентликларга кўра, шаҳар ҳокимияти расмийлари шикоятчиларнинг арзу-додларидан қутулиш учун шундай “прогрессив” йўлни танлашган.



Тошкентдан келган бу хабарнинг қанчалар тўғри эканини ўрганиш мақсадида¸ ишни 09 хизмати операторига сим қоқишдан бошладик:

Озодлик: Ало, ассалому алайкум. Илтимос, менга Тошкент шаҳар ҳокимиятининг телефон рақамини беринг.

- Шаҳар ҳокимиятими?

Озодлик: Ҳа.

- Афсус, Тошкент шаҳар ҳокимиятининг телефон рақамлари йўқ. Туманлар ҳокимиятиники бор, холос.

Озодлик: Нега шаҳар ҳокимиятиники йўқ?

- Чунки, аҳолининг асосий қисми фақат шаҳар ҳокимиятига арзу-шикоят қиладилар. Шунинг учун бу рақамларни биздан олиб ташлашди.

Озодлик: Кимнинг фармойиши билан олиб ташланди?

- Бунисини билмайман, деди “Ситаш” маълумотлар телефон хизмати оператори.

Мазкур хизмат директори Роман Владимировичнинг айтишича, телефон маълумотномасидан шаҳар ҳокимиятига тегишли рақамларни ўчириш ҳақидаги буйруқ бевосита Тошкент шаҳар ҳокимиятидан бўлган. Аммо бу буйруқнинг қай шакл ва қай асосда бўлганини Роман Владимирович айтишни истамади.

Тошкент шаҳар ҳокимияти интернет сайтига кириб ҳам ҳокимиятга тегишли бирорта телефон рақам топа олмадик. Одатдаги интернет сайтларда бўладиган “алоқа” катакчаси умуман йўқ. Тошкент шаҳар ҳокимити рақамларини топиш мақсадида пойтахтдаги ўз манбаларимизни ишга солдик. Дастлаб¸ ҳокимиятнинг канцелярия бўлимини топиб беришди. Бизга жавоб берган ходимдан сўрадик:

Озодлик: Телефонларингизни 09 га телефон қилиб топа олмаяпман. Тошкент шаҳар ҳокимиятининг телефонлари йўқ экан.

- Тошкент шаҳар ҳокимиятининг телефон рақамлари 09 да йўқ.

Озодлик: Сабаби нима? Фуқаролар энди қандай қилиб қаëққа мурожаат қилади?

- 09 да йўқ эканми?

Озодлик: Йўқ¸ умуман йўқ экан. Олиб ташланган экан.

- Олиб ташланган эканми? Ҳозир бизлардан нима хизмат?

Озодлик: Нима учун олиб ташланган? Фуқаролар энди қаерга шикоят қилиши мумкин¸ арз қилиши мумкин? Нимага олиб ташланганини сўраяпмизда.

- Бу ҳақда мен ҳеч қанақа маълумотга эга эмасман¸ деган ходим гапимиз тугамасдан телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Яна қидирдик. Фуқаролар арз ва шикоят қилиши айтиладиган бўлим рақамини топдик. Бу бўлимга тошкентлик бир арзчи бўлиб қўнғироқ қилдик.

- Аризангизни келиб қабулхонага ташлаб кетасиз¸ дея гапни қисқа қилди телефон гўшагини кўтарган опахон.

Озодлик радиосига бу ҳақда гапирган тошкентликлар шаҳар ҳокимияти оддий фуқаролар шикоятлари тингланмайдиган бир қўрғонга айланганини айтадилар.

Пойтахтлик Шавкат Бадаловнинг айтишича, шаҳар ҳокимияти рақамларининг телефон маълумот хизматидан олиб ташланганлиги, сўнгги пайтларда фуқароларнинг арз-додлари кўпайиб кетганлиги билан боғлиқ:

- Чунки одамларнинг кўпчилиги ҳозир транспорт қиммат бўлганлиги учун бориб у ерда сарғайиб¸ айниқса¸ ëши катта қария одамлар борадиган бўлса¸ иссиқда қийналади¸ телефонда ҳал қилай дейдими. Ëки бўлмаса шикоятини бериб қўйган бўлса¸ ҳафталаб¸ ойлаб жавобини кутиб ëтади. Хуллас¸ тинчроқ ўтириш учун справочнийдан олиб ташлашган бўлишлари мумкин, дейди Шавкат Бадалов.

Тошкентнинг Ҳамза туманида яшовчи Абдуқаҳҳор Мусаев¸ Бирлашган маҳалласига ер бериш аризаси билан 14 йил шаҳар ҳокимиятига қатнаган. Фақат бир марта ҳоким ўринбосари қабулига киришга муваффақ бўлган, бироқ ўшанда ҳам иши ижобий ҳал бўлмаган:

- Охирги борганим 2009 йил. Мана 1-августда бир йил бўлади. Мутлақо¸ энг расвонинг расвоси. У ерга бориш бефойда. Булар оддий фуқароларнинг ишини ўлганда ҳам ҳал қилмайди. Ҳаммаси жойини ким ошди савдосида сотиб олган¸ шекилли. Улар простой одамларга қарамайди. Буни мен 100 фоиз исботлаб ҳам бераман. Энг кучли бюрократик аппарат бу Тошкент шаҳар ҳокимияти. Мана шаҳарда шунча йил туриб бошимдан ўтдида. Шаҳар ҳокимиятига бориб ишим ҳал бўлди¸ деган бирор инсонни учратганим йўқ. Ҳали эшитганим ҳам йўқ¸ эшитмасам ҳам керак¸ дейди Абдуқаҳҳор Мусаев.

Ҳокимият билан халқ ўртасида катта бир жарлик пайдо бўлган, оддий халқнинг дарди билан ҳеч кимнинг иши бўлмай қолди, дея гапида давом этади тошкентлик Абдуқаҳҳор Мусаев.

- Ҳозир ўзбек халқи ҳеч кимга керак эмас. Президентдан бошлаб маҳалла оқсоқолигача ҳамма чўнтагини тўлдириш билан овора. Оддий халқ ҳеч кимга керак эмас. Мен ўзим бошимдан ўтди деяпманку. 14 йил курашиб¸ ўзимнинг ишим бўлса ҳам майли экан¸ маҳалла учун боргандим. Мен бир нарсани тушундим¸ булар ўлганда ҳам ўзининг халқини ўйламайди. Чўнтагини¸ фақат чўнтагини ўйлайди, дейди Абдуқаҳҳор Мусаев.

Тошкентлик Шавкат Бадаловга кўра, одатда демократик давлатда ҳокимият халқники бўлиши керак, ҳокимият халқ тўғрисида ўйлаши ва унинг муаммоларини ҳал қилиш пайидан бўлиши керак. Бироқ, дейди у, ҳозирги ҳокимиятларни халқ ҳокимияти деб бўлмайди:

- Чунки сайлов¸ сайлов деб жар солишади. Ўзи аслида сайловни ўзгартириб танлов дейиш керак. Сайлов йўқ бизда. Азалдан бўлган ҳам эмас¸ ҳозир ҳам йўқ. Ҳозир халқ ҳокимияти¸ деган номи бору¸ ўзи сайланган одаммас¸ тайинланган одам. Бирор-бир ҳокимиятда тайинлаб қўйишдими бўлди¸ у ҳокимиятга бегона одам ишга кира олмайди. Бутун таниш-билиш¸ уруғ-аймоғи эгаллаб олади. Кейин тепадан министрларнинг айтганини бажариб ўтиришаверади. Халқ билан бирортаси ишлаëтгани йўқ¸ ишламайди ҳам. Мана мен сизга қисқа қилиб тушунтиришим мумкин. Любой битта шикоятчи келган пайтда амалдор иложи борича шу масалани ҳал қилмасдан келган шикоятчининг ўзининг дўпписини ўзига кийдириб, қулоғига қўшимча иккита-учта лағмонни осиб чиқариб юборишнинг йўлини қилади. Иложи бўлса¸ бир пиëла чой ҳам қуйиб беради¸ лекин ишингизни ижобий ҳал қилиб бермайди. Ҳал қилиб бермаслик йўлига ўтган булар ҳозир, дейди Шавкат Бадалов.

Тошкент шаҳар ҳокимиятининг интернет сайти www.tashkent.uz га кирганимизда бир нарса диққатимизни тортди. Сайтда “Виртуал қабулхона” номли бўлим бор. Унда “Тошкент шаҳар ҳокимлигида фуқаролар қабули ҳақида” ва “Савол-жавоблар” бўлимчалари бор. “Савол-жавоб”га савол бермоқчи бўлдик. Бироқ ҳеч иложи бўлмади. Қаерга ёзиш ҳақида маълумот йўқ. Кейин эсимизга тушди, ҳа, айтмоқчи, бу “виртуал” қабулхонаку!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG