Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:17

БМТ суди Косово мустақиллигини қонуний деб топди


22 июл куни аксар косоволиклар БМТ суди қарорини байрам сифатида нишонлади.
22 июл куни аксар косоволиклар БМТ суди қарорини байрам сифатида нишонлади.

БМТнинг Ҳаагада жойлашган Халқаро адолат суди Косово ҳукуматининг ўлка мустақиллигини эълон қилиш тўғрисида 2008 йилги қарорини шу масалага таллуқли учта халқаро қонунга зид эмас¸ деб топди.


Халқаро адолат суди президенти Ҳисаши Овада Ҳаага шаҳрида 14 та ҳакам қабул қилган қарорни ўқиб эшиттирди.

- Косово қарори БМТнинг 1244-сонли резолюциясига зид эмас. Суд қарорига кўра, 2008 йилнинг 17 феврал куни эълон қилинган мустақиллик декларацияси халқаро қонун, 1244-сонли Хавфсизлик кенгаши резолюцияси ёки конституцион ҳужжатларга зид эмас. Демак ушбу декларациянинг қабул қилиниши халқаро ҳуқуқ нормаларини бузмаган, деди қарорни ўқиб эшиттирган Халқаро суд президенти Ҳисаши Овада.

Косово Бош вазири Ҳашим Тачи БМТ суди чиқарган қарорни “тарихий ғалаба” ва “бутун дунё учун энг яхши жавоб” дея атади.

Косово Ташқи ишлар вазири Скендер Ҳисени эса Ҳаагадаги суд биноси олдида Сербияга қарата, "Келинг ва биз билан мулоқот қилинг!" дея хитоб қилди.

Пойтахт Приштинада яшовчи косоволиклардан бири БМТ суди чиқарган қарорни олқишлади.

- Биз жуда хурсандмиз. Биз бошқа давлатлар ҳам Косово мустақиллигини тан олишига умид қиламиз, деди приштиналик албан.

Бироқ сербияликлар БМТ маҳкамасининг қароридан кескин норози.

- Бу фожиа. Бу даҳшат. Дунё ғалати томонга кетаяпти, дейди Сербия фуқароларидан бири.

Таҳлилчилар¸ БМТ судининг қарори бўлғинчилик кайфиятидаги бошқа гуруҳларга жиддий таъсир этиши мумкин¸ деган фикрда. Айни пайтда улар суд қароридан кейин Косова мустақиллигини бошқа давлатлар ҳам тан олади, демоқда.

22 июл куни АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон барча давлатлар¸ жумладан Сербияни ҳам¸ Косово мустақиллигини тан олишга чақирди.

Бироқ Сербия президенти Борис Тажич Белград БМТ судининг қарорини ҳеч қачон тан олмаслигини айтди.

Косово Ташқи ишлар вазири Скендер Ҳисени Сербия Косовога “суверен давлат” сифатида қараши кераклигини айтди. Ҳаага шаҳрида сўзлаган Ҳисени Белград ва Приштина расмийларини ҳамкорликка чақирди.

- Иккала давлат манфаатини кўзлаб, Европа ва НАТОга қўшилиш ниятида бирга ишлашдан бошқа муқобил йўл йўқ, деди Косово Ташқи ишлар вазири.

Европа иттифоқининг ташқи сиёсати бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон Приштина ва Белград ўртасида сўзлашув жараёнини йўлга қўйишда Брюссел ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.

БМТ суди қарорига муносабат билдирган Россия Ташқи ишлар вазирлиги "Бу қарор Косово мустақиллиги учун қонуний асос бўла олмайди"¸ дея баëнот берди.

Брюсселда НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен БМТ суди чиқарган қарор Косовога киритилган НАТОнинг 10 минг аскардан иборат тинчликпарвар кучлари фаолиятига таъсир этмаслигини билдирди.

Ҳозиргача Косово мустақиллигини 69 давлат, жумладан АҚШ ва Европа иттифоқининг барча аъзоси тан олган. Тўлиқ давлатчилик барпо этиш учун Косовони 100та мамлакат мустақил давлат сифатида тан олиши керак.
XS
SM
MD
LG