Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:35

Ўзбекистон ва Тожикистон ўзаро ҳаво транзити учун ҳақ жорий қилди


Ўзбекистон ҳаво ҳудудидан фойдаланганлик учун тўланадиган транзит ҳақи¸ Душанбе расмийсига кўра¸ тожик ҳаво йўллари ширкати учун кўп ҳам қимматга тушмайди.
Ўзбекистон ҳаво ҳудудидан фойдаланганлик учун тўланадиган транзит ҳақи¸ Душанбе расмийсига кўра¸ тожик ҳаво йўллари ширкати учун кўп ҳам қимматга тушмайди.

“Тожикаэронавигация” ширкати масъулига кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро ҳаво йўлагидан фойдаланишга оид 1993 йили имзоланган шартнома бекор қилиниб¸ ўрнига икки давлатнинг ўзаро ҳаво ҳудудидан фойдаланиш учун ҳақ тўлашини назарда тутадиган янги келишув кучга кирган.


“Тожикаэронавигация” ширкати раиси Анвар Мақсудовнинг 22 июл кунги журналистлар билан учрашуви¸ Ўзаэронавигация” ширкати мутахасислари томонидан ишланган янги шартнома кучга кирган 26 июндан бери ўтган қарийб бир ойлик вазият манзарасига бағишланди.

Жаноб Мақсудовнинг таъкидича¸ Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида имзоланган янги шартномага мувофиқ, иккала давлат ҳам ўз ҳудудидаги ҳаво йўлагидан мустақил фойдаланиш ва ундан фойдаланаётган давлатдан маълум миқдорда транзит пули талаб қилиш ҳаққига эга бўлди.

- Шу ҳужжат асосида ишлаяпмиз¸ бирор муаммо йўқ. Шуни ҳам айтиш лозимки, жорий йилнинг 26 июнигача мамлакатимиз шимолий қисмидаги 4500 метрдан ортиқ ҳаво йўлагимизни Ўзбекистон бошқарарди. Эндиликда бу ҳудуд бевосита бизнинг ихтиёримизга ўтди ва ўзимиз мустақил тарзда ҳаво йўлагини бошқармоқдамиз. Менимча бу бир тарихий воқеадир, дейди “Тожикаэронавигация” ширкати раиси Анвар Мақсудов журналистлар учун ўтказган матбуот анжуманида.

Расмийга кўра, 1993 йилда имзоланган шартномага мувофиқ, Тожикистон Европага парвозлар учун Ўзбекистоннинг жанубий ҳаво йўлагидан фойдаланган. Ўз навбатида, Тожикистон ўз шимолий ҳаво йўлагини Ўзбекистон учқичлари ихтиёрига берган. Аммо ҳар иккала томон ҳам ҳаво йўлакларидан текин фойдаланиб келган.

- Энди эса¸ Ўзбекистон ҳам, биз ҳам ҳаво йўлаги учун транзит пули тўлаб борамиз. Нархлар ҳар бир учқич вазнига қараб белгиланади. Масалан¸ бизнинг тарифимизга кўра, ТУ -154 учқичи транзити учун ҳар 100 километрга 65 АҚШ доллари тўланади, дер экан “Тожикаэронавигация” ширкати расмийси Мақсудов, Ўзбекистон томони эълон қилган транзит нархини ошкор қилмади.
Унинг айтишича, Ўзбекистоннинг тожик учқичлари фойдаланадиган ҳаво йўлаги узунлиги 50 километрни ташкил қилади ва бу ўзбек ҳаво ҳудудидан учиб ўтадиган тожик учқичлари учун кўп қимматга тушмайди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ҳаво йўлакларининг бир-бирлари учун пуллик бўлиши ҳақида хабарлар июн ойи бошларида пайдо бўлган эди.Ўшанда тожикистонликлар орасида Ўзбекистон томони тожикларга тегишли учқичлар йўлини тўсиши мумкинлиги ҳақида ваҳималар тарқалган эди.

- Бу ваҳималар асоссиз. Мана ишлаяпмиз, ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳозиргача бирорта самолётимизнинг йўли тўсилгани қайдга олинмади. Худо хохласа¸ келгусида ҳам бундай воқеа бўлмайди. Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан яхши ҳамкорликни давом эттирамиз, дея ишонч билдирди тожик расмийси Анвар Мақсудов.

Айни пайтда “Тожикаэронавигация” ширкати раиси Анвар Мақсудов ҳаво йўлакларининг пуллик бўлгани чипта нархларига ҳеч қандай таъсир қилмаслигини, аксинча бу Тожикистон иқтисодиёти учун яна бир янги даромад манбаи бўлишини таъкидлади.

“Тожикаэронавигация” ширкат расмийси “Ўзаэронавигация” ширкати билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилишига ишонч билдириб турган айни пайтда, “Тожикайр” давлат ширкати “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати Тошкент-Душанбе ҳаво қатновига оид шартномани бир ёқлама бекор қилганини билдирди.

Ширкат раиси Алимурод Маҳмадалиевнинг маълум қилишича, ўтган йил Ўзбекистон томонининг таклифи билан Тошкент – Душанбе ҳаво қатновини тиклаш борасидаги янги шартнома лойиҳаси ишланган экан.

- Шартнома лойиҳаси жуда қисқа муддатда ишлаб чиқилди. Ҳар икки томон ҳам икки ёқлама авиақатновлар тикланишига тайёр бўлиб турган бир пайтда, бизга номаълум сабаблар билан “Ўзбекистон ҳаво йўллари”ширкати¸ гарчи биз Ўзбекистон томонининг барча таклифу талабларига рози бўлган эсак-да, уни расман бекор қилди¸ дейди “Тожикэйр”ширкати раиси Маҳмадалиев.

90-йиллар бошига қадар Тошкент ва Душанбе ўртасида муттасил йўлга қўйилган ҳаво қатнови¸ мустақилликка эришилгач, бекор қилинди.Тожикистон ҳукуматининг Ўзбекистон билан ҳаво алоқаларини тиклашга уринишлари ҳозирга қадар самара бермай келаëтир.

“Тожикэйр» давлат ширкатининг собиқ раиси Ҳакимшо Тиллоев бу масалага сиёсий тус берган эди.

-Тошкент аэропортидан дунёдаги жуда кўплаб мамлакатларга авиарейслар қатнайди. Тожикистонликлар ва мамлакатимизга келиб кетадиган меҳмонлар ҳам Олмаота, Москва орқали эмас,балки Ўзбекистон орқали саëҳат қилиш имконига эга бўлади. Бироқ расмий Тошкент бизнинг Яқин Шарққа чиқиш режаларимизга ҳамон қаршилик қилмоқда, дея билдирган эди бир йил аввал “Тожикэйр” ширкати собиқ раиси Тиллоев.

Гарчи 2010 йил 23 июлига келиб икки ёқлама авиақатновни тиклаш истиқболи номаълум муддатга қоронғуликка кирган эса-да, «Тожикэйр»нинг янги масъуллари собиқ раис фикрларини қувватламайдилар.

Улар бундай қарор қабул қилишга ҳар қандай мустақил давлат, жумладан Ўзбекистон ҳам ҳақли эканини айтишмоқда.
XS
SM
MD
LG