Линклар

logo-print

Тошкентда ҳижобли аëлларни таъқиб қилиш давом этмоқда


Ўзбекистондаги маъмурий идоралар¸ ҳижобли хотин-қизлардан рўмолларини орқага қилиб ўрашни талаб қилмоқда.

Ўзбекистондаги маъмурий идоралар¸ ҳижобли хотин-қизлардан рўмолларини орқага қилиб ўрашни талаб қилмоқда.

Тошкентнинг Чорсу бозори маъмурияти савдогар аёллардан рўмолларни "ўзбекона" ўраш¸ уни орқасидан ўраб юришни талаб қилмоқда. Бундай талабдан норози савдогар аёлларга маъмурият иш жойини топшириб, бозорда савдо қилмасликни маслаҳат берган. Бундай босим остида¸ юмушсиз қолаëтган аëллар сонининг ошгани айтилмоқда.


Тошкентнинг машҳур бозорларидан бири “Чорсу” буюм бозорида савдо қилувчи аёлларнинг аксарияти диндор аёллар бўлиб, уларнинг барчаси ҳижобда юришади¸ дейди яқинларга қадар мазкур бозорда савдо қилиб келган тошкентлик аёл.

Ўз хавфсизлиги учун ҳадиксираганидан исмини айтмаслигимизни сўраган суҳбатдошимиз икки ҳафтадан буён рўмоли сабаб бозорда савдо қилишни тўхтатишга мажбур бўлган. Бозор раҳбарияти савдогар аёлдан бошидаги рўмолини томоғи тагидан тугмасликни талаб этган. Бозордаги савдо нуқтасини ижарага олган суҳбатдошимиз эса¸ рўмолни очиқ ўрагандан кўра, ишдан кетишни маъқул билган ва ҳозирда ишсиз - даромадсиз уйида ўтирибди.

- Арендачимиз келади бозор айланиб. Ичида назорат қилиб туради барибир нима гап¸ нима қилаяпти¸ деб. Ўша одамни кўриши билан рўмолини орқадан қилиб ўтирган аëллар ҳам у ëқ бу ëққа панага қочишга ҳаракат қилади. Бир хиллари олдидан ўраб ўтиради. Келиши билан орқасидан ўраб олади. Бу ерда ҳозир тирикчилик қилиб ўтирибди. Ҳамма нарсаси жойида. Масалан¸ пулини вақтида тўлаган¸ нимасига эътибор қилинган. Энди бошидаги рўмолигача келиб “ечасан” деб тўполон қилаяпти. Орқадан қилиб ўтириб ҳам хотиржам бўлиша олмаяпти. Посбонлар келаяпти¸ ана олиб чиқиб кетаяпти. Бир-иккита аëлларни таянч пунктига олиб чиқиб кетиб¸ рўмолини орқадан қилиб туширишди. Мажбур тушди¸ йиғлаб тушди. Ҳамма “эртага қамаб қўяди” деган қўрқув билан гапиришдан қўрқаяпти, дейди икки ҳафта бурун айни босимга чадай олмай Чорсу бозорида савдо қилишни тўхтатган суҳбатдошимиз.

“Чорсу” буюм бозорида савдо қилаётган тадбиркор Жаҳонгир Шосалимов бозорда савдо қилувчи аёлларнинг рўмоли билан олишув бир неча йилдан буён давом этаётганини айтади.

- Еч деганда ҳам¸ бир-икки киши келмайдида. Бир одамнинг олдига тахминан 10 киши бўлиб келади. Норозилик билдиришнинг мутлақо иложи йўқ, дейди Жаҳонгир Шосалимов.

“Чорсу” буюм бозори бошлиғини топиш илинжида кун давомида маъмуриятга қилган қўнғироқларимиз натижасиз қолди - ҳар гал гўшакни кўтарган котиба қиз бошлиқнинг аввалига тушликда экани, сўнгра эса¸ ҳокимиятга мажлисга кетганини билдирди.

Тошкентда фаолият юрғизаëтган ҳуқуқ фаоли ва журналист Абдураҳмон Ташанов ҳижобли савдогарларга нисбатан бундай босимлар нафақат “Чорсу” буюм бозори, балки бошқа бозорларда, шунингдек давлат ташкилотларида тинмаëтганини таъкидлади. Ҳуқуқ фаоли бозорлар маъмурияти ва ҳуқуқ идоралари бундай босимни Ўзбекистонда жамоат жойларида¸ корхона ва муассасаларда диний либосда юришни тақиқлаш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида амалга оширмоқда¸ деган ишончда.

-Ўша қарорда энг кам иш ҳақининг бир баробаридан 10 баробаригача¸ такрорланса жарима ëки 15 суткагача қамоқ¸ деган моддалар киритилган эди. Бу адашмасам, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 210-моддаси. Бу кодексдан кўчирилган цитатани Тошкент шаҳар ҳокимлиги маъмурияти бозор жойларига¸ ҳамма жойларга ўтган йил осиб ташлашган эди. Жамоатчиликда кескин норозилик ифодаси пайдо бўлгандан кейин бу қоғозлар секин йиғиштириб олинди. Шунга кўра ҳозир Тошкентда ва мамлакатнинг бошқа жойларида диний либосда юрган¸ айниқса аëллар ҳижобда юрган бўлса¸ уларни овлаш бошланди¸ деб бемалол айтиш мумкин, деди ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов.

Ташанов шахсан ўзи бундай “ов” ларнинг гувоҳи бўлганлиги, участка нозирларининг хоналарида муслима аёлларнинг ҳижоблари ечилганлик ҳолатини кўрганини айтади.

- Ундан кейин уларга жарима¸ яъни биринчи марта бўлган пайтда энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида 40 минг сўм жарима қўлланилиб кейинги ҳолатлар бўлса ўша жазони кучайтириш масалалари кўрилган. Лекин шу пайтгача биз 15 суткага қамалган одамларни кузатганимиз йўқ, деди ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан бўлаётган ҳаракатлар Ўзбекистон Конституцияси томонидан белгиланган диний эркинликни чегаралаётганини қайд этади.

Ўзбекистонда участка нозирлари, маҳалла қўмитаси ҳамда хотин-қизлар қўмиталари томонидан ҳижоб ўзбекларнинг миллий либоси бўлмагани боис, уни ечишга чақириқлар бўлмоқда. Чунончи¸ Озодлик суҳбатдошларидан бири бу ҳақда диний уламолар томонидан фатво ҳам берилганини айтади.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фатво бўлими раҳбари шайх Абдулазиз Мансур диний либос ҳақида хеч қандай фатво берилмаганини айтиб ўтди. Мусулмон аёлларнинг либоси тўғрисида шайх Абдулазиз Мансур қуйидагича фикр билдирди:

- Қуръони Каримда ҳам шундай оят бор - Нур сурасининг 31-оятида Оллоҳ таоло айтадики¸ “Бошларингиздаги рўмолингиз билан кўкрагингизни ҳам тўсиб олинг” деган маънода оят бор. Шу оятнинг шарҳида ўша пайтдаги араб аëллари бошида рўмол бўлса ҳам кўкраклари очиқ юрган экан. Кўкраги кенг бўлиб аврат жойлари кўринганлиги учун ўша рўмолларингизни фақат бошингизда эмас кўкрагингизни ҳам ëпиб олинг деган оят бор. Бу деган сўз¸ кўкракни ëпиш¸ албатта¸ бошдаги рўмол билан бўлиши шарт эмас. Кўйлак билан¸ эркакларнинг кўйлагига ўхшаган нима билан ҳам кўкракни томоққача ëпиш мумкин. Шунинг учун рўмолини бошидан олиб келиб пастга тушириб¸ қулоғини ҳам ëпиб туриб орқага ўраса ва томоқ томони кўйлак билан ëпилса¸ мана шу ҳам ҳижобга ҳам ўтаверади¸ миллий кийимга ҳам ўтаверади. Шариатимизда “ëпилсин¸ ëпиб юрсин” деган жойини ëпган бўлади. Аëл киши аврат жойларини ëпиб юриши буюрилган, деди Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими бошлиғи шайх Абдулазиз Мансур.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG